ТАДБИРКОРЛАРНИ ҲОМИЙЛИККА МАЖБУРИЙ ЖАЛБ ҚИЛИШ ҚОНУНГА ЗИДДИР

06.05.2024, 09:50

ТАДБИРКОРЛАРНИ ҲОМИЙЛИККА МАЖБУРИЙ ЖАЛБ ҚИЛИШ ҚОНУНГА ЗИДДИР

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти ҳокимлиги мутасаддилари томонидан тадбиркорлардан гулга пул йиғаётганлиги ҳақидаги хабарлар муҳокамага сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига мувофиқ, давлат иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлигини кафолатлайди. Шунингдек, хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдорлар ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги кафолатлаб қўйилган.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сонли Фармонининг 4-бандига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига тадбиркорлик субъектларини ўзларининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ҳамда бошқа ишларга мажбурий жалб қилиш тақиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-4-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-4-моддаларига мувофиқ назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан тадбиркорлик субъектларини пул маблағлари ҳамда бошқа моддий қимматликларни ажратиш билан боғлиқ ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ишчи гуруҳи ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ўрганиш ишларини олиб боришга киришди.

Юқоридагиларга асосан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси барча давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимликларни тадбиркорлар билан муносабатда қонунийликни таъминлашлари лозимлиги ва турли тадбирлар учун мажбурий ҳомийликка жалб қилиш ҳолатларига йўл қўймасликка чақиради.

ЎзЛиДеП матбуот хизмати

  • Кўрилди
    147
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+