Афғонистондаги тинчлик ва тараққиёт Марказий Осиёнинг барқарорлиги кафолатидир

28.07.2022, 09:32

Афғонистондаги тинчлик ва тараққиёт Марказий Осиёнинг барқарорлиги кафолатидир

Шавкат Мирзиёев давлатимиз раҳбари сифатида иш бошлаган илк кунларданоқ  барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратган эди. Кейинги йилларда, хусусан, Афғонистонга нисбатан ҳам  оқилона сиёсат изчил давом эттириляпти.

Ўзбекистон кўп йиллардан бери афғон халқига ҳар томонлама беғараз ёрдам беряпти. Мамлакатимизнинг бу ўлкада тинчлик, тотувлик, тараққиётга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини Президентимиз ташаббуси билан Тошкентда ўтказилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференция иштирокчилари яна бир карра эътироф этдилар.

Мазкур халқаро конференцияда 20 дан ортиқ мамлакатдан 100 дан ортиқ делегация, БМТ, Европа Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва  бошқалар қатнашмоқда. Афғонистон делегацияси ташқи ишлар вазири в.б. Амирхон Муттақий бошчилигида иштирок этяпти.

Давлатимиз раҳбари анжуман иштирокчиларига мурожаат йўллади.

 Унда, жумладан, “Амударёнинг нариги соҳилида тинчлик бўлмаса Ўзбекистонда ҳам, бутун Марказий Осиё минтақасида ҳам хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди”, дейилади. Дарҳақиқат, шундай. “Қўшнинг тинч – сен тинч” дейди халқимиз. Хайрли интилишлар рўёбга чиқишининг бирламчи шарти тинчлик, осойишталикдир.

Мурожаатда Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келиши муқаррар, шу боис бунга йўл қўймаслик муҳимдир. Гап миллионлаб инсонларнинг тақдири ҳақида бормоқда, деган фикр ҳам тилга олинади.  Ҳақиқатан ҳам Афғонистон минтақавий ҳамкорлик ҳамда жаҳон ҳамжамияти алоқаларида ғоят фаол қатнаша олади. Бунинг учун унга кўмак бериш, бу йўналишда тизимли иш олиб бориш керак.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишлари олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирди. Президентимиз “Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш вазифаси бизнинг умумий устувор йўналишимизга айланиши керак, бу жафокаш афғон заминида мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг муҳим шарти ҳисобланади” деб таъкидлади.

Конференция қатнашчилари мамлакатимиз раҳбарининг мазкур таклифлари ғоят чуқур мазмунга эгалигини қайд этиб, уларни қўллаб-қувватладилар.

Шу ўринда айтиб ўтишни истардикки, давлатимизнинг Афғонистон борасида тутган йўли, саъй-ҳаракатлари партиямиз сайловолди дастуридаги  самарали, ўзаро манфаатли, конструктив ва прагматик ташқи сиёсат йўналишида белгиланган вазифаларга уйғундир. Хусусан, ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимиз аввало халқимиз, Ватанимиз манфаатлари ҳар томонлама ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилмоқда. Бинобарин, ЎзЛиДеП мамлакатимизнинг бу борада олиб бораётган ишларини тўла қўллаб-қувватлайди ва шунга ҳамоҳанг тарзда иш юритади. 

Ишончимиз комилки, ушбу халқаро конференция қўшни мамлакат билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш,  Амударёнинг икки қирғоғида ҳамжиҳатлик билан яшаб келган халқларни бир-бирига янада яқинлаштириш, савдо алоқаларини ривожлантириш, илм-фан соҳасидаги ютуқлар билан ўртоқлашишга шароит яратиш, халқаро террористик ташкилотлар Афғонистонни ўзининг доимий маконига айлантириб олишига йўл қўймаслик сингари мақсадларга эришилишига сезиларли туртки беради.

Дилшод Шоумаров,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

  • Кўрилди
    249
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+