Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди

01.02.2024, 11:50

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди

Балиқчи тумани тиббиёт бирлашмасида Халқ депутатлари туман кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳининг эшитуви ташкил қилинди. Унда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муҳтасархон Эргашева тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда “Давлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда республика аҳолисини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ижроси юзасидан ҳисобот берди.

Ҳисоботда таъкидланишча, бугунги кунда Балиқчи туманида 211 314 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Айни вақтда 1 та марказий шифохона, 1 та кўптармоқли марказий поликлиника, 6 та оилавий поликлиника, 10 та оилавий шифокор пунктлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Бирлашмада 247 нафар шифокор, 1701 нафар ўрта тиббий ходим ва 410 нафар кичик тиббий ходим фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, туман аҳолиси тўлиқ хатлови амалга оширилди. Унга кўра, аҳоли 1-таянч гуруҳ, 2-паст хавф гуруҳи, 3-ўрта хавф гуруҳи, 4-юқори хавф гуруҳларига ажратилиб, амбулатор, туманда стационар, вилоятда стационар ва республика тиббиёт муассасаларида даволанишлари режалаштирилмоқда. 2022 йилда 390 нафар, 2023 йилда 147 нафар, жорий йилнинг шу кунига қадар 6 нафар фуқаро тиббиёт бирлашмасига тиббий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган бўлиб, 2022 йилга нисбатан мурожаатлар сони 3,9 фоизга камайган. Руйхатдан ўтказилган 147 та мурожаатнинг барчаси ижобий ҳал этилди.

         Ўтган йилда 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолидан 4895 нафари скрининг текширувидан ўтказилди, текширув натижаларига асосан, 74 нафарида юрак-қон томир, 17 нафарида қандли диабет касаллиги аниқланиб, амбулатор ва стационар шароитда даволаниш учун йўналтирилди.

Туманда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли дори-дармонлар билан таъминлаш, она ва бола ўлими, шунингдек, бошқа нохуш ҳолатларни олдини олиш бўйича муҳим профилактик ишлар амалга оширилмоқда.

Эшитувда депутатлар томонидан долзарб масалалар юзасидан савол-жавоблар бўлди. Депутатлик гуруҳи аъзолари Балиқчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ҳисоботини маълумот учун қабул қилиб, соҳада ҳал этилиши зарур бўлган масалалар юзасидан Халқ депутатлари  Балиқчи туман кенгашининг  навбатдаги сессиясига  таклифлар   киритиш бўйича қарорлар қабул қилинди.

  • Кўрилди
    253
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+