Оққўрғоннинг ишбилармон аёли аниқланди

23.05.2024, 10:15

Оққўрғоннинг ишбилармон аёли аниқланди

“Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг Оққўрғон туман босқичи туман Оила ва хотин- қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими, “Ишга марҳамат” мономаркази ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси туман бўлими билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.

Партия Тошкент вилоят ҳамда Оққўрғон туман Кенгашлари ташаббускорлигида ўтказилган тадбирда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Севара Муслимова, Оққўрғон туман “Ишга марҳамат” мономаркази директори Гулираъно Умарова, тумандаги 29 маҳаллаларда истиқомат қилувчи тадбиркор хотин-қизлар иштирок этишди.

Танлов иштирокчиларидан бўлган Динара Аширбаева ҳам бундан бир неча йил муқаддам оддийгина уй бекаси эди. “Ўша кезларда ишсиз уйда ўтирган дамларимда турмушдаги етишмовчиликлар сабаб яшаш манзилимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинига ижтимоий ёрдам сўраб мурожаат қилганман. Маҳалла оқсоқоли ва фаоллари менга имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйишим мумкинлигини тавсия қилишганда, буни ўзимга берилган катта имконият сифатида қабул қилганман. Дастлаб 2 тагина тикув машинасини имтиёзли шартлардаги кредитга олиб, иш бошлаган бўлсам, бугун маҳалламиздаги 200 дан ортиқ опа-сингилларимизга ҳунар сирларини ўргатиб, касаначилик асосида иш билан таъминлашга эришдим. Буларнинг бари юртимизда аёллар тадбиркорлигининг қўллаб-қувватланиши натижаси деб биламан. O’zLiDeP ҳам хотин-қизларнинг касб-ҳунарли бўлиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ортидан турмуш шароитини яхшилаш борасида хайрли тадбирларни ўтказиб келаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бугун партиянинг айнан ўзим каби тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамият ва давлат иқтисодий ҳаётида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллашида кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган кўрик-танловида иштирок этиб турганимдан жуда қувончлиман. Танловда қатнашиш асносида тадбиркорлик фаолиятини самарали йўлга қўйган ишбилармон опа-сингилларимиз билан танишиб, тажриба алмашиб, яқин ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олдик. Келгусидаги мақсадим ҳам ишсиз хотин-қизларни касбга йўналтириб, уларда тадбиркорликка бўлган қизиқишни орттириш, бандлигини таъминлаш, ўзим ташкил этган корхона фаолиятини янада кенгайтириш, халқимизнинг фаровон ҳаётини янада чиройли бўлишига муносиб хисса қўшиш, - дейди Динара Аширбаева.

Гулираъно Умарова, Оққўрғон туман “Ишга марҳамат” мономаркази директори:

- “Бугун юртимизда хотин-қизларни иш билан бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг самарали натижасини беряпти. Яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар туфайли иш билан банд бўлмаган, касб-ҳунарсиз аёлларимиз ҳам касб-ҳунарга йўналтирилиб, ўз-ўзини банд қилибгина қолмасдан, тадбиркорлик фаолиятини ҳам йўлга қўйишга муваффақ бўлишяпти. Аёлларимизни турмуш фаровонлиги ортгани сари ўзига бўлган ишончи ҳам ортиб, жамиятдаги ўз мавқеларини мустаҳкамлашяпти. Партиянинг “Ишбилармон аёл – 2024” кўрик-танловининг туман босқичида ҳакамлик қиларканман, мазкур танлов юртимизнинг энг чекка ва олис ҳудудларидаги опа-сингилларимизда ҳам тадбиркорликка бўлган қизиқишни уйғотаётгани, уларни рағбатлантираётгани, эътироф этаётгани, шунингдек унда янгидан-янги тадбиркор, фермер, ишбилармон хотин-қизлар кашф қилинаётганига гувоҳ бўлдим. Ушбу нуфузли танлов кўлами йилсайин ортиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат. Негаки, танлов иштирокчиларининг қўллаб-қувватланиши, эътироф этилиши натижасида уларнинг “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар бандлигини таъминлаш, хусусий бизнесга жалб этиш, ёшлар, аёллар, муҳтожларни иш билан таъминлашга қўшаётган улуши, яратган иш ўринлари сони, уларнинг турли муассасалар, фуқароларга бераётган беғараз ёрдами кўлами ортиб бораётганини кўриб турибмиз. Партиянинг бу борадаги ислоҳотчилиги ҳам эътирофга молик”.

Танловнинг яна бир иштирокчиси Ҳилола Караджанова боқувчисини йўқотган оила бекаси бўлишига қарамасдан, ҳамшираликдан топаётган маошига қаноат қилмай, даромадини кўпайтириш мақсадида алоҳида физиотерапевтик тиббий хизматга муҳтож оилаларга уқалаш ва уй ҳамширалиги хизматларини кўрсатишдан фаолиятини бошлаганини айтади. Кейинроқ келинойисини ҳам мазкур фаолиятга жалб этиш мақсадида уни тумандаги “Ишга марҳамат” мономарказида уқалаш ва физиотерапевтик хизматлар кўрсатиш йўналишида ўқитиб, сертификатли қилади. Бугун унинг аҳолига сифатли тиббий хизматларни кўрсатадиган хусусий корхонаси бор. Ташаббускор тадбиркор келажакда сиҳатгоҳ типидаги хусусий клиника фаолиятини йўлга қўймоқчи.

Яна бир иштирокчи кўрпа-тўшак ва бошқа рўзғор буюмларини тайёрловчи оилавий корхонага дастлаб 1 тагина эски тикув машинаси билан иш бошлаб, асос солгани, секин-аста маҳалласидаги тажрибали аёллар ва ёш келинларни жалб қилгани, уларга ҳунар сирларини ўргатгани ва бугунга келиб, у раҳбарлик қилаётган тадбиркорлик субъектида 30 дан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қилишаётганини ҳикоя қилади.

  Бир сўз билан айтганда, Оққўрғонда партия кўрик-танловидаги ғолиблик учун беллашган тадбиркор аёлларнинг ҳар бири алоҳида эътироф ва таҳсинга сазовор.

Одил ҳакамлар ҳайъатини узоқ муҳокамаларига сабаб бўлган танлов жараёни натижаларига кўра, “Гулистон” МФЙда истиқомат қилиб, ҳунармандчиликнинг "Миллий қуроқчилик" йўналишида фаолият юритаётган Динара Аширбаева 1-ўрин, “Собир Рахимов” МФЙда тикувчилик билан шуғулланувчи Чарос Турдиқулова 2-ўрин, “Уста Нормат” МФЙда "Қандолатчилик" маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонани самарали бошқариб келаётган Шахноза Бердибоева 3-ўринга муносиб кўрилишди.

Танлов ташкилотчилари томонидан совриндор ва ғолибларга партиянинг ташаккурнома ва дипломлари, эсдалик совғалари тақдим этилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири 

 

 

  • Кўрилди
    186
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+