Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар мақсадли сарфланганми?

03.11.2023, 16:10

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар мақсадли сарфланганми?

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари ҳудудларда белгиланган жамоатчилик назорати тадбирлари доирасида муҳим масалаларда ўрганишлар олиб бормоқда. Хусусан, октябрь ойи давомида ижтимоий соҳа объектларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини барча туман, шаҳарлар кесимида тизимли ўрганишлар олиб борди. Ўрганишлар дамовида аниқланган муаммолар ва таклифларнинг ечими бўйича мутасадди ташкилот раҳбарлар иштирокида депутатлик эшитувлар, доимий комиссия мажлислари ва сессияларда атрофлича муҳокамалар қилинди.

Эндиликда O'zLiDeP ишчи гуруҳлари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб- қувватлашга доир амалга оширилаётган ишларни жамоатчилик назорати шаклида ўрганишларни бошлади. Бунда, 2023 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилган маблағларни ҳудудлар кесимидаги мақсадли ишлатилиши, уларнинг ягона электрон платформаси орқали маблағларнинг ажратилиши, ҳақиқий эҳтиёждан ҳамда молиялаштириш таклиф этилаётган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда, ажратилаётган маблағларни ваколатли банклар ва вилоятлар кесимида тезкор қайта тақсимланиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Бу борадаги ўрганишлар Бухоро вилоятида ҳам тизимли ишлар бошлаб юборилди.

Партия вилоят Кенгаши вакиллари ва депутатлардан таркиб топган ишчи гуруҳ Бухоро шаҳридаги бир нечта маҳаллаларда бўлиб, ўз фаолиятини бошлаган оилавий тадбиркорлар фаолияти билан яқин танишмоқдалар. Хусусан, партия ишчи гуруҳи “Кўкалдош” МФЙда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ижросини атрофлича ўргандилар.

Унга кўра ҳудуддаги оилавий тадбиркорларга ажратилган кредитлар қопланишининг ҳолати, муаммоли кредитлар сони ва миқдори, ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши, бундай кредитлар натижасида яратилган янги иш ўринлари сони бўйича маълумотларга эга бўлдилар.

Шу куни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳоли вакилларига ажратилган кредитлар миқдори ҳам тегишли саволнома асосида ўрганиб чиқилди.

Эътиборлиси, ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши ўз амалий натижасини бериб турибди. Масалан, Умида Зокировалар оиласи томонидан Халқ банкидан ажратилган 33 млн. сўмдан иборат имтиёзли кредит эвазига меҳмон уйи ташкил этиб, 3 та янги иш ўрни яратилган.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг М.Таробий МФЙдаги ўрганишлари чоғида ҳам юқорида тилга олиб ўтилган дастурларга асосан бажарилган ишлар батафсил таҳлил этилиб, мазкур маҳаллада ҳам кейинги пайтда аниқ ишларга қўл урилганлигига ишонч ҳосил қилинди.

Жумладан, маҳаллада истиқомат қилувчи ва тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган 13 нафар фуқарога 379,57 млн сўмлик кредит ажратилганлигига, бунинг натижасида эса 32 та иш ўрни яратилганлиги маълум бўлди. Шунингдек, фуқароларга ажратилган кредитларни ўз вақтида қоплаш масаласида ҳам бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, 4 нафар аёлга ажратилган кредитни ўз муддатида қайтаришда қийинчиликлар сезилмоқда. Бу борадаги пул миқдори 67, 1 млн. сўмни ташкил этиб турибди. Турган гапки, мавжуд муаммолар ишчи гуруҳ аъзолари эътиборидан четда қолгани йўқ.

МФЙда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида жорий йил учун ажратилган 775,7 млн сўмлик кредит ушбу йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш имконини бераяпти. Ҳудди шундай кредит маблағлари шаҳарнинг Сифатмуний МФЙга қарашли хонадонларда истиқомат қилувчи 18 нафар аёлга жами 427 776 000 сўм миқдорда кредит ажратилган. Эътиборлиси, мазкур кредит маблағлари эвазига 150 дан зиёд иш ўринлари яратилган.

Шаҳардаги Б.Нақшбанд МФЙ аҳолиси зич жойлашган ҳудудлардан биридир. Бу ерда 11030 нафар киши истиқомат қилади. Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган 38 нафар фуқарога умумий миқдори 995 млн сўмлик кредит маблағлари ажратилганлиги натижасида 2 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. 56 нафар фуқаро ўзини-ўз банд қилиш орқали рўзғори баракасига-барака қўшадиган бўлган. Маҳалладаги 21 наар фуқарога танлаган соҳаси бўйича зарур асбоб-ускуналар харид қилиб олиш учун 178 млн сўм субсидия маблағлари ажратилган.

Партия вакиллари шунингдек, “Доктор Ражабов” клиникаси ҳамда Маҳмуд Аминовга тегишли пойафзал таъмирлаш устахонаси фаолияти билан ҳам танишиб, халқ банкидан уларнинг ҳар бири учун ажратилган 30 млн.сўмлик кредит ўз самарасини бераётганига амин бўлдилар.

Партия вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳлари аъзоларининг жойларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ижросини ўрганишлари давом этмоқда. 

  • Кўрилди
    267
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+