Байроғимизда мужассамлашган тимсоллар қалбимиз, руҳимизга туташдир

17.11.2023, 16:20

Байроғимизда мужассамлашган тимсоллар қалбимиз, руҳимизга туташдир

Байроғимиз қабул қилинган кун муносабати билан O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ташаббуси билан маҳаллий Кенгаш депутатлари, таниқли ижодкорлар, партия фаоллари, ҳарбийлар иштирокида Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда ва  вилоят Мудофаа ишлар бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш Марказида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар, Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи мамлакатимиз суверенитетининг рамзи бўлиб, унда миллий давлатчилигимиз, мустақил ва мустаҳкам давлат барпо этиш борасидаги эзгу ғоямиз, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигимиз, орзу-мақсад ва интилишларимиз, ор-номусимиз ва ғуруримиз акс этганини таъкидлаб ўтдилар.

-Байроғимизда мужассамлашган тимсоллар - қалбимиз, руҳимизга туташдир. Мисол учун,  Байроқдаги навқирон ярим ой тасвири миллий-тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда, у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам саналади. 12 юлдуз тасвирида ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши ифода этилган. Ундаги мовий ранг – тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзидир. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда бўлган. Оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб, поклик, беғуборлик, софлик, орзу ва хаёллар тозалиги ва ички гўзалликка интилишни намоён этади. Яшил ранг – ўзида табиатнинг янгиланишини ифода этади. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар эса вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатиб туради.  Айнан шу эзгу ғояларни ҳар бир юртдошимизга, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгу шуурига, Ватан сарҳадларини, халқимиз тинчлигини кўз қорачиғидек асрашга шайланган ҳарбийларимиз қалбига  сингдириш ўта муҳим ҳисобланади, - дейди халқ депутатлари Ш.Рашидов туман Кенгаши депутати Ғанишер Авалбоев.

Тадбир давомида сўзга чиққан партия фаоллари, ҳарбийлар ҳам юрт байроғини баланд кўтармоқ – Ватан, миллат шаънини, ғурурини баланд кўтармоқ эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Холбек АСАТОВ,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши Сиёсий таълим ва

депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    166
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+