Чекка ҳудудлар аҳолиси учун бепул тиббий кўриклар ташкил қилинди

29.11.2023, 15:16

Чекка ҳудудлар аҳолиси учун бепул тиббий кўриклар ташкил қилинди

O’zLiDeP Бухоро вилояти ва шаҳар кенгашлари ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими ташаббуси билан шаҳардаги 1-оилавий поликлиникада бепул тиббий кўрик ташкил этилди.

Чуқурлаштирилган бепул кўрик давомида ушбу ҳудуддаги Кўкалдош, Исмоил ал Бухорий, Ҳамид Олимжон, Фитрат, Жалол Икромий, Турки Жандий сингари бир қатор МФЙларда истиқомат қилувчи кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кўп болали оилалар, шунингдек “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатидаги ҳамда ногиронлиги бўлган шахслардан кўпчилиги тиббий муолажалардан ўтказилиб, уларга тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилди .Бир қатор беморлар эса поликлиника ҳузуридаги кундузги шифохонада даволанадиган бўлишди .

Туркия давлатида ишлаб чиқарилган замонавий кўчма автобусда ўрнатилган момография аппаратлари ҳам шу куни бир қатор аёллар хизматида бўлди. Уларга аниқ ташҳислар қўйилди. Бошқа бир кўчма автобусдаги замонавий рентген асбоб–ускуналари, ЭКГ ва УЗИ аппаратлари ёрдамида ҳам турли касалликларга чалинган фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатилди .

 Тиббий кўрик давомида поликлиника шифокорлари қабулида бўлган кишилардан бирортаси ҳам эътиборсиз қолдирилганлиги йўқ. Умуман, бу ерда яратилган зарур шарт-шароитлар ва даволаш жараёнлари юртимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда .

Тадбир давомида “Соғлом авлод учун” фонди вилоят бўлими томонидан турли ёшдаги 120 нафардан зиёд фуқарога 8 турдаги жами 3 миллион 225 минг сўмлик шифобахш дори–дармонлар ҳамда бир қатор санитария–гигиена воситалари тарқатилди. Эътиборлиси, юрак-қон томирлари, буйрак, ўпка, жигар хасталиклари ва бошқа бир қатор сурункали касалликларнинг олдини олиш ва даволашда уларнинг аҳамияти беқиёсдир.

Шу куни малакали шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари ногиронлиги бор кишилар хонадонларида ҳам бўлиб, ўзларининг ширин сўзлари ва дори–дармонлари билан уларнинг кучига куч, умрларига умр қўшдилар.

  • Кўрилди
    384
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+