Касб-ҳунарга ўқитилган фуқароларнинг 725 нафари ўз-ўзини банд қилган

23.11.2023, 18:08

Касб-ҳунарга ўқитилган фуқароларнинг 725 нафари ўз-ўзини банд қилган

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда, жойларда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва ҳамкор ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари бу борада тизимли ишларни амалга оширмоқдалар.

O’zLiDeP Шароф Рашидов туман Кенгаши қошида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари ва депутатлар томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими вакилининг “Фуқароларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш бўйича касбий кўникма ва малакаларини ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар” юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Мутасадди ўз ҳисоботида таъкидлаб ўтганидек, жорий йилда ўтган вақт давомида  туманда жами 1102 нафар  фуқаролар касб-ҳунарга ўқитишга жалб қилинган бўлиб,  уларнинг 649 нафарини ёшлар ташкил этган. Касб-ҳунарга ўқишга жалб қилинганларнинг асосий қисми, яъни 825 нафари хотин-қизлардан иборат.

Тумандаги “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқароларни касб – ҳунарга ўқитишга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунгача ўқиб касб-ҳунар эгаллаган бу тоифадаги фуқаролар сони – 237 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, 54 нафар ногиронлиги бор шахслар ҳам ўз истакларига кўра касб-ҳунар сирларини эгаллашлари учун ўқув курсларига жалб қилинган.

Эътиборли томони, ҳисобот даврига қадар касб-ҳунарга ўқитишга жалб қилинган фуқаролардан 725 нафарининг ўз-ўзини банд қилиш, оилавий ҳамда хусусий тадбиркорлик ва бошқа йўналишларда бандлиги таъминланган.

Мутасаддининг ахборотини танқидий таҳлил қилган ишчи гуруҳ аъзолари, бу борада туманда мавжуд имкониятлар, улардан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини, таклифларини билдириб ўтдилар. Шунингдек, йиғилишда келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

Йиғилишдан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги 2-сонли касб-ҳунар мактаби фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мазкур касб-ҳунар мактаби 720 ўринга мўлжалланган. 50 ўринли ётоқхона, спорт зал, 50 ўринли ошхона, 100 ўринли фаоллар зали, ўқув ишлаб чиқариш устахонаси ва бир қатор касб-ҳунар тўгараклари ўқувчилар ихтиёрида.

Бу ерда 9 та касб бўйича таҳсил олаётган 646 нафар ўқувчига 100 нафардан ошиқ педагог ва мураббийлар таълим тарбия бериш билан бирга, электромонтёр, тракторчи-машинист, пайвандловчи, йигирув ишлаб чиқариш оператори ва шу каби меҳнат бозорида талаб катта бўлган касб-ҳунар сирларини ўргатиб келмоқдалар.

Ишчи гуруҳ аъзолари касб-ҳунар мактабида яратилган шарт-шароитлар, таълим жараёни билан танишар эканлар, ўқитувчи ва ўқувчилар билан ҳам яқиндан мулоқотда бўлдилар. Уларни қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб қайтардилар.

Ғанишер Авалбоев,

O’zLiDeP Ш.Рашидов туман Кенгаши аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    344
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+