Маҳсулотлар сифатини ошириш бўйича вазифалар белгиланди

19.05.2021, 09:02

Маҳсулотлар сифатини ошириш бўйича вазифалар белгиланди

Мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, маҳсулотлар сифатини ошириш, жаҳон бозорларига чиқиш – долзарб масала ҳисобланади. Шу сабабли юртимизда мавжуд 30 мингга яқин стандартнинг 19 мингтаси халқаро нормалар билан уйғунлаштирилиб, халқаро стандартлар реестри шакллантирилди.

Эскирган, бозор иқтисодиёти механизмларига салбий таъсир кўрсатадиган 5 минг 600 та стандарт амалиётдан чиқарилди, 3 минг 500 таси замон талаблари асосида такомиллаштирилди. Халқаро аналогларга мувофиқ қўшимча 26 та техник регламент ишлаб чиқилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи 260 та корхонада “Global G.A.P.” ҳамда “Organic” стандартлари асосида сифат тизими жорий этилиб, улар халқаро даражада сертификатлаштирилди. 32 та тўқимачилик корхонаси “Oeko-Tex” стандарти асосида сертификатлаштирилган бўлса, 21 та корхона Европа Иттифоқида талаб этиладиган “СЕ” маркировкасини тасдиқловчи сертификат олди.

Ҳозирги кунда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилаётганига қарамай, ишлаб чиқаришда, эспорт ва импорт жараёнларида стандартлар билан боғлиқ яна кўплаб вазифалар мавжуд. Айрим тартиб-таомиллар тадбиркорларга қийинчилик туғдирмоқда.

Куни кеча бўлиб ўтган техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология миллий тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тақдимоти давомида ушбу масалаларни ҳал этиш, соҳадаги тартибларни такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда 3 минг 400 турдаги маҳсулотга санитария-эпидемиологик хулоса билан бирга мувофиқлик сертификати ҳам талаб этилмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбари мутасаддиларга санитария-эпидемиологик хулоса олинадиган маҳсулотлар рўйхатини мақбуллаштириш, қўшимча мувофиқлик сертификати талабини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Тақдимотда импорт маҳсулотлар синови божхона расмийлаштируви жараёнида амалга оширилиши, бунга эса 60 кунгача вақт кетаётгани қайд этиларкан, бу борадаги ҳужжатларни камида 30 кун олдин божхона электрон дастурига жойлаштириш тизимини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.

Халқаро талаблар билан уйғунлашмаган қолган 11 мингта миллий стандарт ўрнига халқаро стандартларни қабул қилиш ҳамда 2023 йилдан барча корхоналарни ушбу стандартларга ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.

Европа Иттифоқининг “GSP+” тизими доирасидаги имтиёзлардан кенг фойдаланиш учун корхоналарга халқаро сертификатлар олишда кўмаклашиш кераклиги қайд этилди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки “Ўзбекистон “GSP+” бенефициари мақомини олгани тарихий воқеа бўлиб, мамлакат тараққиётидаги янги муҳим босқични бошлаб берди. Айтиш мумкинки, “GSP+” мақоми Ўзбекистонга ЕИ билан нафақат савдо, балки технологиялар, билим ва малакаларни алмашиш соҳасида ҳам улкан имкониятларни очади.

O'zLiDeP ҳам истиқболда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот экспортини тезкор илгари суриш ҳисобидан жаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллаш учун барча зарур миллий ресурсларни ишга сола олиши мумкин бўлган саноат гуруҳлари яратилишини рағбатлантиришни таклиф  қилади. Биз бизнес гуруҳлар ҳақида алоҳида тижорий ташкилотлар тўғрисидаги каби қонунчиликни ривожлантириш, уларни шаклланишининг бошланғич даврида ва узоқ истиқболда қўллаб-қувватлаш тарафдоримиз.

Ботирбек Тўразода,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    507
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+