“Ташвиқот ишларига бутун куч ва имкониятларимизни сафарбар қиляпмиз”

08.10.2021, 11:38

“Ташвиқот ишларига бутун куч ва имкониятларимизни сафарбар қиляпмиз”

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига саноқли кунлар қолган шу паллада  O`zLiDePнинг ташкилий ва мафкуравий фаоллиги ғоят қизғин тус олди. Партиямиз ташаббусига кўра Фарғона вилоятида ҳам бу йўналишда тарғибот гуруҳи тузилди. Унга парламент қуйи палатаси депутати, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мавлуда Хўжаева раҳбарлик қиляпти. Маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз, аҳоли орасида катта нуфузга эга фаолларимиздан иборат мазкур гуруҳ тарғибот ишларининг самарадорлигини таъминлашга  муайян ҳисса қўшаётганини эътироф этиш зарур. 10 кун ичида тарғибот гуруҳи Тошлоқ, Ўзбекистон, Бешариқ, Фурқат туманлари ва Қўқон шаҳридаги ўнлаб турли ташкилотлар, муассасаларда бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.

Навбатдаги мулоқот  Ўзбекистон туманидаги Яйпан маданият уйида ташкил қилинди. Тарғиботчилар ўз чиқишларида Президент сайлови янгиланаётган мамлакатимизнинг узвий бир қисми, юртдошларимизнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этишининг асосий шакли экани, шу боис бу улкан сиёсий тадбир сайловни ташкил этувчиларга ҳам, сайловда иштирок этадиган сиёсий партияларга  ҳам, сайловчиларга  ҳам – барчага  ғоят катта масъулият юклашини  таъкидладилар.

М.Хўжаева сўз олиб, кейинги беш йилда мамлакатимизда амалга оширилган халқчил ислоҳотлар самаралари, партиямиздан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев янгиланишларни давом эттиришни мақсад қилгани тўғрисида атрофлича сўз юритди. Жумладан, Янги Ўзбекистон стратегияси таълим соҳасида ҳам янги уфқларни очаётгани тўғрисида гапирди.

Ўтган беш йил мобайнида мазкур йўналишга оид ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилинди. Таълимнинг барча тизимларида мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилди. 14 мингдан ортиқ замонавий боғчалар ишга туширилди. Мактаб ўқитувчиларининг маоши икки баробарга оширилди. Хусусий таълим муассасалари сони 7 баробарга кўпайди. 10 та нодавлат ҳамда 26 та хорижий ОТМ филиаллари ташкил этилди. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 3 мартага кўпайиб, 28 фоизни ташкил қилди. Шунингдек, бошқа кўплаб ижобий ўзгаришлар юз берди. Энг муҳими, тизимни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар давом этмоқда ва бу жараён келгусида ҳам тўхтамайди. Партиямиз номзоди бу борада кенг миқёсли, салмоқли мақсад-режаларни эълон қилди. Масалан, келгуси 5 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 80 фоизга оширилади, 7 мингдан зиёд янги боғчалар ташкил этилади, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2026 йилда 50 фоизга етказилади. Мамлакатимиздаги хорижий университет ва институтларнинг сони 200 тага етказилади.

Тарғибот гуруҳи раҳбари сўзи якунида тўпланганларни партиямиз номзоди амалга оширган ва амалга оширажак ишларни чуқур мушоҳада қилишга ва шу асосда уни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Тадбирда сайловчиларга номзоднинг сайловолди дастури тарқатилди. Санъаткорлар куй-қўшиқлари, рақслари иштирокчиларни мамнун этди.   

— Президент сайлови мамлакатимизда уйғониш даври пойдевори бунёд этилаётган масъулиятли босқичда бўлиб ўтаяпти, — деди биз билан суҳбатда М. Хўжаева. — Ҳозирги одамларнинг дунёқараши кечагидан фарқ қилади, уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлиги анча ўсган. Шу боис ҳар бир тадбирга жиддий тайёргарлик кўраяпмиз, жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни кучайтирдик. Қисқаси, партиямиздан кўрсатилган номзодга аҳоли муносабатини, ижобий фикрини шакллантириш, кишиларни сиёсий кампанияда фаол иштирок этишга чақириш, умуман, ташвиқот ишларига бутун куч ва имкониятларимизни сафарбар қилаяпмиз.

Теглар
Сайлов 2021
  • Кўрилди
    331
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+