Келажак ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

20.11.2017, 12:04

Келажак ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

Ҳозирги даврда жаҳон миқёсида шиддат билан кечаётган глобаллашув жараёнлари ҳар бир минтақа ва мамлакатлар олдига жуда кўплаб долзарб масалалар ечишни кун тартибига қўймоқда. Ўз ечимини кутаётган ушбу масалалар ҳар бир давлатдан албатта ташаббускорликни, ўзаро ҳамкорликни ва фаолликни талаб этмоқда.

Мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихидаги ташқи сиёсати айнан шу тамойиллар асосида изчил амалга оширилаётганлигини кўришимиз мумкин.

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашида тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Ватанимиз фаол ташқи сиёсатининг ёрқин намунаси бўлди.  

Албатта, ушбу нуфузли халқаро анжуманда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар  мамлакатимиз тинчликсевар ташқи сиёсатининг жаҳон ҳамжамияти олдидаги намойиши бўлди. Мазкур анжуманда Юртбошимизнинг “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир”-деган фикрлари мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор мақсадларидан бирини баён этибгина қолмай, минтақамизнинг халқаро майдондаги ўрни ва ролини янада оширишга қаратилган муҳим даъват бўлди.

Куни-кеча Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзлаган нутқини мустақил Ўзбекистон олиб бораётган фаол ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми деб ҳисоблаш мумкин.

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, минтақамиз учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган мавзудаги халқаро анжуманни мамлакатимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилиши ҳамда ушбу анжуманда нуфузли халқаро ташкилотлар ва етакчи давлатлардан 500 дан зиёд таниқли сиёсатчилар, олимлар ва экспертларнинг иштирок этиши Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг жаҳон миқёсидаги ўрни ва ролининг янада ошиб бораётганлигини кўрсатди.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида аввало минтақамиз келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган саволни анжуман иштирокчилари олдига қўйди. Бу қудратли давлатларнинг манфаатлари кесишаётган, беқарорлик ва қарама-қаршилик ўчоқларига туташ бўлган ушбу  минтақада вазият қандай ривожланади? Бу ерда қандай куч устун келади – низо ва қарама-қаршиликларми ёки ҳамкорлик ва тараққиётми? 

Ушбу қўйилган масалага Президентимиз қатъий ишонч билан “амалий ҳамкорликка тайёрлик ва унга астойдил интилиш, барча Марказий Осиё мамлакатларининг умумий келажак учун масъулиятни ҳис этиши минтақанинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигининг мустаҳкам пойдевори ва кафолатидир” деб таъкидлаб ўтди.

Маърузада алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, бизнинг бош мақсадимиз – умумий саъй-ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат. Албатта ушбу мақсадга эришиш учун минтақадаги барча давлатлар турли низоларни қўзғайдиган ва унга кўмаклашадиган сабаб ва омилларга биргаликда барҳам бермоғи, умумминтақавий устувор манфаатларни инобатга олиш асосида миллий ривожланишни таъминламоғи зарур. Бунинг учун давлатларимиз айнан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ўз салоҳиятини янада самарали амалга оширишга қаратилган изчил қадамлар ташлаши зарур.

Мазкур халқаро конференция доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон томонидан Давлат чегараларининг туташган нуқтаси ҳудуди ҳақидаги шартноманинг имзоланиши анжуманнинг амалий аҳамиятини янада ошириб, Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлида ташланган муҳим қадам бўлди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Марказий Осиё минтақасининг келажагини таъминлаш учун бажариш муҳим ва зарур бўлган бир қатор устувор вазифалар ва амалий ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда кооперацияни мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш.

Минтақавий иқтисодий форумни ташкил этиш, Марказий Осиё давлатлари-нинг ҳудудлар раҳбарлари (ҳокимлари) бизнес ҳамжамиятининг ассоциациясини таъсис этиш каби ташаббуслар бу йўналишдаги амалий қадам бўлиши шубҳасиздир.

Шунингдек, Президентимиз томонидан минтақанинг транзит -логистика салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ва транспорт инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлаш минтақа давлатлари олдида турган устувор вазифа сифатида илгари сурилди. Шу муносабат билан Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича умумминтақавий дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тўғрисидаги ташаббус ҳамда 2018 йилда Тошкентда “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар” мавзусида  халқаро конференция ўтказиш тўғрисидаги таклифлар минтақамиз иқтисодиётини барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилади.

Ушбу анжуманда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган устувор вазифалардан яна бири бу – Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдир. Бунинг учун БМТ, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар механизмлари доирасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир махсус резолюция қабул қилиш ҳақида” мурожаат қабул қилиш тўғрисидаги Президентимиз таклифи халқаро конференция иштирокчилари томонидан тўла қўллаб қувватланди. 

Ишончимиз комилки,  Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган мазкур халқаро анжуман Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга, минтақадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан амалий мулоқотни мустаҳкамлашга ҳамда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва ролини янада кучайтиришга хизмат қилади. 

Ойбек ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

  • Кўрилди
    1031
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+