Халқаро инвестиция форуми амалий ҳамкорликни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқади

02.05.2024, 16:33

Халқаро инвестиция форуми амалий ҳамкорликни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқади

Мамлакатимизда 2-3 май кунлари Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Бугун Халқаро конгресс марказида Форум ялпи мажлиси очилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Таъкидланганидек, ўтган уч йил дамомида мазкур форум икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илғор ғоя ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун самарали мулоқот майдонига айланди.

Бугунги тадбирда 93 та давлатдан 2 500 дан ортиқ ҳорижий меҳмонлар келгани ҳам форумнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганидан яққол тасдиқлайди. Бу ўз навбатида, мамлакатимизда ортга қайтмайдиган тус олган ислоҳотларга, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг йўлга қўйишга бўлган улкан қизиқишдан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун қатъий қадамлар ташланганини қайд этди. Ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди.

Ўтган йилнинг ўзида хорижий инвестициялар ҳажми қарийб икки баробар кўпайди. Энергетика,  тоғ-кон ва металлургияда, автомобилсозлик ва электротехника, қурилиш соҳасида дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда йирик брендлари билан 300 дан ортиқ инвестиция ва саноат лойиҳалари ишга туширилгани ва юз минглаб янги иш ўринлари яратилгани катта мамнуният билан таъкидланди.

Президентимиз мамлакатимизда тадбиркорлик ва бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор аниқ чоралар ишлаб чиқилганлигига алоҳида урғу бериб ўтдилар. Эндиликда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан уч йил муддатга озод этилади.

Яқинда хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. 250 та йирик корхонанинг давлат улушини ва салкам 1000 та кўчмас мулк объектларини сотиш, 12 та корхона акцияларини фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) учун янги дастур ҳам ишга туширилди.

Тадбиркорлар барқарорлиги рейтинги жорий этилди. Юқори рейтингга эга тадбиркорлик субъектлари учун солиқ текширувлари ўтказилмайди. Шунингдек, энергетика йўналишидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасини ижтимоий ва бошқа инфратузилма соҳаларида ҳам кенг татбиқ этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари тадбиркорларга ер ажратишнинг замонавий шаффоф тамойиллари – яъни, аукцион савдо тизими йўлга қўйилди. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида қонунчиликни уйғунлаштиришга қаратилган 60 дан ортиқ норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари форумда иқтисодиётда чуқур трансформация жараёнлари, қулай инвестиция ва бизнес муҳити ҳамда саноатда юқори қўшилган қийматни яратиш изчил давом эттирилишини таъкидлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бешта муҳим устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, “яшил” энергетика, банк-молия соҳаси, фойдали қазилмалар, мамлакатнинг IT трансформацияси ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Халқаро инвестиция форуми ва сермаҳсул музокаралар амалий ҳамкорликни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    176
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+