Халқаро инвестиция форуми амалий ҳамкорликни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқади

03.05.2024, 09:32

Халқаро инвестиция форуми амалий ҳамкорликни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқади

Мамлакатимизда 2-3 май кунлари Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Халқаро конгресс марказида Форум ялпи мажлиси очилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Таъкидланганидек, ўтган уч йил дамомида мазкур форум икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илғор ғоя ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун самарали мулоқот майдонига айланди.

Бугунги тадбирда 93 та давлатдан 2 500 дан ортиқ хорижий меҳмонлар келгани ҳам форумнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганидан яққол тасдиқлайди. Бу ўз навбатида, мамлакатимизда ортга қайтмайдиган тус олган ислоҳотларга, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг йўлга қўйишга бўлган улкан қизиқишдан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун қатъий қадамлар ташланганини қайд этди. Ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди.

Ўтган йилнинг ўзида хорижий инвестициялар ҳажми қарийб икки баробар кўпайди. Энергетика,  тоғ-кон ва металлургияда, автомобилсозлик ва электротехника, қурилиш соҳасида дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда йирик брендлари билан 300 дан ортиқ инвестиция ва саноат лойиҳалари ишга туширилгани ва юз минглаб янги иш ўринлари яратилгани катта мамнуният билан таъкидланди.

Президентимиз мамлакатимизда тадбиркорлик ва бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор аниқ чоралар ишлаб чиқилганлигига алоҳида урғу бериб ўтдилар. Эндиликда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан уч йил муддатга озод этилади.

Яқинда хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. 250 та йирик корхонанинг давлат улушини ва салкам 1000 та кўчмас мулк объектларини сотиш, 12 та корхона акцияларини фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) учун янги дастур ҳам ишга туширилди.

Тадбиркорлар барқарорлиги рейтинги жорий этилди. Юқори рейтингга эга тадбиркорлик субъектлари учун солиқ текширувлари ўтказилмайди. Шунингдек, энергетика йўналишидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасини ижтимоий ва бошқа инфратузилма соҳаларида ҳам кенг татбиқ этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари тадбиркорларга ер ажратишнинг замонавий шаффоф тамойиллари – яъни, аукцион савдо тизими йўлга қўйилди. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида қонунчиликни уйғунлаштиришга қаратилган 60 дан ортиқ норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Яна бир муҳим масала, давлат бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олди. Бу тамойиллар ўтган йили умумхалқ референдумида қабул қилинган янги Конституциямизда қатъий муҳрлаб қўйилганини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.

Давлатимиз раҳбари форумда сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида қатор аниқ таклифларни билдирар экан, янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши, тез орада мамлакатимизда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлаши, саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб қилиш амалиёти кенгайтирилиши, энг муҳими махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилиниши таъкидлади.

Айниқса, хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни, икки баробар узайтирилиши, бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолиниши ҳам инвесторларимизни давлатимизга бўлган ишончини янада орттиради.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, инвестиция соҳасини янада ривожлантириш партиямиз ғоя ва мақсадларидан бири бўлиб, партиямиз ва фракциямиз ушбу йўналишда амалга оширилаётган барча ислоҳотларда фаол иштирокчиси бўлди. Янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун қабул қилинишида ҳам партия ва фракциямизнинг муносиб фаоллиги бўлади.

Давлатимиз раҳбари форумда иқтисодиётда чуқур трансформация жараёнлари, қулай инвестиция ва бизнес муҳити ҳамда саноатда юқори қўшилган қийматни яратиш изчил давом эттирилишини таъкидлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бешта муҳим устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, “яшил” энергетика, банк-молия соҳаси, фойдали қазилмалар, мамлакатнинг IT трансформацияси ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Партиямиз, давлатимиз раҳбари қайд этган, бешта устувор йўналишдаги вазифаларни амалга ошириш борасида ҳам фаол иш олиб боради. Бу борада ўнинг узоқ муддатли аниқ чора-тадбирлар режасини белгилаб олади.

Умуман олганда, халқаро инвестиция форуми ва сермаҳсул музокаралар амалий ҳамкорликни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқади.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    242
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+