Президент ташрифидан сўнг Жиззахда амалий ишлар бошлаб юборилди

20.02.2023, 12:31

Президент ташрифидан сўнг Жиззахда амалий ишлар бошлаб юборилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 февралда Жиззах вилоятига қилган ташрифи, воҳамизда давом этаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг янада жадаллашувига катта туртки берди.

Давлатимиз раҳбарининг ташриф давомида берган кўрсатмалари ижросини таъминлаш борасида барча жабҳаларда амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.

Президентимизнинг Жиззах шаҳрида ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш борасида берган кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида эълон қилинган “Ободонлаштириш ойлиги” доирасида, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Жиззах вилоят Кенгаши, Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари вилоят Кенгаши, бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамда маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари, Жиззах шаҳридаги маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини жадалаштириш, шу билан бирга, йўл четларида бўш турган ерлар ва томорқа майдонларидан самарали фойдаланиш борасида аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларини олиб бормоқдалар.

Амалий семинар тарзида ташкиллаштирилган шундай тадбирлардан бири шаҳардаги Навоий маҳалласи, Арчазор кўчасида бўлиб ўтди. Мазкур кўчани, обод намунали манзилга айлантириш мақсадида йўлларга 650 метр, эни 7 метрлик бетон қоплама қопланмоқда.

Йўл четларига узум, мевали ва манзарали кўчатлар экиш билан бирга, турли хил гуллар, рўзғорда ишлатиладиган сабзавот экинлари, кўкатлар экиш тараддуди кўрилмоқда.

Шу кўчада истиқомат қиладиган Носир ота Зокиров, хонадонига кириш жойларидан, йўл четларидан, ҳовлисидаги ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга интилаётган жиззахликлардан бири. Гарчи, анча ёшни қоралаб қолган бўлса-да, Носир ота ҳамон қўлида токқайчи, тиним билмайди. Гоҳ токзорларни, гоҳ дарахтларни бутайди. Гоҳ бўш турган кичкина майдончаларга ҳам плёнка қоплаб нимадир экиш пайида бўлади. Айни пайтда ҳовли атрофига турли хил қаламчалар экилган. Ота бу қаламчаларни кўча аҳолисига экиш учун тарқатиш ниятида.

Айнан шу хонадонда ташкиллаштирилган семинарда Носир ота каби фаол ҳамюртларимизнинг ибратли тажрибаларни оммалаштириш, маҳаллада томорқачиликни ривожлантиришга кўмаклашиш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари бу каби семинарларни шаҳарнинг Сайилжойи маҳалласида истиқомат қилувчи Нори Пўлатов хонадонида ҳам ўтказдилар. Ўз уйида ташкил қилинган иссиқхонада лимонзор ташкил қилган Нори отанинг айтишича, иссиқхонадан келаётган даромад оила фаровонлигига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан аҳоли мурожаатлари ҳам атрофлича ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот маркази

  • Кўрилди
    312
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+