Маҳаллам- яшил маконим

24.11.2021, 15:11

Маҳаллам- яшил маконим

Бугун экилган бир дона ниҳол эрта катта дарахтга айланади. Манзарали дарахтлар соя-салқинга, мевали дарахтлар тўкинчиликка хизмат қилади.

Барчамизга маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселекторда 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилди. Мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган.

Бугунги кунда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида кўчат экиш долзарб 40 кунлик давом этмоқда. Ташкилотлар, муассасалар, маҳалалалар бирикиб “Яшил макон” майдонини кенгайтиришда шижоат кўрсатишаяпти. Шу ўринда партиямиз фаолларининг ҳам ғайратларига тан бериш жоиз.

Сайхунобод туман “Сентоб”  маҳалласидаги “Сентоб” БПТ  бошланғич партия ташкилоти раҳбари, ЎзЛиДеП “Ёшлар қаноти” фаоли, туман Кенгаши депутати Алимбек Завқиев партиядошларимиз билан маҳалланинг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида бош қош бўлишини кўпчилик билади. У умуммиллий лойиҳада фаол иштирок этиш-келажак боғини яратиш мақсадида эканлигини дилдан ҳис этгани аниқ. Шу боис ҳам фермер хўжалиги майдонининг бир қисмини мевали ва манзарали боғ учун ажратди. Эзгу ишнинг баракаси мисолида  боғ бунёд бўлди.

Алимбек Завқиев тадбиркорлик соҳасини бошлаганда тенгдошлари унинг режаларига ишонқирамай қарашганди. Албатта, ишнинг натижасини бирдан кўриш қийин. Айниқса, деҳқончиликни. Алимбек туманда 50 гектар майдонда фермер хўжалигини ташкил этди. Пахта, ғалла экди. Ҳосилдорликни оширишга ҳаракат қилди. Дастлаб нияти кўптармоқли фермер хўжалиги ташкил қилиш бўлгани учун, унинг тармоқларини кенгайтирди. Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларини ташкил этди. Бугунги кунда Алимбек Завқиев Украинадан келтирган 33 бош зотдор моллар парваришланиб, маҳсулот олинмоқда. Сутни қайта ишлаш кичик цеҳда сут, қаймоқ ва бринза қадоқланади. Харидорлари пойтахт бозорлари, тумандаги мактабгача таълим муассасалари. Савдо пештахталарида “Сайхун қаймоғи” брендига кўзингиз тушган бўлса ажабмас.

Паррандачилик қишлоқ шароитида эҳтиёжга молик соҳа. Маҳалла кесимида аҳолининг тадбиркорлик соҳасига йўналтириш борасида ишсиз аҳолига кредитлар ажратилиб, товуқ боқиш тажрибаси ўргатиш маъқул топилди. Уларга тарқатиладиган мингта товуқни Азимбек Завқиевнинг паррандачилик хўжалигидан олинди. Ишга иштиёқ ҳам шу соҳанинг ҳадисини олишга имкон яратади. Ишчиларнинг вазифасига масъулияти, меҳнатсеварлиги туфайли ҳам товуқ, ўрдак, индюкдан  тухум ва сифатли гўшт олинаяпти.

Кўп тармоқли “Алимжон” фермер хўжалиги раҳбари Азимбек Завқиевнинг бугунги кун талабидаги тиришқоқ, меҳнатсевар ва эл фаравонлиги йўлида тинимсиз меҳнат қиладиган фидоий ёшлардан эканлиги партиядошлар учун ҳам фахр. Ахир сафимизда шундай жонкуяр тадбиркорларнинг борлиги,  шижоаати ёшларга ўрнак бўлади, руҳлантиради.

O'zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    285
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+