O'zLiDePнинг ўтган йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилинмоқда

22.11.2023, 16:20

O'zLiDePнинг ўтган йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилинмоқда

O'zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши биносида, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ташкил топганига 20 йил тўлиши муносабати билан “Бу менинг партиям”, деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлиқ қонунчилик палатаси депутати Феруза Нигматова, партия вилоят Кенгаши раиси Эркин Холматов, Ўзбекистон Қаҳрамонлари -  Парда Зиятов, Анорбой Эшматов, ташаббускор гуруҳ аъзолари бўлган  партия фахрийлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда ҳамкор ташкилот вакиллари  иштирок этдилар.

Тадбирда 20 йил давомида O'zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар қисқача сарҳисоб қилиб ўтилди.

Ўтган вақт давомида жамиятимизда партиянинг нуфузи йилдан йилга ошиб, халқ ишончини қозониб бормоқда. Буни партия сафининг йилдан йилга ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.

Партиянинг “Янги авлод кадрлари”, “Ёшлар билан”, “Депутатнинг бир куни”, “Депутат ва ёшлар учрашуви”, “Тадбиркорлар мулоқот форуми” каби истиқболли лойиҳалари, “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови жойларда оммалашиб улгурди.

Биргина мисол, 2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” лойиҳаси  доирасида беш мингдан ортиқ тадбиркор аёлларимиз қамраб олинди. Ушбу танловда ғолибликни қўлга киритган “Ложувард асалари” МЧЖ раҳбари Муҳаббат Амонова, “Бунёд дур текс” МЧЖ раҳбари Фарида Рахмонова ҳамда “Холмўмин-Зохид” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Шарофат Нориеваларни бугун вилоятимизда кўпчилик яхши танийди. 2023 йилда ўктазилган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловида улар сафига Фориш туманида фаолият юритиб келаётган Якка тартибдаги тадбиркор Лайло Илҳомова қўшилди. У кўрик-танловнинг ҳудудий Республика босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллади.

Амалга оширилган, қўлга киритилган бу каби ютуқ ва муваффақиятлар саноғини яна анчагина давом эттириш мумкин.

Айни пайтда партиядошларимиз сафи йилдан йилга ошиб бормоқда. Дастлабки йили вилоят партия ташкилоти таркибида 1062 нафар маслакдошимизни бирлаштирган 24 та бошланғич партия ташкилоти фаолият олиб борган бўлса, ҳозир қуйи бўғинлар сони 1011та дан ошди. Улар ўз сафларига 102 600  нафардан ортиқ партиядошимизни бирлаштирган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан бугун партиямиз ғоялари, дастурий мақсад ва вазифалари ҳар бир маҳаллага, ҳар бир ташкилот, корхона ва муассасага кириб борди.

Яна бир мисол, маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган дастлабки сайловларда вилоят, туман (шаҳар) кенгашларига партиямиздан жами 72 нафар депутат сайланган эди.

Айни пайтда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида жами 142 нафар O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 26 нафари халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари ҳисобланади. Барчаси ўз ваколатлари доирасида вилоятимизда ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, сайловчиларнинг қувончу ташвишига ҳамроҳ бўлишга, жойлардаги мавжуд муаммоларни партиявий воситалар билан ҳал қилишда фаоллик кўрсатмоқдалар.

Жорий йил мисолида кўрадиган бўлсак, ўтган вақт давомида маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан жами 800 дан ортиқ депутатлик сўровлари чиқарилгани, жами 110 дан ортиқ мутасаддилар ҳисоботи тинглангани, маҳаллий кенгаш сессияларига 40 дан ортиқ масала киритилгани ҳам халқ ноибларининг давр билан ҳамнафас эканликларини кўрсатиб турибди.

Аҳолининг партияга, депутатларга бўлган ишончини белгилайдиган омиллардан яна бири - бу уларнинг мурожаатларига бўлган эътибордир. Шу кунгача аҳоли томонидан қилинган 200 дан ортиқ мурожаатнинг аксарияти ўз ечимини топган бўлса, вақт талаб қиладигани депутатлик ва партиявий назоратга олинган.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон – янги даврга қадам қўймоқда. Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори қўйилмоқда. Юртимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда ва  “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга жорий қилишда O‘zLiDeP  фаоллари бундан кейин ҳам  олдинги сафларда бўладилар.

Тадбир сўнгида партия фахрийлари, депутатлар ва фаолларга O‘zLiDeP  Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг Ташаккурномалари ва эсталик совғалари топширилди.

O‘zLiDeP  Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    253
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+