Озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масаласи муҳокама қилинди

20.03.2024, 19:24

Озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масаласи муҳокама қилинди

Президент раислигида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларида инвестициялар ва экспортни кўпайтириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишга энг фаол 100 дан зиёд экспортчи-тадбиркорлар ва логистика корхоналари вакиллари таклиф қилинди. Уларнинг муаммолари ва таклифлари ўрганилди.

Жорий йилда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Бунга эришиш учун нималар қилиш керак деган савол билан мурожаат қилинди.

Давлатимиз раҳбари соҳадаги муаммоларни бирма бир санаб ўтдилар, унинг ечимлари бўйича аниқ таклиф ва ташаббусларини берди, соҳа вакилларнинг ҳам таклифлари тингланди.

Хусусан, 1 миллион гектар ғалладан бўшайдиган майдон, 508 минг гектар аҳоли томорқаси, 260 минг гектар одамларга бўлиб берилган ерлар имкониятидан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилди. Масалан, 16 та туман умуман мева-сабзавот экспорт қилмаган. Ёки, пахта экмайдиган 28 та туманда экспорт кўрсаткичлари қониқарсиз. Ушбу туманларда маҳсулот етиштириш, сақлаш, саралаш ва сотиш бўйича экспортчилар ҳамда деҳқонлар ўртасида кооперация тизимли йўлга қўйилмаган.

Яна бир муҳим масала, бу йил ҳудудий дастурлар доирасида республика бўйича озиқ-овқат йўналишида 833 миллион долларлик 528 та лойиҳани ишга тушириш режа қилинган. Лекин, 14 та туманда озиқ-овқат бўйича бирорта лойиҳа йўқлиги танқид қилинди.

Бу йили озиқ-овқат саноатида камида 100 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 1 миллиард доллар экспорт қилиш режа қилинган. Лекин, озиқ-овқат йўналишидаги айрим корхоналар айланмаси учун маблағ ола олмаган, айримлари сифат бўйича рақобатга бардош беролмаган, тежамкор технология ўрнатмагани учун таннарх баланд бўлган.

Шу сабабдан давлатимиз раҳбари экспортни анъанавий бозорлардан юқори нархда маҳсулот сотиб олувчи давлатларга йўналтириш зарурлигини таъкидлади.

Мулоқотда юртимиздаги лабораториялар халқаро стандартларга мос эмаслиги оқибатида ўзбек мева-сабзавотларига ишонч сўнаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари кўтарилган масаланинг ўринли эканини қайд этди. Мутасаддиларга 5 та лабораторияни халқаро аккредитациядан ўтказиб, хорижий давлатлар карантин хизматлари рўйхатига киритиш, йил якунигача Тошкент шаҳрида Референс лаборатория ташкил қилиб, хусусий лабораториялар ишини халқаро стандартларга мослигини таъминлаш топширилди.

Бундан буён, халқаро тан олинган реагентлар импорт божидан озод қилинади, уларга мажбурий экологик сертификат олиш талаб этилмайди. Мева-сабзавот сифати бўйича Япония, Корея, Австралия, Канада каби давлатларнинг миллий талаблари ўрганилиб, ўзимизда жорий қилинади.

Йиғилишда маҳаллий корхоналарга халқаро кўргазмаларда қатнашишда кўмаклашиш масаласига тўхтатилиб ўтиларкан, эндиликда юқори ва ўрта рейтингга эга бўлган тадбиркорлар учун кўргазмаларда қатнашиш харажати 100 фоиз олдиндан тўлаб берилади. Паст рейтингга эга бўлганлар кўргазмада иштирок этганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этгандан кейин харажатининг 50 фоиз қисми қоплаб берилади.

Шунингдек, деҳқонлардан маҳсулотларни йиғиб, экспортчилар учун етказиб берувчи таъминотчилар фаолиятини тартибга солиш, импорти юқори бўлган асосий озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун импорт қилинадиган хом ашёни божхона тўловидан озод этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспорти бўйича Бош вазир бошчилигида комиссия тузилиши белгиланди, экспортни кўпайтиришда экин экишдан бошлаб, маҳсулотни сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва сотиш занжирини тўлиқ қамраб оладиган уч йиллик катта дастур қабул қилишга қарор қилинди.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    132
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+