Фақат илму меҳнат билан енгиш мумкин

17.02.2023, 10:32

Фақат илму меҳнат билан енгиш мумкин

Жамиятнинг ёзилган ва ёзилмаган қоидалари бор. Уларнинг иккаласига амал қилиш фақат наф келтиради. Ҳар қалай шу пайтгача кимгадир зиён-заҳмат етиб, бундан биров азоб чекканини эслай олмайман. Боиси, қонунга итоаткорликда ҳикмат кўп. Пухта режалар асосида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши натижадорликнинг дастлабки калити экани бугун кўпчиликка аён. Муҳими, айни ҳақиқат замон ва макон ҳам, соҳа ва тармоқ ҳам танламайди.

Ижтимоий-иқтисодий ҳаёт ва унинг турли соҳаларини дарахт ҳамда унинг шохларига менгзаш мумкин. Тармоқларни эса бирлашиб дарёга айланадиган ирмоқларга қиёслагим келади. Қизиғи шундаки, тиниб туролмайдиган жилғалар катта ўзанларга туташиб ташиган обиҳаёт туфайли ниҳоллар улкан дарахтга айланади. Одамлар унинг соясию мевасидан баҳраманд бўлади.

Энди ўйлаб кўринг: сиёсий кучларнинг ҳудудий бўлинмалари дарё ирмоғими ёки дарахт шохи? Фуқаролик жамиятида партияларнинг тутган ўрни, ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашдаги таъсири нуқтаи назаридан юқоридаги ўхшатмаларни ўзаро уйғунлаштириш талаб этилади, назаримда. Чунки сиёсий партиялар наинки қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларни шакллантиришда бевосита қатнашади, балки улар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ҳам ноёб тузилма ҳисобланади.

O‘zLiDeP Фарғона вилояти кенгаши томонидан якунига етган йилдаги ишлар сарҳисоби ва галдаги йил учун долзарб вазифаларни белгилаб олишда биз юқоридаги қатъий тамойилларга таянамиз. Партиянинг устувор мақсадларига эришишда қўл келадиган инновацион ёндашув ва ёшларнинг замонавий қарашларига кўпроқ вақт ажратамиз. Навқирон авлодга ҳар қандай қийинчилик, муаммоларни фақат илм ва заҳматли меҳнат билан енгиб ўтиш мумкинлигини жонли мисоллар орқали тушунтирамиз.

Вилоят партия кенгашининг бу сафарги йиғилишида, аввало, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 2 февраль куни Фарғона вилоятига ташрифи якунлари бўйича белгиланган вазифалар ва уларни бажаришда партиямиз иштирокига оид масалалар атрофлича таҳлил қилинди. Кун тартибининг кейинги поғоналаридан ўрин олган Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси, шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”ни жорий йилда амалга ошириладиган юмушлар айнан ташриф пайтида берилган топшириқлар билан уйғун ҳолатда кўриб чиқилгани айни муддао бўлди.

O‘zLiDeP томонидан ижтимоий-иқтисодий ва ҳудудий тузилмалари эътиборга олинган ҳолда Фарғона вилоятининг 19 та туман (шаҳар)ларининг партиявий ишлари алоҳида белгилаб олинди. Режага киритилган вазифаларни ўз ичига олган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури лойиҳасининг устувор йўналишлари муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Олдимизга қўйилган мақсадларга етишда белгилаб берилган вазифаларнинг ҳудудлардаги ижроси устидан самарали депутатлик назоратини ўрнатиш, хусусан, таълим сифатини яхшилаш, хусусий мактаблар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилишга кўмаклашиш, эркин иқтисодий зоналар, кичик саноат ва ёшлар саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш, тадбиркорлар муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишнинг долзарб жиҳатлари муҳокама марказида бўлди.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қандай амалга оширилаётгани юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш каби бир қатор аниқ манзилли ишлар самарадорлигига эришиш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади.

Фарғона ва Қўқон шаҳарларида фаолият юритаётган йирик корхоналарда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни тарғиб этиш бўйича депутатлик назоратини мунтазам ўтказиб бориш бугунги кун талабидир. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Қува туманида 2023 йилда деҳқон хўжаликлари ташкил қилишда ажратилиши кўзда тутилган 100 минг гектар ер майдонларининг “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор  талаблари асосида амалга оширилиши устидан жамоатчилик назорати олиб бориш, Олтиариқ туманида тижорат банклари томонидан кластерлар ва фермерларга пахта етиштиришга ўғит, уруғ, ёқилғи учун имтиёзли кредитларнинг ўз вақтида ажратилиши юзасидан депутатлик назорати ўрнатиш, мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини кўриб чиқиш, Учкўприк туманида тўқимачиликни йўлга қўйиш, қўшимча иш ўринлари яратилишида иштирок этиш, Марғилон шаҳри ва Сўх, Ёзёвон туманларида имтиёзли кредитларнинг берилишини назоратга олиш, Тошлоқ туманида касб-ҳунарга ўқитилган аёлларга меҳнат қуроллари учун ажратилаётган субсидияларни депутатлар томонидан ўрганиш, Риштон туманида аёлларни томорқачиликка йўналтириш, Данғара ва Бағдод туманида “Ёшлар дафтари”да турувчилар билан маҳаллалар кесимида ишсизларни бириктириш чоралари бўйича партиявий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, юртбошимизнинг Фарғонага ташрифи давомида берган топшириқларидан келиб чиқиб, бир қатор устувор вазифаларни белгилаб олдик. Яъни, мулкдорлар синфини янада кенгайтириш орқали аҳолини иш билан таъминлаш жараёнининг узлуксиз ва мустаҳкам занжирга айланишига эришиш асосий мақсадимиздир.

Раҳматилло КАМОЛОВ,

O‘zLiDeP Фарғона вилоят кенгаши раиси

  • Кўрилди
    344
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+