Очиқлик, ишонч ва муштарак мақсадлар

05.03.2022, 15:00

Очиқлик, ишонч ва муштарак мақсадлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига амалга оширган ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли иқтисодий хамкорликни изчил ривожлантириш, халқларимиз ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустахкамлаш учун янги даврни очиб берди.

Бугунги халқаро миқёсда таҳликали деб баҳоланаётган бир вақтда, турли давлатлар ўртасида томонларнинг эзгу мақсадларини акс эттирувчи, уларнинг стратегик манфаатларидан келиб чиқадиган шерикчиликни йўлга қўйиш, эътироф этилган умуминсоний қадриятлар асосида халқларни бирлаштирувчи алоқаларни ривожлантириш умумжаҳон миқёсида катта аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги арафасида амалга оширилган давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи нафақат икки мамлакат ўртасидаги тобора кенгайиб бораётган ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва ҳал этиш, балки Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида мустаҳкам ва изчил шерикчилик алоқаларини ўрнатиш, савдо-сотиқ, инвестиция, транспорт ва коммуникацияларни ривожлантиришдаги мавжуд муаммоларини бартараф этишга ҳам каратилди.

Покистон Жанубий Осиёдаги иқтисодий жиҳатдан мустақил, бир қатор муҳим кўрсатгичлар бўйича жадал ўсиб бораётган йирик давлатлардан биридир. Ушбу давлатда сўнгги йилларда иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий соҳаларнинг кўплаб йўналишларда муҳим ислоҳатлар, йирик инвестиция дастурларининг муваффақиятли амалга оширилиши унинг миллий иқтисодиётида жиддий ўсиш ва муҳим натижаларга эришишни таъминлаб берди.

Мен Покистонга 2008 ва 2021 йилларда ташриф буюриб, ушбу давлатда 13 йиллик даврда миллий иқтисодиётида амалга оширилган ислоҳотларнинг турли соҳаларда берган катта натижаларини ўргандим. Покистонда бир қатор ривожланган мамлакатлар томонидан ҳам ижобий баҳоланган ва ривожланаётган мамлакатлар учун намуна бўлиши мумкин бўлган миллий дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилган. Бунинг натижасида тўқимачилик, чарм-пойафзал, тиббиёт ва фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, энергетика ва янги технологик материаллар соҳалари мамлакатда жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда.

Бундай ислоҳотларни амалга оширишда Покистон илмий-технологик доиралари, университет ва илмий тадқиқот марказлари ўзларининг илмий-техникавий ва инновацион ишланмалари билан фаол қатнашган. Илм-фан ва илғор технологияларни ривожлантириш ва уларни миллий иқтисодиётда амалиётга ҳар томонлама жорий этиш бўйича катта ютуқларга эришилган.

Бу ўз навбатида, мамлакат иқтисодиётини замонавий технологиялар асосида модернизациялаш, ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш имконини берди. Покистон жойлашган минтақадаги таҳдидли геосиёсий ҳолат ҳисобга олинса, мамлакатни ривожлантиришнинг давлат сиёсатидаги бундай ёндашувнинг сабаблари ойдинлашади.

Ўтган йили июнь ойида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти давлатлари Парламентлари Ассамблеясининг II Бош Конференциясида иштирок этиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари қаторида Покистонга ташриф буюрдим. Покистон, Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари аъзо бўлган ушбу халқаро ташкилот Марказий ва Жанубий Осиё ҳудудида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик дастурлари ва лойиҳаларини амалга оширишни мақсад қилиб қўйган. Ушбу ҳамкорлик ишлари аъзо давлатларнинг ҳукуматлари доирасида ҳам, парламентлари ўртасида ҳам фаол олиб борилмоқда.

Ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳамкорлиги, асосан, иқтисодий-гуманитар йўналишларни қамраб олади. Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот фаолияти доирасида шерикчилик алоқаларини кенгайтириш ташаббуси, хусусан Покистон билан ҳамкорликда амалга оширилиши кўзланган ишлар, асосан, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт ва логистика тизимини кенгайтириш ва ва янги йўналишларини очиш, тўқимачилик, чарм-пойафзал саноати, фармацевтика соҳасини қамраб олади. Бу борадаги Покистон тажрибасидан мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни жадал ва изчиллик билан амалга оширишда фойдаланиши мумкин.

Конференция иштирокчилари ва Покистонлик экспертлар эътиборига биз томонимиздан ҳавола этилган Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тўғрисидаги тақдимнома катта қизиқиш билан кутиб олинди. Ислом цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган буюк алломаларимиз билан боғлиқ қадамжоларга ташриф буюриш, қадимий Самарқанд, Бухоро, Урганч ва юртимизнинг бошқа шаҳарларидаги тарихий обидаларни бориб кўриш имконияти конференция иштирокчилари ва Покистон туризм тизими вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, бунда унинг турли шаклларидан кенг фойдаланиш, хусусан зиёрат туризмини ҳар томонлама кенгайтириш бўйича мутахассислар томонидан кўплаб саволлар ва таклифлар берилди.

Покистон билан таълим соҳасида, айниқса олий таълим бўйича ҳамкорлик қилиш катта истиқболга эга. Шунингдек, табиий ва аниқ фанлар бўйича икки ва кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, ушбу соҳада шерикчилик асосида қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги қирраларини очади.

Президентимизнинг Покистонга ташрифи давомида юқорида кўрсатилган йўналишларда мамлакатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор масалалар бўйича тегишли битимлар имзоланиши, хусусан ўзаро алмашувни жадаллаштиришни таъминловчи йирик шаҳарлар ўртасида авиақатновнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон–Покистон муносабатларини, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириб, уни янги, юксак даражага олиб чиқади, дейишга етарли асос бор.

Эркин ЗОҲИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    292
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+