Ўрта Чирчиқ туманидаги 9 та маҳалланинг энг фаол тадбиркор ва ишбилармон аёллари беллашишди

22.05.2024, 11:53

Ўрта Чирчиқ туманидаги 9 та маҳалланинг энг фаол тадбиркор ва ишбилармон аёллари беллашишди

O’zLiDePнинг “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сиёсий жараёнлар туб мазмун-моҳиятини кенг тарғибот-ташвиқот қилишда, юртимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида фаол иштирок этаётган шижоатли, ташаббускор хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ватанимиз келажаги йўлидаги интилиши, изланишларидаги фаол иштирокини рағбатлантириш туфайли бугуннинг замонавий тадбиркор аёл қиёфасини яратишда ўз ўрни бор.

Танловнинг Ўрта Чирчиқ туманида ўтган ҳудудий сектор босқичи ҳам айни мақсадда ташкил этилди. Унда тумандаги 9 та маҳалланинг энг фаол тадбиркор ва ишбилармон аёллари беллашишди.

Каромат Расулова, O’zLiDeP Ўрта Чирчиқ Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари:

- “Бу йил бироз бошқача тарзда ўтказилаётган танловнинг ҳудудий сектор босқичида иштирок этиб турган тадбиркор аёлларимиз ҳар жабҳада фаоллигини кўришимиз мумкин. Хусусан, хайрия фаолиятида ҳам илғор бўлган опа-сингилларимизни оддийгина ҳунар ортидан мўмайгина даромад топиб, ўзи каби бошқа хотин-қизларни ҳам касаначилик асосида бандлигини таъминлашгани алоҳида эътирофга лойиқ. Иштирокчиларимиз томонидан асос солинган хусусий корхоналарнинг экспорт ва импорт салоҳияти ҳам яхши. Кўпчилиги маҳаллалардаги “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”ларда турган хотин-қизларни бошини бир жойда қовуштирган. Уларни муносиб иш ўрни билан таъминлашган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш орқали ўз маҳалласида яшовчи бошқа аёлларнинг ҳам моддий даромад топишига сабабчи бўлаётган опа-сингилларимиз бугунги танловда ўзларининг фаолиятларига доир кўргазмалари билан иштирок этишмоқда. Уларнинг барчаси ғолибликка муносиб”.

Наргиза Пулатова, “ФИРДАВС ТУРИЗМ” МЧЖ раҳбари, “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танлови ҳудудий сектор босқичи иштирокчиси:

- “Бугун юртимизда биз аёлларга берилаётган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори босқичга кўтарилган. Хотин-қизлар тадбиркорлиги қўллаб-қувватланиши ортидан биз ҳам ўзимизнинг моддий фаровонлигимизни орттирибгина қолмасдан, янги иш ўринлари яратиб, опа-сингилларимизни ҳам бандлигини таъминлашга эришяпмиз. Кўрик-танловда иштирок этарканмиз, ўзимиз сингари фаол тадбиркор аёллар билан яқиндан танишиб, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик ўрнатишга муваффақ бўлдик. Шахсан мен жонажон партиямизнинг хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган ишларининг самарали натижаларига гувоҳ бўлдим. Эътироф этилишнинг ўзи ҳам инсонга эртанги ёруғ кунга бўлган катта ишонч ва шижоат бағишлайди. Бугун O’zLiDeP опа-сингилларимизда мана шундай ўзига бўлган ишончни орттиряпти, уларга қанот бўляпти. Жамиятда ўз ўрнини эгаллашида кўмаклашяпти”.

“Хумо” номли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва фермерлик фаолияти билан шуғулланувчи Дилдора Усарова, бугунги кунда 300 дан ортиқ хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиб, ўз бизнесини бошлашида кўмакдош бўлиб келаётган Минаввар Маҳкамова, “FIRDAVS-TURIZM” МЧЖ раҳбари Наргиза Пулатоваларнинг ибратли фаолияти ҳакамларнинг эътиборини тортиб, эътирофларига сазовор бўлди.

Ҳакамлар ҳайъати танлов иштирокчилари фаолиятини синчковлик билан ўрганиб, холисона қарор чиқаришди. Унга кўра, Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танлови ҳудудий сектор босқичида ғолиблари қуйидагича эълон қилинди:

1-ўрин “Қорасув” маҳалла фуқаролар йиғинида 200 дан ортиқ хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтирган ибратли тадбиркор Эльмира Эргашевага насиб этди.

2-ўринни хорижий мамлакатларда ҳам намунали туризм хизматини кўрсатиб келаётган шижоатли тадбиркор “FIRDAVS-TURIZM” МЧЖ раҳбари Наргиза Пулатова эгаллади.

3-ўринга эса “Хумо” номли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва фермерлик фаолияти билан шуғулланувчи Дилдора Усарова муносиб деб топилди.

Кўрик-танловда фаол иштирок этган тадбиркор аёлларни Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак қутлаб, уларнинг мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий барқарор тараққиёти йўлида олиб бораётган келгуси фаолиятларида омад ва зафарлар тилади. Партия бундан буён ҳам янги иш ўринларини яратишда яқиндан кўмакдош бўлаётган тадбиркор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишларини давом эттиришини билдирди.

Танлов ташкилотчилари томонидан совриндор ва ғолибларга партиянинг ташаккурнома ва дипломлари, эсдалик совғалари тақдим этилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири  

  • Кўрилди
    180
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+