Депутатлар иштирокида аҳоли муаммолари ўрганилди

02.04.2024, 16:40

Депутатлар иштирокида аҳоли муаммолари ўрганилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ғайрат Абдиев бир гуруҳ депутатларидан иборат Ишчи гуруҳ аъзолари билан Самарқанд вилоятида бўлиб, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишди.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг дастлабки манзили Самарқанд шаҳридаги Қорасув массиви бўлди. Депутатлар бу ерда уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш ва транспорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўргандилар.

Бугунги кунда шаҳар жамоат транспорти йўналишларида 210 та оралиқ бекатлари мавжуд. Шу ҳисобдан шаҳарда 43 та янги замонавий Лед экранли оралиқ бекатлар қурилди. Мастер режаси ҳамда тасдиқланган Манзилли дастурга асосан 119 та янги оралиқ бекатларини қуриш, 158 тасини реконструкция қилиш белгиланган.

Қуйи палата депутатлари учрашувлари давомида мазкур вазифалар ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди. Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳар жамоат транспорти йўналишларидаги оралиқ бекатлар етишмайди. Мавжудларининг аксарият қисми эса талабга жавоб бермайди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ушбу масалаларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга бир қатор таклиф ва тавсиялар беришди. Хусусан, Самарқанд шаҳрининг янги йўналишлар тармоғи бўйича оралиқ бекатларни намунавий лойиҳасини йўловчилар, жумладан, аҳолининг имконияти чекланган гуруҳлари учун қулай шароитлар яратилишини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлади.

Мазкур учрашувлар давомида Ишчи гуруҳ аъзолари маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари билан биргаликда бир қатор тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан ҳам танишдилар.

Депутатлар аҳолининг муаммоларини тинглади ва улар кўтарган масалаларнинг ечими билан қизиқди. Шунингдек, аҳоли орасида бўлган масъуллар халққа хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилот раҳбарлари билан суҳбат ўтказди.

Ўрганишлар давомида аниқланган кўплаб муаммо ва камчиликлар тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари иштирокида ҳал этилди. Ечими узоқ вақт талаб этадиган масалалар депутатлик назоратига олинди.

  • Кўрилди
    120
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+