Хорижий инвестициялар воҳа иқтисодига ижобий таъсир кўрсатди

20.05.2022, 17:25

Хорижий инвестициялар воҳа иқтисодига ижобий таъсир кўрсатди

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан хорижий инвесторлар учун яратиб берилган имкониятлар, хорижий мамлакатлар билан олиб борилаётган дўстона сиёсатлари натижасида хорижий инвесторларнинг Сурхондарё вилоятига қизиқиши кескин ошиб бормоқда.

Берилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда вилоят делегациясининг хориж мамлакатларга ташрифлари амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Афғонистон каби давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари кундан-кунга яхшиланиб, муҳим натижаларга эришилмоқда. Мисол учун, 2017 йилда вилоятга бор-йўғи 18,5млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилган бўлса, 2021 йил якуни билан мазкур кўрсаткич 243,7 млн. долларга ёки 2017 йилга нисбатан 13 баробарга ортди.

Яна бир рақам, 2017 йилда вилоятда 60та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 599тага етди. Бугунги кунда вилоятнинг АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон каби 27та йирик мамлакатлар билан инвестиция соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилишига эришилди.

Эндиликда 2022-2026 йилларда инвестиция дастури доирасида вилоятда яна 68,7 трлн. сўмлик 4 837 та лойиҳалари амалга оширилиб 127,8 мингта янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Шу ва 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 24-, 26- ва 28-мақсадлари яъни иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, мамлакатимизнинг инвестиция муҳитини янада яхшилаш, экспорт салоҳиятини ошириш йўналишлари бўйича Сурхондарё вилоятида амалга оширилган ишлар ҳақида Халқ депутатлари O`zLiDeP Кенгаши депутатлик гуруҳининг эшитувида вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг ҳисоботи тингланди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Дониёр Ғаниев, Жавлонбек Эргашевлар, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимлари, шунингдек, партия вилоят ва Термиз шаҳар Кенгашлари депутатлари, Сурхондарё вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасининг масъул ходимлари, ОАВ вакиллари ва партия фаоллари иштирок этишди.

Эшитувда сўзга чиққан вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари Самандар Худайбердиев воҳадаги амалга оширилган инвестицион лойиҳалар ва келгусидаги режалар хусусида ҳисобот берди.

Бундан ташқари, йиғилишда энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу бўйича мамлакатда жорий қилинган имтиёзлар санаб ўтилди ва воҳанинг энергия ишлаб чиқариш имкониятлари таҳлил қилинди.

Йиғилиш давомида депутатлар кўтарилган мавзулар юзасидан бугунги кунда долзарб бўлиб турган масалаларни ҳал этишга доир саволларни ўртага ташлашди. Таҳлиллар, таклифлар ўзаро муҳокама қилинди.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилояти кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    547
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+