Хоразм саноати яловбардори

20.10.2023, 15:52

Хоразм саноати яловбардори

Ҳисобланмиш “Uzauto Motors” акциядорлик жамияти Хоразм вилояти филиалида салкам 3700 нафардан ортиқ киши ишлайди, уларнинг ярмидан ортиғи O’zLiDeP аъзолари ҳисобланади

...Беш йиллар муқаддам питнаклик Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, тўқсон беш яшар Худойберди бува узун ҳаёти давомида кўрганлари ҳақида гурунг берарканлар, қизиқ гапни айтган эдилар: “Шукр қиламанки, авваллари ҳатто оддий пақир ясалмаган Хоразмда енгил машиналар ишлаб чиқариладиган кунларни ҳам кўрдик!”

Отахон яна гап орасида икки нафар невараси шу корхонада ишлаётгани, рўзғорлари бут, дастурхони тўкинлигини ҳам қўшимча қилганди шодмон бўлиб...

Қадим воҳа учун тамомила янгилик бўлган бу эзгу иш ҳукуматимизнинг 2013 йил 21 февралдаги “Хоразм вилоятида “Дамас” русумли енгил машиналар ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қароридан сўнг бошлангани ҳамон кўпчиликнинг ёдида. Дастлаб 73.4 миллион АҚШ долларлик лойиҳа амалга оширилиб, йилига 20 минг дона “Дамас” ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, 860 ишчи ўрни яратилди. Ўша вақтда ҳам ишчи сонига кўра янги корхона вилоятда яловбардор бўлган эди.

Давлатимиз раҳбари 2016 йилда Хоразм вилоятига ташрифлари доирасида 2017 йилдан бошлаб ушбу корхонани модернизация қилиш ҳисобига автомобиллар ишлаб чиқаришни йилига 40 минг донага етказиш топшириғини берганди. Ва бу кўрсаткичга ҳам айтилган муддатларда эришилди.

Вилоятда автомобилсозлик саноатини қисқа фурсатда бу қадар ўстириш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Соҳа учун етук кадрлар, мутахассисларни тайёрлаш, уларни ўқитиш, малакаларини оширишга катта эътибор қаратилди.

– Янги заводнинг бунёд бўлиши, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси туфайли амалга ошди, – дея ўша даврларни эслайди мазкур филиалнинг бошқарувчи директори Собир Жуманиёзов. – Ҳозир ҳам кўз ўнгимда турибди. Шўролар даврида авиасозлик заводи филиали сифатида ташкил қилинган, аммо ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган ташландик корхона биносини, унинг чор-атрофини юртбошимиз қадамма-қадам кўриб чиқди ва ушбу истиқболли лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли маслаҳат ва топшириқлар берди.

Тўғриси, ўша вақтда бу янгиликнинг амалга ошишига ишонмаган, шубҳа билан қараганлар бўлган. Сабаби, мустақилликнинг илк даврида бу ерда “Мерседес” русумли юк машиналарини йиғиш йўлга қўйилиб, сўнг бу лойиҳа барбод бўлганди-да...

Орадан олти йил вақт ўтди. Бу қисқа муддат ичида “Дамас” ва “Лабо” енгил машиналари ишлаб чиқариш деярли олти бараварга кўпайди. Ишчи-хизматчилар сони ҳам йил сайин ўсиб борди.

Ниҳоят, давлат раҳбарининг автомобиль саноатини жадал ривожлантириш бўйича қабул қилган фармон ва қарорлари асосида филиалда 2022 йилга келиб ишлаб чиқариш қуввати 70 минг автомобилдан 100 мингга етказилди.

Филиал иш бошлаган илк даврда енгил автомобилларнинг бутловчи қисмларининг аксарияти четдан келтириларди. Бу ўз навбатида иш маромига ва таннархга таъсир кўрсатарди. Шундан сўнг ҳукуматимиз қарорига кўра айни шу борада бир қатор маҳаллийлаштириш дастурлари қисқа фурсатда амалга оширилди. Мисол учун 53.3 миллион АҚШ доллари қийматидаги янги пресслаш цехи қурилиб, ишга туширилди. Янги цех иш бошлаши билан “Дамас” ва “Лабо” енгил машиналарининг четдан олиб келинаётган 266 турдаги муҳрланган бутловчи қисмларини шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида корхонада йилига 40 минг тонна металл листни қайта ишлаш имкони яратилди ва эллик миллион долларлик импорт маҳсулотларни сотиб олишга чек қўйилди.

– Президентимизнинг сайловолди дастурларида белгилаб берилган вазифа ижросини таъминлаш, яъни кейинги йилларда ишлаб чиқариш қувватини 150 минг автомобилга етказиш бўйича умумий қиймати 12 миллион АҚШ долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширишни режалаштирганмиз. Ушбу лойиҳа тўла амалга ошгач, янгитдан 400 ишчи ўрни яратилади, ишлаб чиқариш қувватимиз 11 325 миллиард сўмни ташкил қилади, – дейди Собир Жуманиёзов.

Том маънода вилоят саноатининг гигант корхонасига айланган бу иншоот қадим Питнак шаҳрининг ичида ўзи бир шаҳарчани эслатади. Ишчи-хизматчилар бўш вақтларида мароқли дам олишлари учун барча шароитлар яратилган – муҳташам ўйингоҳ, спорт заллари фаолият юритмоқда. Ишчиларга қатнашлари учун транспорт хизмати кўрсатилмоқда. Шинам ошхонада бир кечаю-кундуз барча сменада ишловчилар учун мазали овқатлар тайёрланаётир. Бундан ташқари, 40 гектар майдонда боғу гулзорлар барпо этилган. Техник ходимлар, ишчилар учун ҳудудда қурилаётган кўп қаватли турар-жойлардан шинам уйлар ажратиляпти.

Бир сўз билан айтганда, нафақат вилоят, балки мамлакатда энг йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланмиш мазкур даргоҳ замонавий кўриниши, янгича технологиялар жорий қилингани, яратиб берилган шарт-шароитлари туфайли ёшларда шу ерда ишлаш иштиёқини ошираётир. Бугун корхонада вилоятнинг деярли барча туманларидан қатнаб ишлаётган ёшларни кўриш мумкин.

Филиал жойлашган ҳудуд “Ҳазорасп эркин-иқтисодий зонаси”га шундоққина ёнма-ён қўшни. Бу эса катта имкониятлар яратган. Бугун Ҳазорасп эркин-иқтисодий зонаси таркибидаги еттита қўшма корхона филиаллари бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашганлигини айтиб ўтиш керак. Умуман айтганда, корхона учун жами 28 та тадбиркорлик субъектлари турли бутловчи қисмлар етказиб беради.

– Яқин келажакда корхонада ишлаб чиқариш қуввати ўсиб бориши баробарида қўшма ва ёрдамчи корхоналар сони ҳам ана шу натижага мос равишда кўпая боради, – дея биз билан яқин келажакдаги режаларни ўртоқлашади корхона директори. – Давлатимиз раҳбари топшириқларига кўра 30 нафар тадбиркорларни бирлаштирган кооперация асосида кластер ташкил қилиш лойиҳасига киришилди. Ҳозирда улардан саккизтаси иш бошлаган. Кейинги йилда ушбу лойиҳа тўлалигича амалга ошади.

Шу ўринда биргина мисол келтираман сизга. Ҳозиргача енгил машиналар ойналари Фарғонадан келтириларди. Йўл узоқлиги таннарх ва албатта вақтга ўз таъсирини ўтказарди.

Яна бир муҳим томони, ана шу лойиҳалар орқали янги иш ўринлари яратиш борасидаги давлат дастурларига ўз улушимизни қўшамиз. Бу эса ёшларни муқим иш билан таъминлашдек давлатимиз раҳбари олға сураётган долзарб вазифа ижросини таъминлашга хизмат қилади.

...Директор билан яқинда иш бошлаган пайвандлаш цехи фаолияти билан танишдик. Ҳар бирининг оғирлиги 20 тонна бўлган металл листларни замонавий дастгоҳлар компьютерлаштирилган дастур асосида керакли ўлчамларда, саноқли дақиқаларда уларни енгил машиналар кузовлари бўлаклари шаклида қирқиб, кейинги дастгоҳлар эса шу бўлакларни бир-бирига улаётир. У ёқдан эса тап-тайёр “Лабо” енгил машинасининг тайёр кузови чиқиб, буёқ цехига пешма-пеш жўнатиляпти.

Бу эса машина тайёр бўлиш жараёнининг деярли ярмиси дегани. Кейинги йиғув цехларида машинага мотор, ғилдираклар ва бошқа бутловчи қисмлар қўйилса, қарабсизки, ҳар соатда камида 23 та енгил машина конвейердан чиқиб, ўз харидорларига етказилиб берилади.

...Суҳбат орасида филиал раҳбари корхонада маҳаллийлаштириш дастурлари амалиётга айланиши ортидан бугунги кунда 53 фоиз маҳсулот, яъни бутловчи кисмлар шу ерда ишлаб чиқарилаётгани, келажакда бу кўрсаткични 70 фоизга етказиш имкони борлигини ҳам тилга олди.

...Корхона конвейерларидан бир кеча-ю кундузда қанча енгил машина чиқариш имконияти мавжудлиги билан қизиқамиз ва ҳайратланарли рақамни эшитамиз: яқинда бир кеча-кундузда 530 талик кўрсаткичга эришилган. Агарда корхона дам олиш кунлари ҳам қатъий тартибли сменада ишлашини эътиборга оладиган бўлсак, йилнинг барча кунларига бу рақамни кўпайтирсак, ўҳҳу кутилмаган рақам пайдо бўлади – деярли 190 минг машина!

Демак, имконият катта! Эндиликда белгиланган марраларга етиш учун ҳамкор корхоналарда бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни ҳам шу маромга етказиш талаб қилинади.

...Мақоламиз сарлавҳасини бежиз “Хоразм саноати яловбардори” деб қўймадик. Бу таърифимиз ортиқча бўрттириш эмаслигини қиёсий рақамлар шундоққина кўрсатиб турибди. Вилоятда барча турдаги саноат корхоналари йил давомида 11 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришса, шунинг 90 фоизи “UzAuto Motors” ҳиссасига тўғри келади.

Қойилмисиз?

Бу, асрларки асосан аграр соҳаларга ихтисослашган вилоятлардан бири бўлмиш олис Хоразмда саноат салоҳияти сўнгги тўрт-беш йилда қай даражада ўсгани, ислоҳотларнинг янги босқичида эришилган асрларга татигулик юксалишлар қадр-қимматини кўрсатиб турибди. Учинчи Ренессанс сари дадил одимлаётган Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги пойдевори мана шундай корхоналар туфайли мустаҳкам қўйилмоқда.

Рўзимбой ҲАСАН, “ХXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    213
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+