Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми - мамлакатимиз ривожидаги янги имкониятлар эшигидир!

04.05.2024, 20:10

Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми - мамлакатимиз ривожидаги янги имкониятлар эшигидир!

 

Бу гал бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳам жуда сермаҳсул бўлиши ва мамлакатимиз ривожи учун ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиши табиий.

Форумда нутқ сўзлаган Президентимиз ҳозирда бутун дунёда инвесторлар жалб қилиш йўлида кураш олиб борилаётганини, биронта давлат мавжуд муаммоларини ёлғиз ўзи ҳал қила олмаслигини, фақатгина ўзаро ишонч доимий равишда ҳамкорлик қилишга асос бўла олишини, сўнгги етти йил мобайнида инвестицион муҳитни яратиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилганлигини таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, биз илгарилари ҳатто хаёлимизга ҳам келтиришимиз мумкин бўлмаган улкан лойиҳаларни айнан бизнинг мамлакатимизда рўёбга чиқариш мақсадида турли давлатлардан хорижий сармоядорлар кириб келмоқда. Мазкур форматдаги форумнинг энг аҳамиятли томони шундаки, хорижий инвесторлар мамлакатимиз ҳудудида фаолият юритишга инониши ва кафолатга эга бўлишини шахсан давлатимиз раҳбаридан эшитишидир.

Сўнги йилларда давлатимизда 60 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилганлигининг асосий сабаби ҳам айнан Президентимиз томонидан хорижий инвесторга берилаётган давлат сиёсати даражасидаги кафолат натижаси деб биламан.

Форум доирасида етакчи хорижий компаниялар иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган янги замонавий йирик лойиҳаларга старт берилди ва бундан буён шу каби янги лойиҳаларни бошлаган инвесторлар 3 йил муддатга акциялардан олинадиган дивиденд солиқларидан озод қилиниши ҳақида Президент томонидан айтиб ўтилди. Шубҳасизки, бундай янгилик инвесторларни жалб қилишда муҳим рол ўйнаши билан бир қаторда, мамлатимизда шаклланган инвестицион жозибадорликнинг инновацион шакли десам, асло муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантириш эканлигини эътироф этиб ўтди. Шу боис, инвесторлар ҳақ-ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар янги Конституциямизда аниқ белгилаб қўйилганлиги, компаниялараро шаффоф рақобат майдони яратилганлиги, хусусий мулк даҳлсизлиги таъминланиши кафолатланганлиги ҳамда жаҳон стандартларига жавоб берадиган “Инвестиция тўғрисида”ги қонунни қабул қилинаётганлиги ҳар қандай хорижий инвесторда ишонч ҳиссини пайдо қилади.

Махсус қонун асосида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимидаги янги бурилиш – бу юртимизда Халқаро тижорат суди иш бошлаши, саноат зоналарини янада ривожлантиришда янгича ёндашув амалга оширилиши, хорижий инвесторлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача узайтирилиши ва бу жараёнда амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлалигича сақлаб қолиниши хорижий инвесторларда янада қизиқиш уйғотиши аниқ.

Шу ўринда, Президентимиз томонидан форум доирасида бешта йўналиш, яъни яшил энергетика, банк-молия соҳаси, фойдали қазилмалар, мамлакатнинг IT трансформацияси, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги режаларни айтиб ўтди ва бу йўналишда барча хорижий давлатларнинг  етакчи компанияларини ўзаро ҳамкорликка чақирди.

Фаҳрланиб айта оламизки, хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли шерикчиликни амалга оширишга қулай ва ишончли бўлган ҳар томонлама қулай географик жойлашувга эга бўлган, хусусан Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ўзининг меҳнаткаш халқига эга. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг кучли сиёсий иродаси туфайли жаҳоннинг етакчи хорижий инвесторларини мамлакатимизга жалб қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларда барчамиз елкадош бўлишимиз, юртимизнинг янада ривожланиши бўйича ҳар бир соҳада амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида янада фаол бўламиз.

Санжарбек КУМУШЕВ,

O’zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг ўринбосари

  • Кўрилди
    265
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+