Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш – унинг ҳалқаро нуфузини ошириш гаровидир!

12.01.2022, 12:47

Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш –  унинг ҳалқаро нуфузини ошириш гаровидир!

Халқимизнинг ўзига хос ҳунармандчилик тарихи, мактаби ва услублари мавжуд. Кейинги йилларда ана шу бой маданий меросимизни асраб-авайлаш, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш мақсадида тегишли фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уларга янги имконият ва имтиёзлар яратилди.

Халқимизнинг қадимий ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, номоддий маданий меросимиз бўлган миллий ҳунармандчилигини кенг намойиш қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги 3991-сонли қарор асосида ҳар икки йилда бир марта маданият ва маърифат, санъат ва ҳунармандчилик маркази бўлиб келган Қўқон шаҳрида “Ҳунармандчилик фестивали”ни ўтказиш белгиланди. 2019 йил сентябр ойида биринчи марта Қўқон шаҳрида “Ҳунармандчилик фестивали” юқори савияда ташкил этилди.

Фестиваль асносида ўзаро тажриба алмашиш орқали турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни халқаро миқёсда кучайтириш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касбий анъаналар ва ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тикланмоқда. Жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан 2019 йилда ўтказилган фестивал якунига кўра Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” мақоми берилди. Жаҳоннинг 36 шаҳри сазовор бўлган бундай шарафли ном МДҲ мамлакатлари шаҳарлари орасида биринчи бўлиб шу қатордан жой олди. Қўқон ҳунармандчилиги ўзига хос тарихи, услуб ва анъаналарига эга бўлиб, бу ерда унинг 30 га яқин тури кенг ривожланган. Шаҳарнинг 400 нафардан ортиқ ҳунармандлари ота-боболаридан мерос касбнинг авлоддан авлодга ўтишини таъминламоқдалар.

2021 йил 8 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қўқон шаҳрида II Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Демак, гўзал Қўқонимизнинг янада гуллаб-яшнаши, миллий меросларимизни қайта тиклаш ишлар тизимли давом этмоқда.

2021 йил декабр ойининг сўнги кунларида Ўзбекистоннинг миллий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор асосида 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштиришга 500 миллиард сўм йўналтирилиши режалаштирилган. Имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича «oilakredit.uz» электрон платформасида ҳунармандларни онлайн навбатга қўйиш ва уларнинг лойиҳаларини кредитлаш учун алоҳида бўлим ишга туширилиши эса бу соҳанинг ҳам рақамлаштириш ва аҳолини оғирини енгил қилиш учун имкон беради. Ҳунармандчиликни ривожлантириш ва уста ҳунармандларни рағбатлантириш мақсадида «уста-шогирд» анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга – шогирдлар тайёрлаши, зарур хомашё сотиб олиши ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаши учун 6 ой давомида ҳар ойда БХМнинг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ойлик маош берилиши кўзда тутилган. Ҳунар ўрганаётган шогирдларнинг ўзларини мустақил фаолиятини бошлашлари учун зарур асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиши ва реклама харажатларининг 50 фоизигача субсидиялар ажратиш тартиби жорий этилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, барча халқларнинг бозор иқтисодиётида ҳунармандчилик муҳим ўрни тутади. Ҳунармандчилик анъаналари ва мактабларини сақлаш, унутилиб бораётган ҳунарларни қайта тиклаш, илмий ўрганиш ва изланишлар олиб бориш бугунги замон талабидир.

Фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг замонавий билимлар билан бирга, халқ амалий санъати сирларини ҳам пухта эгаллаши учун очиб берилаётган бундай кенг имкониятлар мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, ёшларни ижтимоий меҳнатга жалб этиш, туризмни ривожлантириш ва юртимизнинг ҳунармандчилик соҳасида ҳалқаро нуфузини оширишга катта ҳисса қўшмоқда.

Ш.Пулатов,

Ислом Каримов номидаги Тошкент

давлат техника университети Қўқон

филиали директори, O’zLiDeP аъзоси.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    633
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+