Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти ўз лавозимига киришди

14.07.2023, 14:52

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти ўз лавозимига киришди

14 июль куни Тошкентда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида, Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Унда депутат ва сенаторлар, давлат ташкилотлари раҳбарлари, дипломатик корпус ва жамоатчилик вакиллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Маросимни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев очиб, Президент сайлови янгиланган Конституциямиз ва демократик тамойиллар асосида, сиёсий фаоллик муҳитида ўтганини таъкидлади. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларнинг 87,05 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганини қайд этди. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёевни қизғин табриклаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти гувоҳномасини топширди.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз Конституциясига мувофиқ, Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қилди.

Маросимда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлади.

– Бугун елкамга қандай улуғвор масъулият олаётганимни, Ватанимиз мустақиллиги, 36 миллиондан зиёд азиз халқимнинг тинчлиги ва фаровонлиги учун шахсан жавобгар эканимни юрак-юрагимдан ҳис этиб турибман. Мана шундай юксак ишонч учун, ҳурмат ва эътибор учун кўпмиллатли, мард ва донишманд халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан таъзим қиламан, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Ўзбекистон янги даврга қадам қўяётгани, у сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлажаги таъкидланди. Бунинг учун янги ғоя ва ташаббуслар, аввалгидан-да кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлаш керак.

Дунёдаги зиддиятлар иқтисодиёт учун муаммолар келтириб чиқармоқда. Иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани ҳам барқарор ривожланишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Мана шундай оғир ва таҳликали вазиятда халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни – самарали ички ва ташқи сиёсат йўлини аниқ белгилаб олиш ва уни қатъий амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Президент шу борадаги келгуси етти йилга мўлжалланган стратегик мақсадларни кўрсатиб ўтди. Қисқа қилиб айтганда, булар – қонунчилик ва ижро ҳокимиятини такомиллаштириш, ихчам ва самарали бошқарув тизимини ташкил этиш, ижтимоий соҳа ва хизматларни ривожлантириш, тадбиркорликка имкониятларни кенгайтириш, иш ўринлари ва аҳоли даромадларини кўпайтириш кабилардир. 

Иқтисодиёт соҳасида “яшил иқтисодиёт”, “яшил энергия” тамойиллари янада кенг жорий этилади. Инвестициялар жалб қилиш кўпайтирилади. Саноат ривожлантирилади. 2030 йилгача мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ёшларга алоҳида мурожаат қилди.

– Азиз ўғил-қизларим, бугун тарихнинг ўзи, замоннинг ўзи сизларнинг олдингизда беқиёс имкониятлар очмоқда. Сизлар Ўзбекистон тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган буюк ишларни амалга оширишга қодирсиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг энг катта кучи аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли халқи экани, юртимиз бундан буён ҳам чинакам инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри бўлиб қолиши таъкидланди.

Чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия борасидаги ҳаракатлар изчил давом эттирилади. Аввало, минтақамиз мамлакатлари, ҳамкор давлатлар, халқаро ташкилотлар билан алоқалар янги босқичга кўтарилади. Экология ва атроф-муҳитни асраш, сув тақчиллигининг олдини олиш ҳам долзарб вазифа бўлади.

Президент бу галги нутқида турли кўрсаткичларга кўп тўхталмади, иқтисодий рақамларни келтирмади. Энг катта ютуқ халқимизнинг дунёқараши юксалгани, одамлар катта мақсадларга интилиб, эртанги кунга ишонч билан яшаётгани дея таъкидланди.

Ўзини ўзгартира олган халқ, ҳеч шубҳасиз, ҳаётни, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади, ўз мурод-мақсадларига албатта етади.

– Мана шундай улуғ эътиқод билан яшаётган халққа раҳбар бўлиб, уни ёруғ манзиллар сари бошлаш мен учун улкан бахт, улкан шарафдир.

Ҳаётимнинг маъно-мазмунига айланган буюк мақсад – Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида сизлар билан, бутун халқимиз билан бирга тинимсиз ишлашга, бор куч-ғайратим, билим ва салоҳиятимни сафарбар этишга тайёрман, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз мадҳияси ижро этилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси якунланди.

  • Кўрилди
    817
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+