Паркентда туризм ва енгил саноат соҳасида фаолият юритаётган йирик тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилди

24.04.2024, 17:04

Паркентда туризм ва енгил саноат соҳасида фаолият юритаётган йирик тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилди

Аҳолининг турли қатламлари ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, мурожаатлар қонуний ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш – Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзолари фаолияти мезонига айланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Абдувалиевнинг Олмалиқ шаҳри ва Паркент туманидаги йирик тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувларида ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастури ижроси ва бошқа масалалар бўйича уларни қийнаётган муаммолар ўрганилди.

Олмалиқ шаҳридаги “Олмалиқ КМК” АЖ ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши тиббий санитария қисмида бўлган депутат бу ерда ишчи-ходимларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, моддий-техник базаси, сиғими, шифокорлар ва тиббий ходимларнинг сифат таркиби сингари масалаларни обдон ўрганди.

Тиббий санитария қисми бош шифокори Абдужаббор Тўхтабоев билан кечган суҳбатда унинг хусусий тиббиёт ташкилотлари учун давлат гранти маблағлари ажратишни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, соҳа мутахассисларини етиштиришда кадрлар сиёсатини ислоҳ қилиш, қишлоқ жойларда тиббиёт мутахассисларини ишлашига муносиб шароит яратиш ҳамда имтиёзлар бериш, ҳудудларнинг касаллик структурасини ўрганган ҳолда давлат хусусий шерикчилиги асосида замонавий лабораторияларга эга бўлган тиббий клиникаларни ташкил этиш, тиббиётни ривожлантиришда жаҳон стандартлари асосида лаборатория кластерларини ташкил этиш, ҳудудлардаги тиббиёт бирлашмалари базасини интеграциялаш, хусусий клиникаларни ташкил этишда шифокор менежерларни ўқитиш борасидаги таклифлари тингланди.

Депутат Паркент туманидаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитлари, ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада оширишда ғов бўлиб турган тўсиқ ва муаммоларни ўрганиш мақсадида “Қизилсой” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан ҳам учрашди. Маҳаллада олиб борилган ўрганишлар натижасида мазкур ҳудуддан оқиб ўтувчи дарё устида кўприк қуриш зарурати бор экани кўзга ташланди. Маҳаллий аҳоли вакиллари автотранспорт воситалари ва юк машиналари ўтказишга мўлжалланган кўприк қуриб берилишида депутатдан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Депутат шу ернинг ўзида тегишли мутасадди идораларга боғланган ҳолда кўприкнинг барпо этилиши борасидаги амалий саъй-ҳаракатларни бошлаб юборди. Масаланинг ижобий ечим топишига ваъда берди.

Суви зилол, ҳавоси мусаффо сўлим Паркентнинг туризм салоҳиятини янада ошириш лозимлигига ҳам эътибор қаратган депутат ўз таркибида тоза ичимлик сувини қадоқлаш ва санитар-гигиеник қоғоз ишлаб чиқаришга мўлжалланган кичик корхона ҳамда замонавий сиҳатгоҳни қамраб олган “Заркент гавҳари” МЧЖда бўлди.

Ҳудудда саноатни янада ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам депутат назаридан четда қолмади. Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик хусусий корхоналардан бўлган “Shabnam Elegant” МЧЖга ташриф чоғида ишчи-ходимларга яратилган меҳнат шароитлари, ойлик маошларининг ўз вақтида тўланиши, ходимлар ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат муносабатлари масалаларини ҳам ўрганди. Олис ҳудуддаги аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаб келаётган корхона фаолиятини оммалаштириш зарурлигига ҳам эътибор қаратди.

Мухтасар қилиб айтганда, депутатнинг Олмалиқ шаҳри ва Паркент туманларида ташкиллаштирган учрашувлари аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал этишда ижобий ечимларга эришилгани билан янада яҳамиятли бўлди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

 

 

  • Кўрилди
    134
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+