Қўзиқориндан ҳам мўмай даромад топса бўлади

27.06.2024, 17:50

Қўзиқориндан ҳам мўмай даромад топса бўлади

Худди шундай! “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг Пахтакор туманидаги   маҳаллалар саралаш босқичи иштирокчиси оқбулоқлик Мақсуда Дувланованинг фаолияти буни тасдиқлайди.

Мақсудахоннинг таъкидлашича, у дастлаб соҳанинг сир-асрорларини, бозорни яхшилаб ўрганиб чиқди. Сўнгра 33 миллион сўм кредит олдию оила аъзолари билан ишни бошлади-қўйди!

Чўлда қўзиқоринчилик янгилик эмасми, дастлаб қийинчиликлар кўп бўлди. Бироқ астойдил меҳнат самара бера бошлади. Айни кунда нафақат Жиззах вилоятидаги, балки Самарқанд, Навоий ва бошқа ҳудудлардаги ресторанлар билан ҳам шартномалар тузиб, кунига  камида 40-50 килограмм маҳсулот етказмоқда. 

Умуман, танлов тумандаги мавжуд 15 та маҳалланинг ҳар бирида  Мақсуда опа каби  ишбилармонлар кўплигини кўрсатди. Мисол учун,   Самарқанд  маҳалласидаги “Qandolat opa teks” оилавий корхонаси раҳбари Дилором Кунакова  тадбиркорлигини бошлаганига  эндигина бир йилдан ошди. Айни пайтда 20 нафардан ортиқ хотин-қизнинг бандлигини таъминлади. Маҳсулотлари хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.

Тошкент маҳаллисида яшовчи, “Mehr-saxovat” кўкрак нишони соҳибаси Мунира Холиқова раҳбарлигидаги “Сут ва сут маҳсулотлари” МЧЖда ҳам айни пайтда 5 нафар киши доимий ишли. Бу ерда ойига 400 млн сўмлик табиий, тоза, сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. “Фаолиятимни янада кенгайтирмасам бўлмайди, маҳсулотларимизнинг бозори чаққон”, дейди у.

Якка тартибдаги тадбиркор, “Гулруҳ қуроқлари” раҳбари Гулруҳ Ядгарова эса ҳали ёш бўлишига қарамай Дўстлик маҳалласидан 35 нафар опа-сингилни  сафига олди. Чеварлари тиккан  қуроқчилик маҳсулотлари ҳар қандай нозик дидли харидор талабига жавоб беради.

Тажрибали ҳайъат аъзоларининг узоқ тортишувларидан кейин чиқарган хулосаларига кўра, юқорида номлари тилга олинган ишбилармон аёллар билан биргаликда  олтинкўллик  Гулчирой Қаршиева, Дилором маҳалласидан Соҳиба Қаршиева, Ғалаба маҳалласидан Наргиза Мамарасулова, Нурли Пангат маҳалласидан Моҳира Турсунова, мингчинорлик Дилфуза Қодирова, боғишамоллик Гулхан Бурхонова, сувонободлик Башорат  Ботирова, олмазорлик Хуршида Сатторова, пахтакорлик Дилфуза Абдужабборова, чаманзорлик Хуршида Пўлатова, Буюк ипак йўли маҳалласидан Моҳира Жўраева танловнинг маҳаллалар босқичи ғолиблари деб топилди. Улар эндиликда туман ғолиблиги учун беллашадилар.

O‘zLiDeP  Жиззах вилоят кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    103
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+