Ўзбекистон ва Франция: узоқ муддатли алоқаларнинг замонавий босқичи

03.11.2023, 15:47

Ўзбекистон ва Франция: узоқ муддатли алоқаларнинг замонавий босқичи

Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган фаол ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан биридир. Демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бўйича умумэътироф этилган меъёрларга мувофиқ ривожланаётган, халқаро ҳамжамият билан дўстлик ва ҳамкорлик  тамойилларига таянган Янги Ўзбекистонни барпо этишда Европа мамлакатлари билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг мамлакатимизга расмий ташрифи мазкур тенденциянинг далилидир. Франция Республикаси Президенти билан биргаликда расмий шахсллар, етакчи компаниялар раҳбарлари, таниқли маданият ва фан  арбобларидан иборат делегация ҳам мамкатимизга ташриф буюрди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Самарқандда олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кўп  томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Қайд этиш жоизки, савдо-иқтисодий, инновацион, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлди. Халқаро кун тартиб масалалари, умумий чақириқлар ва хавфсизликка таҳдидларга қарши курашишда ҳамкорликни давом эттириш юзасидан фикр алмашилди.

Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлишини ҳамда Евроиттифоқ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланишини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр экани таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Франция раҳбарлари икки мамлакатнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари вакиллари йиғилган  қўшма бизнес-форумда ҳам иштирок этди.

Ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон-Франция савдо палатасини ташкил этилиши  ва Тошкент шаҳрида “Business France” агентлигининг офисини очиш режалаштирилаётгани  эълон қилинди.

Ташриф доирасида Самарқанддаги Регистон майдонига ташриф уюштирилиши рамзий маънога эга. Бу ерда халқларимиз ўртасидаги тарихий муштаракликни мужассам этган жиҳатлар кўп. Маълумки, Амир Темур ва Франция қироли Карл VI бир-бирига мактублар юбориб, алоқа ўрнатган. 

Бугунги кунда олий даражадаги мунтазам учрашувлар самарасида Ўзбекистон ва Франция муносабатлари кенг қамровли тус олди. Хусусан, Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар янги босқичга кўтарилганидан сўнг,  кейинги 6 йилда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги товар айирбошлаш  ҳажми 133,2% га ўсди. 2022 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2021 йилга нисбатан 122% га, экспорт ҳажми 3,3 баробарга ошди.

Ҳисоб-китобларга кўра, яқин орада 1 миллиард еврога етиши кутилаётган товар айирбошлаш жадал ўсаётганини мамнуният билан қайд этамиз. Жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 10 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.

Томонлар фаол сиёсий алоқаларни, парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий ва иқтисодий идораларнинг мунтазам мулоқотини давом эттиришга келишиб олдилар.

Гуманитар соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида уч йиллик дастур қабул қилиш ва унинг доирасида ўзаро Маданият кунларини ўтказиш таклиф қилинди. Франциянинг турли шаҳарларидан Самарқанд, Бухоро ва Хивага чартер рейсларни ташкил этган ҳолда сайёҳлар алмашинувини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

Қайд этиш жоизки,  музокаралар якунида давлатлар раҳбарлари барча эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни  тайёрлаш бўйича топшириқлар берди. Хусусан, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда молия, таълим, маданият ва икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари бўйича 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. 

Ташриф доирасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда «SUEZ» ва «Bouygues» компаниялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида декларациялар имзоланди.

Ташриф якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, етакчилар Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар ҳамда икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олдилар.

Франция делегациясининг нуфузлилиги Э.Макроннинг Ўзбекистон-Франция ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўрсатаётган  шахсий эътибори  ва алоҳида ёндашувининг тасдиғидир.

Юртимизда Франциянинг Orano, EDF, Total, SUEZ, Eiffage, Voltalia, Lactalis, Veolia ва кўплаб бошқа етакчи компаниялари муваффақиятли иш олиб бормоқда. Бироқ мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий  салоҳият тўла рўёбга чиқмаган. Қазиб олиш тармоғи, стратегик хомашё ресурсларини қайта ишлаш, гибрид, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини жорий этиш, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, туризмни ҳамкорликнинг устувор соҳалари сифатида қайд этиш мумкин.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    248
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+