Туркия билан стратегик шериклик ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ривожланмоқда

31.03.2022, 12:00

Туркия билан стратегик шериклик ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ривожланмоқда

Тили, дини, урф-одатлари ва дунёқараши бир-бирига яқин халқлар ўртасидаги муносабатлар доим мустаҳкам асосга эга бўлади. Худди шундай Туркия билан Ўзбекистон ўртасида азалий дўстлик ҳамда қардошлик ришталари тарихий аҳамиятга эга бўлиб, кейинги беш йилда бу алоқалар янада ривожланди. Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг мамлакатимизга расмий ташрифи эса иккала дўст мамлакат ўртасидаги сермаҳсул амалий шериклик учун янги имкониятлар эшигини очади.

Бу учрашувнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил ва стратегик шериклик муносабатлари йўлга қўйилганлигига 5 йил тўлди. Бу даврда савдо ва инвестиция соҳаларида алоқалар жадал ривожланди. Хусусан, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш 2,5 баробарга ўсиб, 3,6 миллиард доллардан ошди. Қўшма корхоналар сони 5 баробар кўпайиб, 2 мингдан ортди. Инвестициявий ҳамкорлик кўрсаткичлари 70 баробарга ўсди.

Давлат раҳбарлари мамлакатимиздаги ислоҳотлар борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, фан, таълим, санъат, кино, туризм ва ахборот соҳаларидаги шерикликни янада чуқурлаштириш муҳимлигини қайд этишди. Ҳамкорлик кўлами кенгайганини ҳисобга олиб, томонлар икки ёқлама муносабатларни янги даражага – кенг қамровли стратегик шериклик босқичига олиб чиқишга қарор қилдилар.

Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлардан - имтиёзли савдо тўғрисидаги битим, давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисидаги баённома, меҳнат ва бандлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми, суд экспертизаси соҳасида ҳамкорлик меморандуми, қурилиш соҳасида англашув меморандуми, соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан Туркиянинг “Анадолу” агентлиги ўртасида Ҳамкорлик битими имзолангани дўст мамлакат билан муносабатларимиз юқори даражага кўтарилганидан далолат беради.

Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан ўзаро стратегик шериклик алоқаларининг мустаҳкаланиб бораётгани юртимизнинг истиқболга юз тутаётгани, дунё ҳамжамиятида обру ва эътибори ошиб бораётганини кўрсатмоқда.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    235
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+