Тиббиёт тизимида янги давр бошланди

18.03.2022, 18:28

Тиббиёт тизимида янги давр бошланди

Инсон учун тинчлик ва саломатликдан ортиқ неъмат йўқ. Танимиз соғ бўлсагина ўз олдимизга қўйган мақсадлар сари интиламиз, хурсандчилик ва байрамлар татийди.

Давлатимиз раҳбарининг янгиланиш ва яшариш айёми Наврўз байрами арафасида  мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказганларида ҳам теран маъно мужассам. Яъни бу мулоқот шунчаки расмиятчилик учун эмас, балки, тиббиёт соҳасида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни ҳал этиш орқали соҳани тубдан ривожлантириш, жаҳон стандартларига мос тиббиёт тизимини шакллантириш орқали аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган мулоқот десак, тўғри бўлади. Зеро, соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифалар марказида ҳам айнан инсон ва унинг қадр-қимматини юксалтириш қўйилгани бежиз эмас. Инсонн қадрини оширишнинг асосий йўналишларидан бири эса тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни тез ва сифатли ҳаётга тадбиқ этиш билан боғлиқдир.

Президентимиз очиқ мулоқотда сўзлаган нутқида соҳада кейинги беш йилда эришилган ютуқ ва камчиликлар ҳақида гапириб, келгусида қилиниши зарур бўлган муҳим ташаббус ва таклифларни илгари сурдилар. Хусусан, Бош қомусимизда тиббиёт тизимининг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Тиббиёт соҳасида озми кўпми тажрибага эга инсон сифатида айтишим мумкинки, ҳақиқатдан ҳам Бош қомусимиздаги тиббиёт билан боғлиқ нормаларни такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо қилаяпти. Қайси маънодаки, бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Ривожланиш шиддат давом этмоқда. Шунга яраша одамларнинг дунёқараши ҳам ўзгармоқда.

Конституциямизни қандай нормалар билан такомиллаштириш зарурлиги ҳам давлатимиз раҳбари томонидан аниқ, асосли равишда кўрсатиб берилди. Ўзбекистон фуқаролари қонунда, энг аввало, Конституциямизда белгилаб қўйилган кафолатли тиббий ёрдам турларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланиб, шу мақсадда, турли тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш учун конституциявий асос яратиш зарурлиги таъкидланди. Бу ниҳоятда ўринли ташаббус деб ҳисоблайман. Негаки, агар халқаро миқёсда олиб қарайдиган бўлсак ҳам, тараққий этган хориж мамлакатларида айнан суғурта тизими яхши ривожланган. Бу эса аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун қатор қулайликларни яратади.

Суғурталаш тизими жорий этилса, биринчидан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўлами янада ошади. Иккинчидан, хавфли касалликларга чалиниш эҳтимоли камайиб, аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш имкони пайдо бўлади. Учинчидан, суғурта бозори ривожланади. Қолаверса, тез тиббий ёрдам тизимининг транспорт, барча тиббиёт муассасаларининг дори-дармон билан таъминланиши сезиларли даражада яхшиланади, тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари босқичма-босқич оширилиб борилади.

Биз депутатлар ҳам Президентимиз ёнида камарбаста бўлиб, мамлакатимизнинг замонавий тиббиёт тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ҳар бир ишга сидқидилдан ёндашишга бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    306
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+