Ўзбекистон – Франция: қатъий ишонч ва азалий дўстликка асосланган муносабатлар стратегик шериклик даражасида давом этади

03.11.2023, 15:38

Ўзбекистон – Франция: қатъий ишонч ва азалий дўстликка асосланган муносабатлар стратегик шериклик даражасида давом этади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон 1-2 ноябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Ўзбекистон ва Франция. Бу икки мамлакатни бир неча минг километр масофа ажратиб турса-да савдо-иқтисодий, маданий алоқалар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур Франция қироли Шарль VI билан мактуб алмашиб, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратган. Европанинг бошқа давлатларига қараганда Францияда буюк Соҳибқирон ва темурийлар ҳақида кўплаб илмий, бадиий асарлар яратилган, буюк жаҳонгирнинг давлатчилик сиёсати чуқур ўрганилган. Айнан ушбу юртда Соҳибқирон шарафига илк бор олтиндан ҳайкал ишланган.

Франция мамлакатимиз мустақиллигини ҳам биринчилардан бўлиб, 1992 йил 3 январда эътироф этган. Давлатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 1 мартда ўрнатилган бўлиб, 1992 йил июнда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, 1995 йил март ойида эса Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси фаолият бошлаган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Франция капитали иштирокидаги 47 корхона, жумладан, тўлиқ Франция сармояси асосидаги 17 корхона фаолият кўрсатмоқда. Жорий йил апрель ойида Тошкентда Франция Тадбиркорлар ҳаракати – “MEDEF International” билан ҳамкорликда ташкил этилган бизнес форумда 35 дан ортиқ Франция компаниялари вакиллари иштирок этди. 

Франция тараққиёт агентлиги (АFD) билан имзоланган 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида қиймати 1 миллиард евродан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Бугунги кунда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон – Франция” дўстлик гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда. 

Кейинги йилларда жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон – Франция муносабатларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 ва 2022 йилларда Францияга амалга оширган расмий ташрифлари муҳим аҳамиятга эга бўлди. 

Жумладан, ўтган йил 22 ноябрь куни Париждаги учрашув чоғида икки давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, муносабатларни юксак даражадаги кенг қамровли шериклик руҳида ривожлантиришга келишиб олгандилар. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Президенти Эммануэль Макронни ўзи учун қулай вақтда ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этганди.

Франция Президентининг юртимизга ташрифи асосий тадбирлари 2 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросимидан бошланди.

Конгресс маркази олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон Президенти олий мартабали меҳмонни самимий қарши олди ва шоҳсупага таклиф қилди.

Ҳарбий оркестр ижросида икки мамлакат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул давлат раҳбарлари олдидан тантанали юриб ўтди.

Ўзбекистон ва Франция Президентлари расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида мамлакатимиз етакчиси Франция Президентининг Ўзбекистонга охирги 30 йилдаги илк ташрифи тарихий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Эммануэль Макрон давлатимиз раҳбарига ташриф билан келиш таклифи ҳамда Франция делегациясига кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Франция раҳбари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Етакчилар Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар ҳамда икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олдилар.

Кейинги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон – Франция муносабатлари барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони каррасига ошгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 10 миллиард евродан ошди.

Франция тараққиёт агентлиги билан 1 миллиард евролик Стратегик ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда.

“Яшил” энергетика, хомашё ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, инновацион қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти, логистика, инфратузилмани ривожлантириш, туризм ва бошқа соҳаларда янги йирик лойиҳаларни илгари суриш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлишини ҳамда Евроиттифоқ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланишини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр экани таъкидланди.

Сиёсий мулоқотни давом эттириш, хавфсизлик, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик кун тартиби бой экани мамнуният билан таъкидланди. Ўзбекистонда француз тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани айтилди.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Франция олий таълим муассасасини очишни тезлаштириш ҳамда француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

Давлатимиз раҳбари учрашувни очар экан, Франция Президентига расмий шахслар, етакчи компаниялар раҳбарлари, таниқли маданият ва фан арбобларидан иборат нуфузли делегация бошчилигида Ўзбекистонга келгани учун миннатдорлик билдирди.

– Бу сизнинг Ўзбекистон – Франция дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга шахсий эътиборингиз ва алоҳида ёндашувингизнинг ёрқин тасдиғидир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мунтазамлик касб этган олий даражадаги учрашувлар туфайли икки мамлакат муносабатлари кенг қамровли тус олгани таъкидланди.

Томонлар фаол сиёсий алоқаларни, парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий ва иқтисодий идораларнинг мунтазам мулоқотини давом эттиришга келишиб олдилар.

Ҳисоб-китобларга кўра, яқин орада 1 миллиард еврога етиши кутилаётган товар айирбошлаш жадал ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 10 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.

Юртимизда Франциянинг Orano, EDF, Total, SUEZ, Eiffage, Voltalia, Lactalis, Veolia ва кўплаб бошқа етакчи компаниялари муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари қазиб олиш тармоғи, стратегик хомашё ресурсларини қайта ишлаш, гибрид, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини жорий этиш, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, туризмни ҳамкорликнинг устувор соҳалари сифатида қайд этди.

Ишбилармонлар ўртасидаги шерикликни илгари суриш учун Ўзбекистон – Франция савдо палатаси ишга тушиши ҳамда Тошкентда “Business France” агентлигининг офисини очиш режалаштирилаётгани эълон қилинди.

Гуманитар соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида уч йиллик дастур қабул қилиш ва унинг доирасида ўзаро Маданият кунларини ўтказиш таклиф қилинди.

Томонлар Самарқанд шаҳрида Франция альянси филиали очилишини олқишладилар ҳамда қўшма олий таълим муассасасини ташкил этишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Франциянинг турли шаҳарларидан Самарқанд, Бухоро ва Хивага чартер рейсларни ташкил этган ҳолда сайёҳлар алмашинувини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

Халқаро кун тартибидаги масалалар, хавфсизликка умумий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон етакчиси Франция Президентига 2024 йилда Париж шаҳрида ёзги Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтишини тилади.

Давлат раҳбарлари эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тайёрлашга топшириқ бердилар.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Қўшма баёнот қабул қилдилар.

Ҳужжатда икки давлатнинг ўзаро муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш нияти қайд этилган.

Икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолатига ҳамда турли соҳаларда давлатлараро муносабатларни кенгайтириш истиқболларига баҳо берилган, томонлар халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга, долзарб глобал ва минтақавий муаммоларни биргаликда ҳал қилишга интилиши тасдиқланган.

Президентлар ҳузурида молия, таълим, маданият ва ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари бўйича 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Жумладан:

– “Самарқанд Француз Альянси”ни ташкил этиш ва унинг фаолияти тўғрисида ҳукуматлараро битим;

– Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳукуматлараро молиявий баённомалар (1- ва 2-босқичлар);

– Ўзбекистонда Франция тараққиёт агентлиги ва “ПРОПАРКО”ни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённома;

– ташқи ишлар вазирликлари ўртасида дипломатик кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;

– мактабгача, мактаб, профессионал ва олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича баённома;

– маданий мерос соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;

– профессионал ва техник таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишув.

Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда «SUEZ» ва «Bouygues» компаниялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида декларациялар имзоланди.

Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Самарқанд шаҳрида қўшма бизнес форуми бўлиб ўтди. Унинг ишида икки давлат раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил ноябрь ойида Францияга расмий ташрифи давомида ҳам ушбу мамлакат ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашган. Ўшанда савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш юзасидан аниқ келишувларга эришилган эди. Бугунги учрашув ушбу очиқ ва конструктив мулоқотнинг давоми бўлди.

Франция томонидан тадбирда ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик масалалари ва хориждаги француз фуқароларининг ишлари бўйича вазир-делегат Оливье Бешт, иқтисодиёт, молия, саноат ва рақамли суверенитет вазири ҳузуридаги саноат масалалари бўйича вазир-делегат Ролан Лескюр, “MEDEF International” бизнес уюшмаси бош директори Клод Имовен, Франция тараққиёт агентлиги бош директори Реми Риу қатнашди.

Бундан ташқари, тадбирда EDF, Voltalia, Total Energies, Orano, Eiffage, Veolia, SUEZ, Lactalis, Semai, Semmaris, Alstom, Airbus Helicopters, ATR, Vicat, Mobilitas, Boehringer Ingelheim, Thales, Aramine, Meridiame, Societe Generale, Natixis каби йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этди.

Кўҳна Самарқанддаги учрашувни очар экан, давлатимиз раҳбари Президент Эммануэль Макронни ва Франция ишбилармон элитаси вакилларини самимий қутлади.

Олий даражадаги фаол мулоқотлар туфайли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликда ижобий суръат кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Йил бошидан ўзаро савдо ҳажми уч баробар, кейинги йилларда қўшма корхоналар сони тўрт баробар кўпайди.

Тўғридан-тўғри савдо алоқалари ва саноат кооперациясини янада мустаҳкамлаш икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига мос экани қайд этилди.

– Бугун қадрли ҳамкасбим билан ниҳоятда самарали музокараларни ўтказдик, ҳамкорлигимизнинг янги даври бошланаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Келгусида ўзаро муносабатларимизни стратегик шериклик даражасига кўтариш ниятидамиз, – деди Ўзбекистон Президенти.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида етакчилар келгусида савдо ҳажмларини кескин ошириш, Франция компанияларининг инвестициявий фаолиятини фаоллаштириш масалаларига ҳар томонлама кўмаклашишга келишиб олганларини қайд этди.

Бунда қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий қилинади, бизнес учун янада қулай шароитлар яратилади ва ишбилармонлик ташаббусларига ҳар томонлама кўмаклашилади.

Бугунги кунда энергетика, тоғ-кон саноати, сув таъминоти, транспорт, қишлоқ хўжалиги, банк-молия ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликда катта натижаларга эришилмоқда.

Франциянинг ишбилармон доиралари билан самарали ва очиқ мулоқотни кенгайтириш учун янги сермаҳсул платформаларни яратишга тайёрлик билдирилди.

Шу маънода, мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистон – Франция савдо палатасини ташкил этиш бўйича форум доирасида эришилган келишувни олқишлади. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида “Business France” агентлигининг офисини очиш режалари қўллаб-қувватланди.

Франция ҳукумати, етакчи компаниялари ва молия институтлари Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини фаол қўллаб-қувватлашда давом эттиришидан манфаатдорлик билдирилди.

– Бир нарсани аниқ айтишим мумкин – ислоҳотларимиз орқага қайтмас тус олди. Бизнинг бош устувор мақсадимиз – кучли фуқаролик жамияти институтлари, замонавий инфратузилма ва қудратли саноатга эга бўлган демократик давлатни қуришдир, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Франция шериклигини кенгайтириш бўйича тўртта энг устувор йўналишни кўрсатиб ўтди ва қатор ташаббусларни илгари сурди.

Мамлакатимиз “яшил” энергетикадек муҳим соҳада стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр экани таъкидланди. Бу борада “EDF”, “Voltalia” ва “Total Energies” компаниялари билан йирик лойиҳалар бошланган.

Кооперациянинг яна бир муҳим йўналиши сифатида стратегик хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва илғор технологиялар асосида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қайд этилди. Бу соҳада “Orano” компанияси билан шерикликни кенгайтириш режалари борлиги таъкидланди.

Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва замонавий инфратузилмани барпо этиш муҳим устувор йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. “SUEZ”, “Eiffage” ва “Veolia” компаниялари билан биргаликда юртимиз сув таъминоти ва иситиш тизимларини модернизация қилиш бўйича катта ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Навбатдаги муҳим йўналиш сифатида қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратилди.

Шу муносабат билан мамлакатимиз ҳудудларида замонавий агрологистика мажмуаларини қуриш бўйича Франция томони билан фаол ҳамкорлик қилиниши қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон Президенти бизнес-форум икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида амалий мулоқотни жадаллаштириш ҳамда янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишга қаратилгани билан, айниқса, аҳамиятли эканини таъкидлади.

– Янги Ўзбекистонда ишлаш учун франциялик ҳамкорларимизга эшикларимиз доим очиқ эканини, қандай фойдали қўшма лойиҳаларингиз бўлса, амалга оширишга доим тайёрлигимизни таъкидламоқчиман, – деди давлатимиз раҳбари сўзининг якунида.

Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам бизнес–форум иштирокчиларига мурожаат қилди. У Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, ушбу сиёсат туфайли икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик учун катта имкониятлар очилганини қайд этди. Ўзаро манфаатли шерикликда мавжуд улкан салоҳиятни янада фаол ишга солишга чақирди, бундан мамлакатларимиз иқтисодиётлари ва халқлари манфаат топишига ишонч билдирди. 

Бизнес-форум якунида энергетика, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа муҳим соҳаларда эришилган келишувлар бўйича салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Ўзбекистон – Франция бизнес форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Orano» компанияси раиси Клод Имовен, “EDF” компанияси раиси ва бош директори Люк Ремон ҳамда “Semmaris” компанияси раиси Стефан Лаяни, “Meridiame” компанияси раиси Тьерри До, “Lactalis” компанияси раиси Эммануэль Бенье, “Boehringer Ingelheim” компанияси раиси Кристиан Вижсен ва Франция тараққиёт агентлиги раҳбари Реми Риу билан учрашув ўтказди. 

Мулоқот чоғида мазкур компаниялар ва агентлик билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, биргаликда амалга оширилаётган ва истиқболдаги лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. Давлатимиз раҳбари юртимизда Франция тадбиркорларининг самарали фаолият юритиши учун барча имконият ва қулайликлар яратилишини қайд этди.

Самарқанддаги олий даражадаги музокаралардан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакатларимизни янада яқинлаштириш ва халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қатъий интилиш белгиси сифатида Самарқанддаги Конгресс маркази боғида дарахт экдилар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакатимиз маданий меросига бағишланган кўргазма билан танишдилар.

Унда мамлакатимизнинг 7 та музейидан экспонатлар жамланган. Халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданияти ҳақида тасаввур берувчи бу нодир ашёлар хронологик экскурсия тарзида жойлаштирилган. 

Маълумки, юртимиз ҳудуди трансконтинентал алоқалар ривожланиши билан савдо, фан, таълим, маданият ва меъморчилик марказига айланган. Қадимий ёдгорликларда кўплаб маданиятлар – туркий, форсий, юнон-бақтрия, араб, ҳинд, хитой ва бошқа халқлар қадриятларининг излари бор. Қизиқарли намойиш томошабинга экспонатларнинг нафислигини, маданий ва тарихий аҳамиятини тушунишга ёрдам беради ҳамда мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилиш истагини уйғотади.

Кўргазма 3 та бўлимдан иборат. Биринчи бўлим қадимги давлатлар даври, маданиятларнинг Ипак йўли орқали тарқалиши, Кушонлар империяси ҳақида бўлиб, ҳайкалчалар, тилла буюмлар ва тангалар намойиш этилган. Уларнинг айримлари Ўзбекистон ва Франция олимларининг биргаликдаги экспедициясида топилгани диққатга сазовор.

Иккинчи бўлим қадимги ва ўрта асрларда санъат ва маданиятнинг гуллаб-яшнаши, йўллар ва карвонлар мавзуси билан таништиради.

Учинчи бўлим Ренессанс ва темурийлар даврида Марказий Осиёда ислом динининг тарқалиши, маданият ва илм-фан ривожланиши ҳақида. Бу ерда меҳмонлар Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби улуғ алломаларнинг қўлёзмалари билан танишиши мумкин. Бу бўлим буюк ҳукмдор Амир Темур сиймоси атрофида ташкил этилган бўлиб, унда ўша даврга оид безак буюмлари ва Франция қиролининг Соҳибқиронга йўллаган мактуби тақдим этилган.

Кўргазма Франция Президенти ва делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон Француз альянсининг Самарқанд шаҳридаги филиалига ташриф буюрдилар.

Француз тили ва маданиятини тарғиб қилишга кўмаклашувчи ушбу ноҳукумат нотижорат ташкилот 1883 йилда Париж шаҳрида Жюль Верн ва Луи Пастер каби ўз даврининг атоқли шахслари ташаббуси билан тузилган. Бугунги кунда Француз альянсининг 800 дан зиёд филиали дунёнинг 137 та мамлакатида фаолият юритмоқда.

Альянснинг мамлакатимиздаги биринчи филиали 2015 йилда Тошкентда очилган эди. Маданият ва тил соҳасидаги икки томонлама алмашинувларни янада кенгайтириш мақсадида яқинда Самарқанд шаҳрида яна бир филиал ташкил этилди.

Ташриф чоғида давлат раҳбарлари тасмани тантанали равишда кесдилар ва марказни очиб бердилар.

Президентлар замонавий жиҳозланган марказнинг имкониятлари билан танишдилар. Бу ерда француз тили ва адабиёти бўйича ўқув курслари ташкил этилади. Марказ 200 нафаргача француз маданиятига қизиқувчиларни қабул қила олади. 

Альянснинг Самарқанддаги фаолияти халқларимизни янада яқинлаштириш, ўзаро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон мамлакатимизга расмий ташрифи доирасидаги тадбирлар якунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрининг қадимий обидалари билан танишди.

Давлат раҳбарлари дастлаб Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейини бориб кўрди. 

Маълумки, Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек Амир Темурнинг суюкли набираси бўлган, Соҳибқироннинг эзгу ишларини давом эттирган. У ҳам ҳукмдор, ҳам олим сифатида илм-фан ва маданиятни ривожлантирган, бунёдкорликка катта эътибор қаратган. Ўрта асрлардаёқ ноёб расадхона барпо этиб, осмон жисмларини жуда аниқ ўрганган. 

Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари дунё астрономиясида муҳим қўлланма ҳисобланади. Уни Европа, жумладан, францияликлар ҳам яхши билишади. 

Хусусан, француз астрономи Жозеф-Николя Делил фаолияти давомида Мирзо Улуғбекнинг асарларини ўрганган, “Зижи жадиди Кўрагоний” асарини лотин тилига таржима қилдирган. Делил 1739 йилда буюк бобокалонимизнинг астрономия жадваллари ҳақида нутқ сўзлаган. Ушбу нутқнинг матни ҳозиргача сақланиб қолган.

Бу каби маълумотлар икки халқ алоқаларининг тарихий илдизлари қанчалик теранлигини кўрсатади.

Меҳмонлар музейда Мирзо Улуғбек даврига оид ашёлар, китоблар, қўлёзмалар, асл нусхадаги квадрант асбобини кўздан кечирди. 

Президентлар Амир Темур мақбарасига борди. 

Олий мартабали меҳмонга буюк Соҳибқироннинг ҳаёти, ҳарбий маҳорати, бунёдкорлик ишлари ҳақида сўзлаб берилди. 

Амир Темур ўз куч ва салоҳияти билан ҳукмдорлик даражасига чиққан, Ҳиндистондан Европагача бўлган ҳудудда барқарор давлат барпо этган нодир шахсдир. Соҳибқироннинг ҳарбий юришлари ва дипломатияси узоқ ўлкаларга ҳам катта таъсир кўрсатган. Европа қироллари Амир Темур давлатини тан олиб, у билан алоқа ўрнатишга интилган.

Шу боис ҳам бутун дунёда Амир Темур шахсига ва темурийлар меросига қизиқиш катта. Жумладан, 1988 йилда Францияда Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциацияси тузилган. Унинг собиқ президенти, профессор Люсен Керен Амир Темур ва темурийлар даврини кўп йиллар давомида тадқиқ этгани, Франция ва Ўзбекистон халқлари яқинлашишига катта ҳисса қўшгани учун Ўзбекистоннинг “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

1996 йилда Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида “Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши” номли кўргазма бўлган. Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи доирасида Лувр музейида ташкил этилган “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси катта воқеа бўлган эди. Унда темурийлар меросига алоҳида ўрин ажратилди.

Давлат раҳбарлари Регистон мажмуасида ҳам бўлди.

Маълумки, бу маскан Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасаларидан иборат. Мирзо Улуғбек ва Баҳодир Ялангтўш қурдирган бу обидалар асрлар давомида илм аҳлини ўзига чорлаб келган, юзлаб олиму фузалоларга мактаб бўлган. Ажойиб симметрия ва меъморий қиёфа касб этган мажмуа бугунги кунда Самарқанднинг "ташриф қоғози"га айланган. 

Меҳмонларга аждодларимизнинг меъморчилик анъаналари, пештоқлардаги нақшлар ва маънолар ҳақида сўзлаб берилди.

Сўнг Президентлар Шоҳи Зиндага борди. Бу мажмуа саҳоба Қусам ибн Аббос ва алломаларнинг мақбараларидан иборат. Мажмуанинг тарихий, маданий ва бадиий қиммати шундаки, у архитектура ва безак санъатининг бир неча асрлар давомида ривожланиши ҳақида тасаввур беради. Шоҳи Зинда 2001 йилда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Шу жиҳатлари билан сайёҳларни ҳамиша ўзига жалб этади.

Меҳмонлар мажмуа дарвозаси ва мақбаралар тарихи билан танишди, нақшлар нафислигини эътироф этди.

Шу билан Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг мамлакатимизга расмий ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари

Теглар
Кун мавзуси
  • Кўрилди
    429
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+