Иқлим муаммолари – барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдид

04.12.2023, 10:22

Иқлим муаммолари – барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдид

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича йиллик конференциясида иштирокчи давлатлар глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш ва стратегияларни ишлаб чиқиш мақсадида учрашади. Илк конференция 1995 йилда Берлинда ўтказилган.

30 ноябрь – 12 декабрь кунлари Дубай шаҳрида БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP28) бўлиб ўтмоқда. Тадбирда 70 мингдан ортиқ делегатлар иштирок этишмоқда. Анжуманда ҳукуматлар глобал ҳарорат кўтарилишини чеклаш, унга мослашиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича сиёсий ва иқтисодий чора-тадбирларларни келишиб олиш кўзда тутилган. Конференциянинг асосий мақсади Париж келишуви мақсадларига эришишдаги тараққиёт йўлини таҳлил қилишдан иборат. Саммит иштирокчилари сўнгги саккиз йил давомида қўлга киритилган ютуқларни баҳолаб, келгусидаги ҳаракатлар режасини белгилаб олади.

Олий даражадаги сессия конференциянинг энг муҳим воқеаси бўлди. Дубайда 140 дан ортиқ давлат президентлари йиғилди. 1-2 декабрь кунлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўз мамлакатларининг иқлим инқирози бўйича позицияларига оид баёнотлар билан чиқди.

Мутахассисларнинг фикрича, саммитнинг дастлабки кунларида қатор ютуқларга эришилди. Делегатлар заиф мамлакатларга иқлим ўзгариши билан боғлиқ йўқотишларни қоплашга ёрдам берадиган махсус жамғармани ишга туширишга келишиб олди. Иқлим ўзгаришига қарши кураш борасида илғор тажрибага эга ривожланаётган давлатлар қурғоқчилик, сув тошқини ва денгиз сатҳининг кўтарилиши каби табиат ҳодисалари оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш учун шу каби жамғарма ташкил этиш таклифини илгари сурган. Хусусан, 2022 йилда Шарм Ал-Шайхда (Миср) бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (COP27) иштирокчиларининг 27-конференцияси давомида – БМТ шафелигида бир неча йиллик қизғин музокаралардан сўнг ривожланган давлатлар жамғарма ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлади.

COP28 саммити президенти Султон Аҳмад ал-Жобир Бирлашган Араб Амирликлари жамғармага 100 миллион доллар ажратишини маълум қилди. Хабарларга кўра, Германия ҳам 100 миллион доллар ажратишни ваъда қилган. Америка Қўшма Штатлари ва Япония ҳам жамғармага ҳисса қўшишини эълон қилди. Ўз навбатида, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш конференция очилишида сайёрамизнинг энг заиф аҳоли қатламлари учун “иқлим адолати”ни таъминлашнинг муҳим воситаси бўлмиш “Йўқотиш ва зарарлар” жамғармасини ташкил этиш бўйича қабул қилинган қарорни олқишлади.

Экспертларнинг фикрига кўра, бу йўналишдаги жамоавий саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти шундан далолат берадики, сайёрамизнинг зарарли чиқиндилар оқибатларини бартараф этиш қобилияти тугашига тахминан олти йил қолди. 2015 йилда Парижда ўтказилган иқлим конференциясини энг муваффақиятли анжуман деб ҳисоблаш мумкин. Унда дунё раҳбарлари “глобал исиш чегараси”ни белгилаган. Улар глобал ҳароратнинг саноатдан олдинги даврга нисбатан 1,5 даражадан ортиқ кўтарилишини олдини олишни мақсад қилиб қўйган. Агар халқаро ҳамжамият иқлим йўналишини ўзгартирмаса, сайёрамиз ҳарорати шу аср охирига бориб Цельсий бўйича 3 даражага кўтарилиши мумкин.

19 асрнинг охиридан бошлаб Ердаги ўртача ҳарорат 1,1°C га кўтарилди. Бунинг оқибатлари аллақачон ҳалокатли деб баҳоланмоқда. БМТ маълумотларига кўра, қазиб олинадиган ёқилғиларни ёқиш, шунингдек, энергия ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик глобал исишга сабаб бўлмоқда ҳамда қурғоқчилик кучайишига, бўронлар, тошқинлар, ҳайвонлар кўчиши ва турларининг йўқ бўлиб кетишига олиб келмоқда. Масалан, ҳароратнинг 1,5 даражага кўтарилиши билан сайёрамиз маржон рифларининг 70-90 фоизини йўқотади (улар аллақачон нобуд бўлмоқда). Агар Ер 2 даражага қизиса, рифларнинг 99 фоизи йўқолади. Бу эса минглаб ҳайвонлар турларининг йўқ бўлиб кетишига олиб келади.

Мутахассислар Дубай саммитида давлатлар иқлим ўзгаришига қарши кураш борасида нафақат қандай чоралар кўришини, балки уларни қандай аниқ амалга ошириш борасида ҳам келишиб олишишини кутмоқда. Бироқ, афсуски, энергетика соҳасида “яшил” тараққиётга эришиш йўлида қатор тўсиқлар мавжуд.

Бу борада Шавкат Мирзиёевнинг Дубайда бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги (СOP28) нутқи алоҳида аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари иқлим муаммолари барқарор ривожланиш йўлида энг асосий таҳдидга айланиб улгурганини таъкидлади. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари Орол фожиаси туфайли Марказий Осиёда айниқса жиддий сезилмоқда. Президент “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Янги Ўзбекистоннинг устувор стратегик вазифаси эканини қайд этди.

Саммит мавзуси Ўзбекистон учун долзарбдир. Масалан, Марказий Осиёда ҳаво ҳароратининг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп, сўнгги йилларда фавқулодда иссиқ кунлар сони 2 марта ортди, музликлар майдонининг учдан бир қисми эриб йўқолди. Тупроқ емирилиши, мунтазам чанг ва қум бўронлари, ичимлик суви тақчиллиги, ҳаво ифласланиши, биохилма-хиллик қисқариши, ҳосилдорликнинг кескин пасайиши ва кўплаб бошқа муаммолар минтақада истиқомат қилаётган миллионлаб одамларнинг турмуши сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон етакчиси қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, Президентимиз Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни тезроқ келишишга чақирди.

Давлатимиз раҳбари кеча “Йўқотиш ва зарарлар” глобал жамғармасини ташкил этиш бўйича қабул қилинган қарорни юксак баҳолади. Ушбу механизмлар Жаҳон банки ва халқаро молия институтлари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши, энг аввало, иқлим ўзгаришидан катта азият чекаётган мамлакатларга салмоқли ёрдам беради.

Шавкат Мирзиёев глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши зарурлиги, бунда ривожланаётган давлатларнинг манфаатлари албатта инобатга олиниши жуда муҳимлигини қайд этди. Бу долзарб муаммони мунтазам равишда, шу жумладан “Катта еттилик” ва “Катта йигирмалик” форматлари кун тартибларида кўриб чиқиб боришни таклиф қилди. Оролбўйи ҳудудини Инновациялар, технологиялар ва янги имкониятлар минтақасига айлантириш учун давлатимиз раҳбари бу ерда илғор билим, тажриба ва ечимларни қўллаш мақсадида Иқлим технологиялари халқаро экспо-хабини яратишда барчани яқин ҳамкорликка таклиф этди.

Сўзининг якунида, Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича умумбашарий ғояларга доимо содиқдилигини тасдиқлаб, давлатимиз раҳбари келгуси йили Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ва Марказий Осиё мамлакатларининг умумий ёндашувлари ўз ифодасини топган БМТ Бош Ассамблеясининг алоҳида резолюциясини қабул қилишни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    391
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+