Президентимиз Туркий давлатлар ташкилоти саммитида муҳим ташаббусларни илгари сурди

06.11.2023, 11:01

Президентимиз Туркий давлатлар ташкилоти саммитида муҳим ташаббусларни илгари сурди

Туркий давлатлар ташкилоти тобора муҳим давлатлараро бирлашмага айланиб бормоқдаки, бу бошқа мамлакатларнинг ташкилотга тенг ҳуқуқли аъзо ёки кузатувчи сифатида қўшилишга қизиқиш билдираётганликларида намоён бўлмоқда. Ташкилот турк аҳолиси бўлган ёки кенг маънода айтганда, турк оламига тегишли, қўшма маданий ва иқтисодий лойиҳаларни таклиф этишга тайёр давлатлар учун аввалгидек жозибадор бўлиб қолмоқда.

Минтақавий савдо муносабатлари ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш; ҳар томонлама ва баланслашган иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиётга интилиш; фан, техника, таълим ва маданият соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш – Туркий давлатлар ташкилотининг асосий вазифаларидир. 

Ўтган йили бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотинин Самарқанд саммити бу вазифаларни амалга оширишга улкан ҳисса қўшди. Ўтган давр мобайнида имзоланган муҳим ҳужжатлар изчил амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Ташкилотнинг барча аъзолари билан стратегик ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйди.

Ўзбекистон раислиги даврида туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган юздан ортиқ турли тадбирлар ўтказилди, муҳим ташаббуслар илгари сурилди, янги тузилмалар ташкил этилди, бир қатор нуфузли глобал ва минтақавий тузилмалар билан яқин шериклик алоқалари ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан Туркий давлатлар ташкилоти Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлди. Саммит кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, экология, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда янада ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Саммит делегация раҳбарларига халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш имконини берди. Кун тартибига мувофиқ, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги кўп қиррали муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган замонда тили, дини ва юраклари бир-бирига чамбарчас боғланган туркий халқларнинг овози дунё бўйлаб янада баланд, янада кучлироқ янграётганини таъкидлади. Ташкилот бугунги кунда шаклланаётган янги дунё тартиботи ва халқаро институтлар тизимида ўзига хос муҳим ўринга эга бўлиб бормоқда.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида қадимий турк давлати асосчиларидан бири Билга Хоқоннинг қуйидаги даъватини келтирди: “Эй туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа – янада юксалгайсан!”.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келаётгани, халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кўпайиб бораётганини кўрсатиб ўтди.

Фаластин-Исроил можароси кейинги пайтда хавфли тус олгани жиддий хавотирга солаётгани қайд этилди. Қуролли тўқнашувлар оқибатида тинч аҳоли, айниқса кексалар, аёллар ва болалар орасида қурбонлар ва жароҳат олганлар сони кескин ортиб, низонинг кенг ёйилиб кетиш хавфи кучаймоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон етакчиси томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериб, ўт очишни тўхтатишга, гуманитар мақсадларда муросага келишга чақирди. Фаластин-Исроил муаммосини БМТ резолюцияларига мувофиқ “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этиш зарурлиги борасида Ўзбекистоннинг позицияси қатъий экани билдирилди.

Ўзбекистон раҳбари иштирокчилар  эътиборини минг йиллар давомида тарихи ва тақдири туркий элатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган кўпмиллатли жафокаш Афғонистон халқига қаратди. Мамлакатимиз етакчиси афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик, бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ механизмларни ишлаб чиқишга чақирди.

Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ва узоқ муддатли алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Президенти қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилиб, ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштириш таклифи билдирилди.

Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тўлиқ маъқуллаб, Ўзбекистон Президенти марказ имкониятларидан савдо тўсиқларини бартараф этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича янги механизмларни кенг жорий қилиш, электрон савдо платформаларини ривожлантиришда унумли фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.

Глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб экани таъкидланди. Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш, қўшимча кўп тармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатларимиз орқали ўтадиган йўлакларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш чора-тадбирларини қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, Ташкилотнинг Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этиш ва бу тузилманинг дирекциясини Ўзбекистонда жойлаштириш таклиф этилди.

Хулоса қилиб, шуни таъкидлаймизки, саммит якунида Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор битим ва қарорлар қабул қилинди. Ташкилотга раислик Қозоғистон Республикасига ўтди. Умуман олганда, бўлиб ўтган саммит  Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатларининг ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлаш, биргаликда турли тўсиқларни самарали енгиб ўтишга тайёр эканликларини кўрсатди.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    433
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+