Хорижда меҳнат миграциясида бўлиб қайтган ёшларнинг бандлигини таъминлаш йўлида бирдаммиз

28.06.2024, 11:08

Хорижда меҳнат миграциясида бўлиб қайтган ёшларнинг бандлигини таъминлаш йўлида бирдаммиз

Бугун давлатимизнинг кучли ижтимоий сиёсатида ёшлар масаласи энг устувор йўналиш ҳисобланади. Уларга сифатли таълим ва касб бериш, интилишларини қўллаб-қувватлаш, чет элда ўқиш ёки иш фаолияти билан банд бўлиб қайтган ёшларнинг бандлигини таъминлаш кун тартибидаги долзарб масалалардан бирига айланган. 

Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб вазифалар белгилангани фикримизнинг яққол исботи бўла олади.

 Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам мамлакатда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хорижий мамлакатларда меҳнат қилиб, ёки таълим олиб қайтган ёшларни муносиб ҳақ тўланадиган иш ўрни билан таъминлаш борасида қатор самарали чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.  

ЎзЛиДеП Тошкент вилоят Кенгаши ҳамда Оққўрғон туманидаги “Ишга марҳамат” мономаркази ўзаро ҳамкорлигида “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказилган навбатдаги кўргазмали намойиш ва тарғибот тадбири ҳам айни мақсадда ташкил этилди.

Тадбирда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилоят Кенгаши ва Оққўрғон туманидаги “Ишга марҳамат” мономаркази мутасаддилари ҳамда хорижда меҳнат миграциясида бўлиб қайтган 50 нафарга яқин оққўрғонлик ёшлар иштирок этишди.

Тадбир доирасида марказга таклиф этилган ёшлар вакилларига “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти юзасидан кўргазмали намойишлар ташкил этилиб, бу ерда ўқитиладиган анъанавий ҳамда замонавий касбларга доир ўқув курслари ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда сўз олганлар сўнгги йилларда ёшлар ва уларнинг фаровон келажак қуришлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти борасида тўхталишди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида 2024 йилда “ёшлар баланси” бўйича 925 минг йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш зарурлиги белгиланиб, бунда айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган ёшларни муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари билан таъминлаш, уларни Ватанга қайтариш масаласи устувор кўрилгани замирида ҳам катта ғамхўрлик ётганини қайд этишди.

Марказнинг кўргазмали намойишларида иштирок этиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишган ёшлар вакиллари ўзлари туғилиб ўсган юртда, оиласи бағрида меҳнат қилиб, фаровонликка эришишга йўл очган бугунги тадбирда таклиф этилганлари учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    115
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+