Ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди

06.04.2022, 09:51

Ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди

Кекса авлод вакиллари яхши эслашади, бир пайтлар нафақат маҳаллаларда ҳатто туман марказларида ҳам тайинли спорт мажмуаси ёки ўйингоҳ топиш амри маҳол эди. Ҳатто, спорт билан мунтазам шуғулланиш истагида бўлганлар спорт анжомлари топишга қийналишарди.   

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар кўлами анчагина салмоқли. Эндиликда, мамлакатимизда жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун кенг шароитлар яратилмоқда. Жумладан, сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, маҳаллаларда 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда 3 минг 500 та мини-футбол, 6 мингта баскетбол, волейбол, 663 та бадминтон майдони, мингдан ортиқ фитнес заллари мавжуд. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ва велосипед йўллари ташкил этилди.

Тараққиёт стратегиямизда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини кейинги беш йилда 33 фоизга етказиш мақсади белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 февралдаги фармон ва қарорига биноан, Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил этилган эди. Унинг энг муҳим вазифаларидан бири болалар ва ёшлар ўртасида спортни оммалаштиришдир.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 1 апрель куни бўлиб ўтган ва ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди.

Йиғилишда шу йўналишдаги режалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Спортни ривожлантириш вазирлигига маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан бирга йил давомида 6 миллион нафар ўғил-қизни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.

Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини яхшилаш, лойиҳалар қийматини мақбуллаштириб, майдончалар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, “қониқарсиз” деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Олимпия ва паралимпия ўйинлари, халқаро мусобақалар ғолиблари билан маҳалла ёшлари ўртасида мотивацион учрашувлар ўтказиш муҳимлиги айтилди.

Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини бажариш, албатта, маслакдошларимизга ҳам жуда катта масъулият юклайди. Қолаверса, бу борада жойлардаги партия ташкилотларида ўзига хос тажриба ҳам мавжуд. Биргина Жиззах вилоят мисолида оладиган бўлсак, O’zLiDeP ташаббуси билан ўтказилаётган “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остидаги мусобақаларда нафақат депутатлар, партия фаоллари, балки кенг жамоатчилик вакиллари, айниқса, уюшмаган ёшлар ҳам жалб қилинмоқда.

Айни пайтда маҳаллаларда фаолият олиб бораётган Ёшлар етакчилари билан биргаликда бу борадаги ишларни янада фаоллаштириш, аҳолини, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш борасида қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган. O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти” фаоллари ҳисобланган таниқли спортчилар – Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Бобоусмон Ботуров, енгил атлетика бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси Ёқутхон Холбекова ва бошқалар бу борада яқиндан кўмакчи бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш,  жойларда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш партиямиз Сайловолди платформасидан ўрин олган, бебаҳо бойлигимиз бўлган аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади.

Холбек АСАТОВ,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Ёшлар ва бизнес тузилмалари

билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    284
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+