Юксак даражадаги стратегик ҳамкорлик

10.06.2024, 11:06

Юксак даражадаги стратегик ҳамкорлик

Дунёдаги етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан стратегик шериклик ва ҳамкорликнинг мувозанатли тизимини шакллантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим устувор йўналишидир.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирганимизда, албатта, кўп асрлик тарих, икки мамлакат ва халқларнинг тарихий, тил, маданий ва этник яқинлиги ҳақида сўз боради. Бугунги кунда  бу яқинлик Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигига, икки туркий давлат ўртасидаги кенг кўламли стратегик шерикликка ҳамда ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга замин яратди. 

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Эрдоған ўртасидаги чинакам дўстлик ва ишончли муносабатлар Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик муносабаатларини чуқурлаштиришда  ҳал қилувчи аҳамиятга эга  эканини алоҳида таъкидлаймиз. Бу савдо-иқтисодий йўналишдаги  ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда икки мамлакат етакчи корхоналари ўртасидаги кооперацияни кенгайтиришда муҳим қадамларни қўйиш имконини берди.

Хусусан, 6 йил ичида  мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айрибошлаш ҳажми икки бараварга ошиб, 2023 йилда 1,5 млрд. доллардан 3,1 млрд. долларга етди. 2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг Туркияга экспорт ҳажми 1,25 млрд. долларни ташкил этди. Асосий экспорт товарлари рангли металлар, тўқимачилик ва кимё маҳсулотлари ҳисобланади. Туркия Ўзбекистонга машина ва ускуналар, кимё маҳсулотлари, турли саноат товарларини етказиб беради. 2024 йил бошидан буён  Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ташқи савдо ҳажми 920 млн. долларни ташкил этди. Ўзбекистоннинг жорий йилнинг 4 ойида Туркияга экспорти ҳажми 378 млн. долларга етди. Шундай қилиб, бугунги кунда Туркия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари орасида тўртинчи ўринни эгаллайди.

Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони 2 баробарга, Ўзбекистон иқтисодиётига турк инвестициялари ҳажми 2,5 баробарга ошди. Икки давлатнинг йирик шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 та парвоз амалга оширилмоқда, Туркиядан келаётган туристлар оқими 3 баробарга кўпайди.

Бироқ, бизнингча, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги даражаси  ҳали ҳам уларнинг имкониятларига мос келмайди, чунки ўзаро савдони янада ривожлантириш, хусусан Туркия орқали минтақадан ташқари бозорларда экспорт ҳажмини ошириш бўйича катта салоҳият мавжуд. Шу боис, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш мамлакатлар ўртасидаги сиёсий мулоқот ва стратегик  ҳамкорлик шароитида юз бермоқда. Бу иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро товар айирбошлаш  ҳажмини оширишга ёрдам бермоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Унда Ўзбекистон ва Туркия етакчилари олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилишини ўтказдилар. Стратегик ҳамкорлик кенгашининг ташкил этилиши бизнингча, Ўзбекистон-Туркия муносабатлари тарихида янги саҳифа очди ва шерикликнинг барча соҳаларида янада ривожланишга кучли суръат бағишлади.

Анқарада бўлиб ўтган музокаралар давомида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, кўп қиррали ҳамкорликни, аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар жадал ривожланмоқда, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик фаоллашгани қайд этилди.

Хусусан, Ўзбекистонда “Cengiz Holding”, “Aksa Energy”, “Çalık Holding”, “Akay Inşaat”, “Anadolu Group”, “Özgüven”, “Eczacıbaşı Holding” каби етакчи турк компаниялари томонидан 100 дан ортиқ лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу галги ташриф доирасида 10 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилди.

Ҳамкорликнинг барча йўналишларини чуқурлаштиришга қаратилган декларацияни қабул қилиниши ва икки давлат раҳбарлари бошчилигида Ўзбекистон-Туркия Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилиши муҳим натижалардан бири бўлди. 

Бизнес форум ва ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш бўйича  ўрнатилган  амалиёт ҳам бунга ёрдам бермоқда.  Ушбу  тадбирлар натижасида қишлоқ хўжалиги, қурилиш, энергетика, соғлиқни сақлаш, геология, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, заргарлик, тўқимачилик ва чарм саноати соҳаларида кўплаб икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Давлатимиз раҳбари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб, энг аввало, инвестициявий шериклик ва саноат кооперациясини кенгайтиришни таклиф этди. Ўзбекистон-Туркия саноат кластерини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. Ушбу саноат зонаси икки мамлакат ўртасида амалий ҳамкорликнинг локомотивига айланади.

Давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу асосда 3 миллиард долларлик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Бизнингча, буларнинг барчаси ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, янги ўсиш нуқталари ва махсус саноат кластерларини яратиш бўйича тизимли ишларнинг  бошланишидир.

Шунингдек, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида божхона тарифларини пасайтириш зарурлигини ҳам таъкидлаймиз. Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари Туркиянинг илғор тажрибасини жорий этиш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда соҳани рақамлаштиришдан манфаатдор эканини алоҳида таъкидлаймиз.

Актам ХАИТОВ,

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    186
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+