Деҳқонобод йўллари қачон равон бўлади?

13.03.2024, 22:21

Деҳқонобод йўллари қачон равон бўлади?

O‘zLiDeP вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари бу ҳақли саволга мутасаддилар билан биргаликда жавоб излашмоқда. ҳозирча жўяли жавоб топилмаяпти.

...Йўлга чиққан киши эсон-омон манзилга етиб олишни ният қилади. Ота-оналар фарзандлари сафарга отланганда оқ йўл тилаб дуо беришади. Азалдан шундай бўлиб келган. Эзгу анъана ҳозир ҳам ўзгармаган.

Янгиланаётган Ўзбекистонда ҳам кейинги саккиз йилнинг ичида бу борада талай ишлар амалга оширилди. Изчиллик касб этган яхлит жараён мобайнида йўл қурилиши соҳасини ривожлантириш, мавжуд йўлларни замон талаблари даражасида равонлаштириш юзасидан бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Юртимиз йўлсозлари томонидан муҳташам кўприклар, йўл ўтказгичлар, пиёдалар учун ер ости ва усти йўллари бунёд этилаётгани аҳолига қулайлик яратиб, одамларнинг узоғини яқин, йўловчилар ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу борада Қашқадарё вилоятида ҳам улкан ишлар амалга оширилгани эътиборга молик. Лекин воҳанинг ҳамма туманларида ҳам йўлларни таъмирлаш ва сақлаш борасидаги ишлар кўнгилдагидек эмаслигига кўп бора гувоҳ бўляпмиз. Масалан, Деҳқонобод туманида яшовчи бир гуруҳ сайловчилар вилоят кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳига ҳудуддаги йўллар бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, бу эса пиёдаю ҳайдовчиларга ҳам ноқулайлик туғдирибгина қолмасдан, йўл транспорт ҳодисалари содир этилишига сабабчи бўлаётганлиги ҳақида мурожаат этишди. Депутатлик гуруҳи аъзолари партия фаоллари билан биргаликда туман йўлларининг ҳолатини кўздан кечиришди. Уларга вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бош мутахассиси Ойбек Элбоев, Қашқадарё йўллардан мунтазам фойдаланиш давлат муассасаси бошлиғи Нажмиддин Азимов, мазкур муассаса ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бош мутахассиси Илёс Юсупов ҳамроҳлик қилишди. Дастлабки манзил Гумбулоқ қишлоғи бўлди. “М-39” деб аталувчи “Тошкент-Термиз” йўлининг мазкур ҳудуддан ўтган қисми ниҳоятда таъмирталаб. Бу ерда бошланган қурилиш ишлари поёнига етказилмаганлиги боис йўлнинг бир томони баланд, иккинчи тарафи эса паст бўлиб қолган. Мазкур йўлнинг тумандаги “Новобод” МФЙ ҳудудидан ўтган қисми ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ҳартугул ишчи гуруҳининг боргани самарасиз бўлгани йўқ. Йўлсозлар бундан хабар топишгани учунми, билмадик, йўллардаги ўйдим чуқурларга шағал тўкиб, ямашга киришиб кетишди. Аммо бу вақтинчалик чора неча кунга дош беришини уларнинг ўзлари биздан кўра яхши билишади. Йўлсозларнинг таъкидлашича, “Алмати-Бишкек-Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг 180 километридан бошлаб 2006-2022 йилларда жами 33 километрлик масофада таъмирланиб, фойдаланишга топширилган. Шунингдек, 147 км йўлнинг 18 км цементбетон қопламали, 80 км асфальт бетон қоришмали ва 49 км қора қоришмали қопламани ташкил этган. 2014 йилда мазкур автомобиль йўлининг 1265- 1290, 1297-1315 км қисмларидаги қурилиш ишлари “Бекобод йўл саноат” корхонаси ва Ангрен бурғулаш-портлатиш ишлари махсус бошқармасига юклатилганди. Улар икки йил мобайнида йўлни таъмирлаш билан шуғулланишган. Тахминан 2016 йилгача йўл қурилиш ишларини бажара олмаганликлари туфайли, объектлар улардан олиб қўйилган. Ишда йўл қўйган хатолари учун “Бекобод йўл саноат” корхонаси раҳбарлари тегишли тартибда жазоланган ҳам. Аммо ишлар чалалигича қолиб кетган. 2016 йилдан буён чуқур, паст-баланд бу йўллар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келмоқда. Савол жиддий қўйилмоқда энди: хўш, Деҳқонобод йўллари қачон таъмирланади?! Ҳозирча жўяли жавоб йўқ! Деҳқонобод туман ҳокимлигида ишчи гуруҳи аъзолари ва халқ депутатлари туман кенгаши вакиллари иштирокида йўлларни ўрганиш масалалари таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан O‘zLiDeP фаоллари сўнгги йилларда йўл қурилиши борасида ҳайдовчи ва йўловчиларнинг узоғини яқин қилиш, йўлларни халқаро меъёрлар даражасига келтириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлашди. Афсуски, ушбу туман билан боғлиқ ишларни тушуниш мушкул. Депутатлар томонидан йўл қурилишига янгича ёндашувларни жорий қилиб, сифатни ошириш, соҳани рақамлаштириш ва хусусий секторни кенг жалб қилиш, сифатни текширадиган замонавий техникаларни бошқара оладиган малакали кадрларни шакллантириб, йўлларни мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш борасида амалий таклифлар билдирилди. – Деҳқонобод туманининг Кичик Ўра дарёси бўйидаги “Чамбил” МФЙда яшайман, – дейди халқ депутатлари Деҳқонобод туман кенгаши депутати Ғофур Валиев. – Бу ердаги Усмон Юсупов, Белибойли ва Боғчорбоғ қишлоқлари ҳудудида 12 та маҳалла бор. “Деҳқонобод – Боғчорбоғ” автомобиль йўлининг 0-54 км оралиғи машина ва йўловчилар юришига жиддий халақит қилмоқда. Баҳор ойларида сел йўлларни ювиб кетиб, одамлар жуда қийналиб қолишади. Шу ҳудудда яшовчи аҳолининг 70 км йўлни таъмирлаб берилишини сўраб, бормаган, ёзмаган жойи қолмади. Мутасаддилар келади, кўради, бир дунё ваъдалар ҳам беришади. Аммо ҳеч қандай амалий ўзгариш бўлмаяпти. Аслида йўллар йўловчига азоб эмас, маданий ҳордиқ бағишлаши зарур. Деҳқонободда ҳозирча бунинг акси бўляпти. Ғофур Илёсовнинг айтишича, чекка-чекка қишлоқларда ҳам ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш борасида кўплаб хайрли ишлар қилиняпти. Айниқса, кўп йиллар ўнқир-чўнқир бўлиб, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келаётган ички йўллар ҳам таъмирланаётгани аҳолини мамнун этмоқда. Аммо йўлсозлар Бойқўрғон-Гумбулоқ йўналишидаги автомобиллар ҳаракатланишига халақит қилаётган, баҳорги тошқинлар натижасида яроқсиз бўлиб қолган 8 километр йўлни таъмирлашни эса хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Президентимизнинг 2023 йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида М-39 “Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг 1255-1315 км (жами 60 км) қисмини қайта реконструкция қилиш лойиҳаси 2024-2027 йилларда “Ислом тараққиёт” банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси маблағи ҳисобидан амалга оширилиши белгиланганган. Ишқилиб, бу сафар ҳам йирик лойиҳа нафси ҳакалак отган қаллобларга юклатилмасин-да, акс ҳолда халқаро аҳамиятга эга бу катта трассадан ўтиб-қайтаётган ҳайдовчию йўловчиларнинг дардларига ҳали-вери дармон топилмайди...

Сайфулла ИКРОМОВ, “ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    172
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+