Инвестициялар – иқтисодий тараққиётимизнинг мустаҳкам драйвери

04.05.2024, 16:50

Инвестициялар – иқтисодий тараққиётимизнинг мустаҳкам драйвери

Сир эмаски, айни пайтда дунё тартиботида чуқур трансформация жараёнлари кечмоқда. Товар ва хизматларни етказиб бериш занжирларидаги узилишлар, халқаро савдонинг пасайиши, инвестиция оқимларининг камайиши, иқлим офатларининг кучайиши – вазият нақадар беқарор ва заиф эканини яққол кўрсатмоқда. Бу эса глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммоларни авж олишига, барқарор ривожланиш йўлида хавф ва таҳдидларнинг кучайишига сабаб бўлаётир. Айни вазиятда тўғри йўл тутиш, вазиятни ўнглаш учун эса чора-тадбир ишлаб чиқилиши зарурдир.

Мавжуд вазиятни тўғри таҳлил қилиб, узоқни кўра олган давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ташкил этилди. 2 май куни Халқаро конгресс марказида ўтказилган форумнинг ялпи мажлисида Президентимиз Ш.Мирзиёев сўзга чиқиб, ушбу форум кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илғор ғоя ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун самарали мулоқот майдонига айланишини таъкидлади.

Қолаверса, Президентимиз жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари сўнгги уч йил давомида пасаяётганини кўрсатиб ўтаркан, ҳеч бир мамлакат бу каби ўткир муаммоларни якка ҳолда ҳал эта олмаслигини, ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳи, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойили узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам устуни бўлиб қолишини қайд этиб ўтди.

Айтиш керакки, мазкур вазиятда мамлакатимизда ҳам инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Ўтган йил якуни бўйича бу ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Инфляция 9 фоизгача пасайди. Савдо айланмаси кўрсаткичлари муттасил ошмоқда. Валюта бозори ва олтин-валюта захиралари барқарорлиги сақлаб қолинмоқда.

Охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди. Ўтган йилнинг ўзида хорижий инвестициялар ҳажми қарийб икки баробар кўпайди.

Бундан ташқари, Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Тез орада мамлакатимизда биринчи халқаро тижорат суди иш бошлайди.

Саноат зоналари тизимида мутлақо янгича ёндашувларнинг жорий этилиши юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторларга янада қулай шароитлар яратади. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади, хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача узайтирилади.

Умуман, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида аҳоли даромадларини икки баробар ошириш ва ушбу кўрсаткич бўйича ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш мақсад қилиб қўйилган.

Темир йўл соҳасида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда, автомобиль ва тезюрар темир йўлларни қуришга хусусий инвесторларни жалб этиш учун кенг имкониятлар очилмоқда. Мавжуд халқаро аэропортларни ривожлантириш ва янгиларини қуриш бўйича лойиҳалар тайёрланмоқда.

Хорижий шериклар билан биргаликда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ва Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўлларини қуриш бўйича дастлабки ишлар бошлан бўлиб, бу катта лойиҳа хусусан, Сурхондарё вилоятининг инфратузилмасини яхшилашга, иқтисодиётининг ўсишига ва халқаро алоқаларининг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Шу билан бирга, ушбу стратегик лойиҳалар минтақадаги геоиқтисодий вазиятни бутунлай ўзгартириб, Марказий Осиёни Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарб билан боғлайдиган глобал транзит марказига айлантиради. Шуларни таъкидлар экан, Ш.Мирзиёев форумда иштирок этаётган Ўзбекистон инвесторларни ва халқаро ташкилотларни бу йирик минтақавий лойиҳаларда қатнашишга таклиф этди.

Ялпи мажлис доирасида Президент иштирокида умумий қиймати 8,7 миллиард долларлик 15 та янги инвестиция лойиҳасига старт берилди ҳамда жами 2,8 миллиард доллар қийматга эга 5 та саноат объекти ишга туширилди.

Ишонамизки, бу саъй-ҳаракатларнинг маҳсули сифатида форум доирасида олиб борилган музокаралар бошқа давлатлар билан амалий ҳамкорлигимизни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқади.

Алишер РЎЗИЕВ,

ЎзЛиДеП Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

 

  • Кўрилди
    174
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+