Президентимизнинг ишбилармонлар билан мулоқоти тадбиркорликнинг янги даврини бошлаб бермоқда

21.08.2023, 09:52

Президентимизнинг ишбилармонлар билан мулоқоти тадбиркорликнинг янги даврини бошлаб бермоқда

Кейинги етти йилда  Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тадбиркорларга  мамлакатимиз тарихида мисли кўрилмаган енгилликлар, эркинликлар берилди.  “Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлиш –давлат сиёсатига хиёнат қилиш демак”,  “Мен ўз маблағи, ташкилотчилиги билан ҳеч бўлмаганда 2-3 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман”... Президентимизнинг тадбиркорларга хайрихоҳлиги, ғамхўрлиги акс этган шу ва бошқа талай сўзлари ҳаётимизга кўчди. Бу соҳани ривожлантиришга қаратилган 20 дан зиёд қонун, 100 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бизнес юритишга доир  114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 бараварга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди.

Шунингдек, Бизнес омбудсман, Бош вазир қабулхоналари сингари тадбиркорлар билан ишлайдиган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган бутунлай янги институтлар фаолияти йўлга қўйилди. Бундай қулайлик ва имкониятлар натижасида янги субъектлар кескин кўпайиб, аввалдан ишлаётганлари фаолиятини кенгайтирмоқда. Бугунга келиб,  тадбиркорлар сони қарийб 3 баравар ошди ва деярли 700 мингга етди. Ички ва ташқи бозорда ўз нуфузи ва брендига эга тадбиркорлар синфи шакллана бошлади.

Эътиборлиси, мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келяпти. Ҳозирги кунда ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилаётгани хусусий бизнеснинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ортиб бораётганини кўрсатади. Умуман олганда ҳам  тадбиркорлик – қарийб барча соҳалар локомотиви, деган гапда ҳеч бир муболаға йўқ.

Республикамизда 20 августнинг Тадбиркорлар куни этиб белгиланиши, шу сана муносабати билан давлатимиз раҳбарининг ишбилармонлар билан юзма-юз мулоқот ўтказиши  ҳам ишбилармонларга билдирилаётган юксак ишонч, ҳурмат-эътибор тимсолидир.  

18 август куни Президентимизнинг  тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида – хайрли, яхши анъанага айланган учрашувда қатнашиш учун Халқаро конгресс маркази томон йўл олар эканман, ана шу улкан ижобий ўзгаришларни, юртимизда ишбилармонлик муҳитининг юқори даражага кўтарилганини яна бир карра  хаёлдан ўтказдим.

Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари фаол тадбиркорларга юксак давлат мукофотларини топширди. Бундай эътибор ва рағбат жамиятимизда тадбиркорларнинг мавқеини янада юксалтиради, давлат идораларининг муносабатини яхшилайди,  ишбилармонликка қизиқиш, иштиёқни кучайтиради.

 Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар тўғрисидаги нутқи эса мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилаш борасида эришилган натижалар билан қаноатланиб қолмаётганимизни, тадбиркорларга аввалгидан-да қулайроқ шарт-шароит яратилишини билдириши билан ғоят аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда тадбиркорлик янада кенг қулоч ёзишидан барча манфаатдор, десам янглишмайман.  Шу боис мазкур нутқни, унда баён қилинган янги енгилликлар, имтиёзларни нафақат тадбиркорлар, балки бутун халқимиз мамнуният билан қарши олди, дейишга ҳақлимиз. 

Масалан, Юртбошимиз тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилишини қайд этди. Бундай ёндашув бизнес ривожи учун жуда катта туртки беради. Чунки шу пайтгача бу борадаги саъй-ҳаракатлар бирмунча тарқоқ, самарадорлиги талаб даражасида эмас эди. 

Партиямизга, парламент қуйи палатасидаги фракциямизга, хизмат сафарларида юрганимда шахсан менга  тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти банклардан кредит олишдаги қийинчиликлар тўғрисида. Эндиликда мазкур муаммога оддий, айни пайтда жуда самарадор ечим топиляпти:  тадбиркор кўп даромад топишидан банк манфаатдор бўладиган тизим яратилади. Бу оқилона тадбир Ўзбекистонни тадбиркорлар мамлакатига айлантиради. 

Шу билан бирга ўз бизнесини йўлга қўя олган, “кредит ва солиқ тарихи” тоза бўлган тадбиркорларга фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 фоизга камайтирилади. Бизнес билан шуғулланаётган юртдошларимиз бу жуда катта енгиллик эканини яхши биладилар, бинобарин,  бу янгилик уларни ғоят севинтиргани шубҳасиз. 

 Солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, солиқ идоралари ходимларининг ёндашувлари бутунлай ўзгартирилиши ҳам таъкидланди.

Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман соҳа вакиллари билан бирга тадбиркорларнинг очиқ-ошкора рейтингини жорий қилади. Келгуси йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар  барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади,  уларга қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади. 

Тадбиркорларга қўлланаётган жарималар улар фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлмаслиги зарурлиги қайд этилди. Шу нуқтаи-назардан уч ойда барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланади. Яъни, эндиликда солиқ идоралари тадбиркорларни қаттиқ назорат қилувчи, жазоловчи орган эмас, аксинча, ишбилармонларни тушунувчи, уларга мадад берувчи органга айланяптики, бундан руҳланмаслик мумкин эмас.   

 Шунингдек, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади.  Солиқ бўйича тадбиркорларга нисбатан даъво киритиш муддати ҳозирги 5 йилдан 3 йилга камайтирилади. Бундан ташқари, солиқ ёки кредит қарзини ундириш бўйича суд қарори чиқарилганда, пеня ва фоизлар ҳисоблаш тўхтатилади. Булардан ташқари Президентимиз  яна  кўплаб енгилликлар, янги шарт-шароитларни тилга олди.

Бу ўзгаришлар, янгиликлар, халқона айтганда, тадбиркорлар даври келди, қандингни ур, тадбиркор, дегани эмасми?

 Зикр этилган ислоҳотлар, юқорида айтганимиздек, наинки тадбиркорлик, балки бутун мамлакатимиз ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Зеро, аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, замонавий хизматлар кўрсатиш, янги иш ўринлари яратиш масалаларида асосий рол ўйнаётган тадбиркорлик  ривожланса, албатта,  бошқа соҳалар ҳам гуллаб-яшнайди. Бу ҳақиқатни юксак ривожланган мамлакатлар тажрибаси ҳам тасдиқлаяпти.

Пировардида шуни айтишни истардикки, мазкур янгиланишлар ўз-ўзидан, силлиқина ҳаётимиздан ўрин олмайди. Бинобарин, партиямиз фаоллари  янги тартиб-таомиллар жорий қилинишини ёқловчи кенг миқёсли тарғибот ишларини олиб борадилар. Бу борада изчил депутатлик ва жамоатчилик назоратини  йўлга қўйиб, янгиланишлар рўёбга чиқишига муносиб ҳисса қўшадилар.

 Актам Хаитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

спикери ўринбосари – O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    304
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+