Халқаро ташаббуслар дунё эътибори марказида

21.09.2023, 09:51

Халқаро ташаббуслар дунё эътибори марказида

Кейинги олти йил ичида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик мислсиз юксак даражага кўтарилди. 140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилинди, Оролбўйи минтақаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун махсус Траст фонди фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг қатор нуфузли тузилмалари аъзоси этиб сайланди ва уларнинг ишида фаол иштирок этиб келмоқда. Биргаликда глобал кун тартибга эга, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари бўйича йирик халқаро тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Мамлакатимиз тўлақонли аъзо сифатида БМТнинг мақсад ва низомларига қатъий риоя қилади, ўз овози ва мавқеига эга давлат сифатида эса фавқулодда муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари суради. Бу, айниқса, 2017 йили, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеяси 72-сессиясида илк чиқишидан буён яққол намоён бўлмоқда. Шундан сўнг Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош ассамблеясининг 75-, 76-сессиялари ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессияси Олий даражадаги сегментида ҳам иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида сўзлаган нутқидаги принципиал фикрларни алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим деб ўйламиз. Энг аввало, ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттириш ҳақидаги баёнотни зикр этиш жоиз. Бу дегани, Ўзбекистон “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари боради. Ўз навбатида, шуни таъкидлаймизки, бу, аввало, халқимизнинг манфаатларига тўла жавоб беради. Хусусан, глобал таҳдидларга қарамасдан, сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайди ва 2030 йилга қадар бу кўрсаткични яна 2 баробарга ошириш режалаштирилган. Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. 2030 йилгача уни 7 фоизга тушириш режа қилинган.

Ташқи сиёсатда Ўзбекистон учун бундан буён ҳам Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш муҳитини мустаҳкамлаш йўлидан қатъий бориш муҳим аҳамиятга эга.

2017 йилдан буён Ўзбекистон ва барча қўшни мамлакатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлинди. Хусусан, минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баробардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсди. Минтақамиз иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб бормоқда.

Шавкат Мирзиёев куни кеча  БМТнинг юксак минбарида илгари сурган глобал ва минтақавий долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларга тўхталиб ўтсак.

Биринчидан, Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Иккинчидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида уруш ҳудудларидан қайтганлар билан тизимли ишлаш бўйича Минтақавий экспертлар кенгашини тузишга қаратилган амалий қадамларни ташлади.

Учинчидан, сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига йўл қўймасликка чақирилди. Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

Тўртинчидан, инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштириши уқтирилди. Минтақамизга тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорликда фаол иштирок этадиган, қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли шериклик учун очиқ Афғонистон керак.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, 1945 йилда асос солингандан буён БМТ халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашда марказий мувофиқлаштирувчи роль ўйнайдиган том маънодаги универсал халқаро тузилмага айланди. Ўзбекистон эса БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида тенглик, ҳамкорлик, кўп қирралилик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш тамойилларига содиқлигини кўрсатмоқда

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    256
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+