“Ўзбекистон — 2030” стратегияси: халқимиз орзу-умидлари рўёбига хизмат қилувчи ҳаётий ҳужжат

13.09.2023, 15:41

“Ўзбекистон — 2030” стратегияси: халқимиз орзу-умидлари рўёбига хизмат қилувчи ҳаётий ҳужжат

Бугун Ўзбекистонда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида жонланиш, ўсиш, ўзгариш яққол кўзга ташланмоқда. Ҳар бир соҳада улкан янгиланишлар бўй кўрсатмоқда. Бундай тарихий эврилишлар ўз-ўзича содир бўлмайди. Бу ислоҳотлар замирида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъияти мужассам.

Бундан етти йил аввал давлатимиз раҳбари халқимиз билан бамаслаҳат “Ҳаракатлар стратегияси”ни қабул қилган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу стратегия асосида барча соҳаларда туб ўзгаришлар амалга оширилди. Мазкур ҳужжат том маънода, иқтисодиётимизни барқарор ўсишини пойдевори бўлиб хизмат қилди.

Биргина мисол. Етти йил аввал валюта бозори қай аҳволда эди? Давлатимиз раҳбарининг қатъиятликлари билан валюта бозори эркинлашди. Миллий валюта сўмни айирбошлаш имконияти яратилди. Ҳақиқий бозор иқтисодиётини барпо этиш мақсадида қабул қилинган ушбу тарихий қарорлари туфайли, макроиқтисодий барқарорлик таъминланди.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ тарғиботлар енгиллаштирилди. Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ, ҳудудларни комлекс ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Натижада иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан орқада қолаётган туманлар ва шаҳарлар тараққий этди, аҳолининг турмуш шароити яхшиланди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳаётга тадбиқ этилган ислоҳотларни одамлар ўз ҳаётида сеза бошлади. Одамлар тўғридан-тўғри давлат идоралари ва раҳбарлари билан мулоқот қилиш, ўз фикр ва мулоҳазаларини тўғридан-тўғри билдириш имкониятига эга бўлди. Бу орқали юртдошларимиз кайфияти ўзгарди, тафаккури янгиланди, мақсадлар ва интилишлари реал асосларга эга бўлди.

Орадан муайян вақт ўтиб, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Ўтган қисқа даврда ушбу дастурий ҳужжат доирасида одамларни рози қилиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, халқимизни орзу-истакларига етишиши учун салмоқли ишлар бажарилди.

Умуман, Ҳаракатлар ва Тараққиёт стратегиялари кабинетда ўтириб яратилгани йўқ. Ҳар иккала дастурий ҳужжат ҳам одамларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари асосида ишлаб чиқилди. Демак, халқимиз мазкур ҳужжатларнинг ҳақиқий ижодкори, ҳаммуаллифи бўлди, десак айни ҳақиқат бўлади.

Президентимизнинг шу йил 11 сентябрдаги фармон билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳам инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, яқин келажакда амалга оширилажак ислоҳотларнинг туб мақсадларини қамраган устувор йўналишлар ўрин олгани билан аҳамиятлидир. Ушбу ҳужжат мамлакатимиз ва халқимиз тарихининг ўзига хос янги даврини бошлаб беради.

Инсон қадрини юксалтириш, эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш энг олий қадрият сифатида қаралган ушбу ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаларида Ўзбекистон Леберал-демократик партиясининг кўп сонли фаоллари, Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, Ёшлар парламенти аъзолари ўзларининг асослантирилган таклиф ва тавсиялари билан фаол иштирок этди. Бу эса “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг халқ муаллифлигидаги тарихий ҳужжат бўлишига асос бўлди.

Ушбу дастурий ҳужжатда яқин ва ўрта истиқболда мамлакатимизнинг ривожланиш тенденциялари қандай бўлиши, бу борадаги устувор вазифалар белгиланган. Мамлакатимизда кейинги етти йилликда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган мазкур ҳужжат шубҳасиз, Ўзбекистон халқини адолатли тараққиёт йўлида жипслаштиради.

Стратегия бешта устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсадни ўз ичига қамраб олгани билан эътиборга молик. Бу мамлакатда ислоҳотлар самарадорлигини кескин ошириш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этишдек буюк мақсадларга хизмат қилади.

Ҳужжатда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижросини таъминлаш Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг Қонунчилик палатасидаги фрацияси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Зеро, Стратегиянинг ҳар бир йўналишини таҳлил қиладиган бўлсак, инсон қадрини улуғлаш, халқимизни рози қилиш, муносиб турмуш шароити билан таъминлаш каби улкан мақсад ва марралар кўзланганини кўриш мумкин.

Биргина партиямизнинг асосий мақсад ва ғояларини ўзида акс эттирган Стратегиянинг Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича белгиланган иккинчи йўналишини таҳлил қилсак, унда иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларини янги босқичга олиб чиқиш борасида қатор ташаббуслар илгари сурилаётгани диққатга сазовор.

Масалан, 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш асосий мақсад қилиб олинмоқда. Бунда келгуси етти йилликда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш ва қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш каби чора-тадбирлар белгиланганки, булар партиямиз ғояларига уйғун ва ҳамоҳангдир.

Айниқса, экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш ва 45 миллиард долларга етказиш, экспортчи корхоналар сонини 6,5 мингтадан 15 мингтага етказиш, экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини 3,3 баробар кўпайтириш, Европа давлатларига GSP+ ва бошқа тизимлари доирасида тайёр ва технологик маҳсулотлар экспортини кенгайтиришдек муҳим вазифалар ҳам партиямиз дастурий мақсадларига тўла мос келади.

Ҳужжатда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш борасида ҳам қатор вазифалар белгилаб қўйилган. Унга кўра, келгусида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кўрсаткичининг 25 фоиздан юқори бўлиши таъминланади.

Стратегияни амалга оширишда барча давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар вакиллари ҳам камарбаста бўлади. Куни кеча бўлиб ўтган ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида ҳам “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар атрофлича муҳокама қилиниб, бу борада партия ва унинг фракцияси олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Бугун нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам “Ўзбекистон – 2030” стратегияси – Янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги энг тўғри стратегия эканлигини эътироф этмоқда. Ишонамизки, ушбу ҳужжат том маънода Янги Ўзбекистонда сиёсий-ҳуқуқий ҳамда иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича дастуриламал ҳужжатга айланади.

Зотан, ушбу ҳужжат билан мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада барқарор таъминлаш йўлидаги энг долзарб масалалар ечими, уларга эришиш йўллари ва усуллари белгилаб олинди. Партиямиз ва унинг қуйи палатадаги фракцияси шу ягона мақсад йўлида янада қатъий ишонч ва катта ғайрат-шижоат билан меҳнат қилади.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон —2030” стратегияси нафақат мамлакатимизнинг келгуси етти йиллик тараққиётини шу билан бирга, унинг узоқ йиллик ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи муҳим ҳужжатдир. Унда белгиланган мақсадларнинг ижроси ўз вақтида таъминланиши давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ҳамда жадал ривожланишида, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    528
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+