ЎҚИШ КЕРАК, УҚУВ ҲАМ

27.06.2024, 13:33

ЎҚИШ КЕРАК, УҚУВ ҲАМ

O‘zLiDeP Сиёсий таълим маркази томонидан жойларда мунтазам равишда сиёсий ўқувлар, маҳорат дарслари ўтказиб борилиши анъанага айланган.

– Сиёсий ўқувларда асосан қонунлар, Президент қарор ва фармонларининг мазмун-моҳияти тарғиб этилади, партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда  ҳудудий кенгашлар ва депутатлик гуруҳларининг фаолиятига назар ташланади, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий таълим маркази раҳбари Насимжон Алимов.

– Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига O‘zLiDePдан сайланганлар сиёсий технологиялар ва норматив-ҳуқуқий асослар бўйича ўқитилади, қайта тайёрланади. Биргина ўтган йилда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги бўлимларимиз томонидан 1 418 та тадбир ўтказилиб, уларда иштирок этганлар сони 63 530 нафарни ташкил этди. Жорий йилда ҳам сиёсий ўқувлар ва бошқа тадбирлар белгиланган режа асосида ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, 2024 йилда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига тайёргарлик кўриш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида сиёсий партиялар раҳбарлари учун сиёсий ўқувлар ташкил этилди. O‘zLiDeP ҳамда Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан республикамизнинг барча ҳудудлари кесимида ушбу жараёнга бағишланган туркум ўқув-семинарлар ўтказилди.

Айни кунларда “Янги Ўзбекистонни барпо этишда сиёсий партиялар ролини янада ошириш” мавзусидаги ўқувлар давом этмоқда. Машғулотларни O‘zLiDeP ҳузуридаги “Тараққиёт” сиёсий таълим маркази мутахассислари ҳамда бошқа нуфузли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали эксперт-олимлари олиб боришмоқда. Ушбу туркум ўқув-семинарларида Янги Ўзбекистонда янгиланиш ва тараққиёт омиллари, жамиятимизнинг янги қиёфасини яратиш, эркин ва кучли иқтисодиётнинг муҳим шарти ва гарови, қонун ва адолат устуворлигини таъминлашда сиёсий партияларнинг, хусусан, O‘zLiDePнинг ўрни ва роли қандай бўлиши кераклиги ва бошқа масалаларга эътибор қаратилмоқда.

  • Кўрилди
    109
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+