Ўзбекистон-Тожикистон: абадий дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб

23.04.2024, 14:17

 Ўзбекистон-Тожикистон: абадий дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб

Президентимизнинг Тожикистонга давлат ташрифи давомида қардош халқларимизнинг туб манфаатларига тўлиқ мос бўлган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланганлиги ушбу ташрифнинг чинакам тарихий натижаси сифатида қайд этилганлиги бежиз эмас.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга навбатдаги ташрифи иккитомонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очдики, бу ўз навбатида маданий-гуманитар соҳаларни тараққий эттириш, дипломатик муносабатларни кенгайтириш, давлатларимиз ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва энг муҳими, тили ҳар хил, миллий қадрият ва анъаналари, орзу-умид ва интилишлари бир хил бўлган ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги абадий дўстликни янада барқарорлаштиришда муҳим ўрин тутади.

Чиндан ҳам ташриф чоғида охирги йилларда товар айрибошлаш ҳажми 40 баробарга ўсгани, мамлакатимиздаги қўшма корхоналар сони 15 бараварга кўпайгани давлат раҳбарларининг оқилона ички ва ташқи сиёсати самарасидир.

Ташриф дастури бўйича ўтказилган олий даражадаги музокаралар, бир қатор муҳим тадбирлар чоғида келгусида бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифалар ҳам белгилаб олинди. Иккала мамлакат ҳукуматлари олдига товар айрибошлашни 2 млрд долларга етказиш, шу жумладан, ўзаро маҳсулот етказиб бериш наменклатурасини кенгайтириш, чегараолди савдо зоналарини тезкор ишга тушириш вазифаси қўйилди. Ташриф арафасида ўтказилган бизнес форуми якунида эса янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг катта бир портфели шакллантирилди. Машинасозлик, электротехника, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларидаги ўзаро манфаатли лойиҳалар шулар жумласидандир. Шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувларни янада фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон- Тожикистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ташриф кунлари қизғин муҳокама қилинганлиги, икки кун давомида ўтказилган музокараларда айниқса, сувдан фойдаланиш масалаларида конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш муҳимлиги эътироф этилганлиги, транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилганлиги бу борадаги ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ҳамда ҳаво ва темир йўллари орқали ташишларни ривожлантириш, транзит юк ташишлар ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратишнинг қўллаб-қувватланганлиги ўз амалий натижасини бериши турган гап.

Президентимизнинг Тожикистон давлатига икки кунлик ташрифи чиндан-да самарали ва кутилганидан ҳам муваффақиятли тарзда ўтказилганлигини иттифоқчилик муносабатларини ривожлантришга қаратилган 30 га яқин тарихий аҳамиятга молик ва бошқа бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланганлигидан ҳам билиб олса бўлади.

Ташриф доирасида Душанбе шаҳрида мамлакатимиз эчихонаси янги биносининг тантанали тарзда очилганлиги, ташриф кунлари Тожикистон пойтахтида Ўзбекистон адабиёти ва санъати кунларининг ўтказилганлиги ва иккала мамлакат санъаткорлари ҳамда ижрочи ёшлари иштирокида катта байрам концертининг намойиш этилганлиги мамлакатлар ўртасидаги яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш, халқларимиз ўртасида дўстликни янада мустаҳкамлаш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

 

Фармон Аминов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати 

  • Кўрилди
    184
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+