Кучли ижтимоий сиёсат — фаровон турмуш асоси

15.11.2017, 19:57

Бугун юртимизнинг қай гўшасига бормайлик, энг улуғ, энг азиз айём — мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигини ўзгача шукуҳ билан нишонлаш кайфияти ҳукм сураётганига гувоҳ бўламиз. Қутлуғ санага бағишланган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган бўлиб, улар мамлакатимиз озодлиги ҳамда ободлигини асраш масъулияти ва элу юрт равнақига дахлдорлик ҳиссини оширмоқда. Аёнки, олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни ва мавқеи тобора юксалмоқда. Тарихан қисқа муддатда барча соҳада улкан ютуқларга эришилдики, уларнинг ҳар бири дунё манзараси ўзгариб, турли минтақалар низолар ўчоғи ҳамда тўқнашувлар гирдобида қолган ҳозирги мураккаб даврда жуда аҳамиятлидир. Истиқлолнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон ўз олдига ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, очиқ сиёсат олиб бориш, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш мақсадини қўйган эди. Жаҳонда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб ном олган стратегия асосида давлат ва жамият қурилишининг беш тамойили илгари сурилди. Биз бугун бу ислоҳотлар натижаларини дунёқарашимиз, ҳаётга муносабатимиз ҳамда турмуш тарзимиздаги ўзгаришларда кўриб турибмиз. Шуниси қувонарлики, Ўзбекистон чорак аср мобайнида иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, асосан, пахта хом ашёси етказиб беришга мослашган, собиқ иттифоқ таркибида аҳолининг ҳаёт даражасини ифодалайдиган кўрсаткичлар бўйича энг охирги ўринда, таъбир жоиз бўлса, жар ёқасида турган ўлкадан тез ва барқарор суръатлар билан, аввало, замонавий тармоқлар ҳисобидан ривож топаётган мамлакатга айлангани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Эсласак, мустабид тузум даврида экин майдонларининг аксарият қисми фақат пахта учун ажратилган эди. Шундай оғир вазиятда давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг қатъий саъй-ҳаракатлари билан 1989 йилнинг август ойида шахсий томорқа хўжаликлари ҳамда уй-жой қурилишини ривожлантириш тўғрисида ҳужжат қабул қилинди. Унга кўра, 1989-1990 йилларда 1,5 миллион оиланинг томорқа хўжалиги кенгайтирилди, 700 минг оилага ер участкалари берилди. Бу чора-тадбирлар ўша пайтда кескин тус олган ижтимоий вазиятни юмшатиш имконини яратди. Ўзбекистон истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ “шок терапияси”дан воз кечиб, тадрижий ислоҳотлар сиёсатини амалга оширди. Иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги ва кучли ижтимоий сиёсат қарор топди. Жумладан, ижтимоий соҳага давлат ҳамда жамият эътиборини кучайтириш, манзилли ижтимоий ҳимояни кафолатлаш механизми шакллантирилди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги қонунчилик асослари мустаҳкамланди. 1991 йилдаёқ “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Бундан ташқари, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга йўналтирилди. Мазкур қонун ҳужжатлари ижросининг изчил таъминланиши, ҳар йили давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳаларга сарфланаётгани юртимизда ижтимоий барқарорликни сақлаб, одамларимизнинг эртанги кунга ишончи янада ортишига хизмат қилмоқда. Иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида юз бераётган ислоҳотлар билан бир қаторда, соғлиқни сақлаш, таълим, санъат ва маданият, жисмоний тарбия ҳамда спорт каби жабҳаларда ҳам бозор иқтисодиётига хос ўзгаришлар юз берди. Ўзбекистон Ҳамдўстлик давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида аҳоли учун таълимнинг мутлақо янги ва самарадор моделини ишлаб чиқиб, ҳаётга изчил татбиқ этаётир. Ёдимизда, ҳатто энг оғир дамларда ҳам ёшлар сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди. 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун мустақил республикамизнинг илк қонунларидан биридир. Бу ўсиб келаётган авлодга энг катта бойлик сифатида қараб, эртамиз эгаларининг ҳар томонлама етук бўлиб камол топиши учун барча шарт-шароитни яратиш сари қўйилган ғоятда муҳим қадам эди. “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ, мамлакатимизда узлуксиз таълимнинг тобора жадал ривожланиб бораётган иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун зарур мутахассислар тайёрлашга қаратилган ўзига хос тизими йўлга қўйилди. Энг чекка қишлоқларда ҳам замонавий мактаблар, лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари бунёд этилди. Бугунги кунда юртимизда таълим-тарбия соҳасига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10-12 фоизни ташкил қилмоқда. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб 2 баробар кўпдир. Рўёбга чиқарилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг амалий ифодасини соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришу янгиланишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, ўтган йили республикамизда 141 тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун қарийб 500 миллиард сўм сарфланди. Қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш ҳамда замонавий диагноз ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида аҳоли ўртасида турли хасталиклар билан касалланиш даражаси кескин камайишига эришилди. Ўзбекистон аҳолисининг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73 ёшга етди. Сўнгги беш йилда мамлакатимизда оналар ҳамда болалар ўлими бир неча баробар камайди. Бу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришганини алоҳида таъкидлаш зарур. Хулоса ўрнида айтганда, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш каби соҳаларни ривожлантириш баробарида, кам таъминланган аҳоли қатламларини манзилли ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар бугун беқиёс самара бермоқда. Дарҳақиқат, мамлакатимиз аҳоли турмуш даражасини юксалтириш борасидаги қатор кўрсаткичлар бўйича дунёдаги етакчи давлатлар қаторидан жой олаётгани ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг нечоғли оқилона ва пухта эканлигини яққол тасдиқлайди.


  • Кўрилди
    2684
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+