Сайловолди дастури ижроси: парламент назорати ва фракциялараро рақобат

13.04.2024, 21:48

Сайловолди дастури ижроси: парламент назорати ва фракциялараро рақобат

Фракциянинг қатъий позицияси,  қонун ижодкорлиги жараёнидаги  фаолиятининг сифатини  тубдан ошириш билан бир қаторда, лойиҳаларнинг пишиқ-пухта  бўлишига, ҳар томонлама  ўрганилган ҳолда қабул қилинишига туртки бермоқда.

 

Кучли парламентаризм институтини шакллантириш O‘zLiDeP диққат марказида

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда кўплаб давлат ва жамоат институтлари, жумладан, миллий парламент ҳам изчил шаклланди ва ривожланди. У замонавий давлатчилик тизимининг ҳуқуқий асослари  яратилишида ҳам муҳим роль ўйнагани эътиборга молик.

Эътироф этиш зарурки, парламентимиз фаолиятида мутлақо янги даврни, юксалиш босқичини Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномаси бошлаб берди. Мазкур тарихий маъруза парламентнинг мамлакат ҳаётидаги аҳамиятини том маънода оширди. Юртимизни ривожлантиришнинг янги сиёсий йўлидаги долзарб вазифалар бажарилишида ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлаш учун катта имкониятларни вужудга келтирди. 

Ривожланган демократик давлатлар тажрибаси шундан далолат берадики, тараққиёт суръати, ислоҳотлар самараси миллий парламентнинг ижтимоий, иқтисодий жараёнларда қанчалик фаол иштирок этишига ҳам боғлиқ. Бинобарин, партиямиз ўз дастурий мақсад-вазифаларида айнан мазкур йўналишга жиддий эътибор қаратяпти.

Хусусан,  мамлакатимизда 2019 йили ўтказилган сайлов арафасида эълон қилинган сайловолди дастуримиз биринчи бобининг биринчи қисми  айнан “Шахс, бизнес ва хусусий секторнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган профессионал парламент” деб номланган мақсад-вазифалар маж муидан иборат экани ҳам бежиз эмас. Унда, жумладан, “Биз учун Янги Ўзбекистон – кучли парламентаризм институти фаолият кўрсатаётган ва “Инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун” тамойили амал қилаётган мамлакатдир”, деган эзгу ғоя ҳам ўрин олган. O‘zLiDeP бу хоҳиш-истак йўлида  бир қанча салмоқли вазифаларни зиммасига олди ҳамда мақсадга эришиш учун қарийб беш йил давомида  собитқадамлик билан иш олиб борди. 

Қуйида партиямизнинг бу борада  берган ваъдалари, олдига қўйган мақсадлари ва уларнинг бажарилиши тўғрисида маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Жамият манфаатини янада кенгроқ ифодалаш йўлида

 

Партия сайловолди дастуридан: “Парламентаризмни  ривож лантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий партияларнинг ролини ошириш, халқ ҳокимиятини янада кучайтириш, (...) ҳокимият органларининг ҳисобдорлигини ва очиқлигини таъминлаш мақсадида жамоат ва парламент назорати тўғрисидаги қонунларни замон талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш каби ғоялар тарафдоримиз”.

Ўтган йилларда Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP  фракцияси аъзолари ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги ва “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритилиши кўзда тутилган норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Мазкур қонунларнинг такомиллаштирилиши парламент ваколатларини кенгайтириш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг  ижросини таъминлашда унинг роли ва мавқеини оширишга хизмат қилди.

Бир неча йил аввал парламент аъзолари Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида фақатгина ҳукумат аъзолари, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор ва Марказий банк бошқаруви раисининг ахборотини эшитиш ҳуқуқига эга эди. Эндиликда парламент назорати объектлари доираси анча кенгайди. Хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига ҳам парламент сўровини юбориш, уларнинг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини парламент палаталарининг мажлисларида эшитиш тартиби жорий қилинди.

2019 йилдан эътиборан ҳукуматнинг давлат дастури ижроси бўйича парламент олдида ҳар чоракда ҳисобот бериш амалиёти ҳам йўлга қўйилди. Парламент назоратининг мазкур янги шакли ҳукуматнинг халқ ноиблари олдидаги масъулиятини ошириш, давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш ҳамда депутатлар корпусининг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокини таъминлаш йўлидаги дадил одим бўлди.

Парламент назоратига оид тадбирлар жараёнида таҳлил этилаётган соҳани ривожлантириш, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда мансабдор шахслар ишига танқидий баҳо беришга алоҳида эътибор берилаётир. Бу эса, ўз навбатида,  мансабдор шахсларнинг фаолияти самарадорлигини янада оширишга, пировардида, фуқароларнинг давлат органлари фаолиятидан рози бўлишига, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Кўриб чиқилаётган даврда партиямиз фракцияси ўзининг асосий вазифасини, яъни қонун ижодкорлигини амалга ошириш баробарида ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини ҳам олиб борди. Масалан, 2021 йил давомида фракция ташаббуси асосида қонунлар, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси, шунингдек, ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аниқланган хато-камчиликлар ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган 2 маротаба “парламент эшитуви”, 2 марта “ҳукумат соати” ўтказилди ҳамда мансабдор шахсларга 6 та парламент сўрови юборилди.  2020 йили долзарб масалалар юзасидан фракция мажлисларида 20 та идора, ташкилот масъулларининг  ахбороти эшитилди.

Масалан, Инвестициялар ва ташқи савдо, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Ташқи ишлар, Адлия вазирликлари ҳамда Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликларининг “Эркин савдо зоналарини ташкил этиш ва чегараолди савдони ривожлантиришнинг долзарб масалалари тўғрисида”ги ахборотлари  эшитилди. Хуллас, халқ манфаатидан  келиб чиққан ҳолда қонунларнинг ижро ҳокимияти органлари томонидан бажарилишининг назорат қилиб борилиши мамлакат тараққиётида муҳим омилдир.

2020 йил 10 августда  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти самарадорлигини ошириш, парламент текшируви институтидан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги ташаббускорлиги ва масъулиятини янада ошириш мақсадида “Қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жараёнлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганини ҳам тилга олиш жоиз. 

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга оширишга оид  Давлат дастурининг 23-бандида қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмлари самарадорлигини ошириш баён қилинганди. Шундан келиб чиқилиб, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати жараёнларида фуқароларнинг иштирокини таъминлаш орқали жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлигини ошириш ҳамда парламент назоратини биргаликда амалга ошириш борасида Олий Мажлис палаталари томонидан келишилган ҳолда қарорлар қабул қилиш ҳамда уларнинг ижросини жойларда маҳаллий кенгашлар депутатлари билан биргаликда таъминлаш амалиёти ўрганилди ва таклифлар ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, дастурий вазифаларга мос иш юритилиб, фракциянинг партия билан ўзаро алоқалари янгича кўринишда ташкил этилди. Хусусан, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларга ҳамкорликда ечим топиш борасидаги ишлар давом эттирилди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ҳамда аёллар муаммоларига самарали ечим топишга қаратилган “Бир депутат – юз аёлга кўмакчи”, “Ишбилармон аёл”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила”, “Ёшлар билан”, “Намунали томорқачи”, “O‘zLiDeP пресс-клуби”, “Янги авлод кадрлари” каби лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинди.

Ушбу лойиҳалар доирасида фракция аъзолари жойларда ташкил қилинган, партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар билан биргаликда республиканинг барча ҳудудларига бориб, 30 минг нафардан зиёд сайловчи, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар, шунингдек, тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказдилар. Ёшларга оид қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш, қонунлар мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ва улар ижросини таъминлашга навқирон авлод вакилларини  жалб қилишга қаратилган “Парламентда менинг ўрним”, “Агар мен депутат бўлсам”, “Келажак депутатлари” каби партиявий лойиҳалар орқали мустақил фикрлайдиган, билимдон минглаб йигит-қиз кашф этилди.

 

Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи – халқ

 

Партия сайловолди дастуридан: “Қонун ижодкорлиги борасидаги фаолият сифатини тубдан ошириш, қонунчилик базасини тизимлаштириш ва қонуности ҳужжатлари сонини кескин қисқартириш, қонун ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементлари қўлланиши жорий этилишига интиламиз”.

Бу йўналиш ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало, қонун ижодкорлиги фаолияти “Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган устувор тамойилга асосланаётганини қайд этиш лозим. Янгича ёндашув  шарофати билан Қонунчилик палатаси ҳар бир меъёрий ҳужжат лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозаралар маконига, ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, ҳақиқий демократия мактабига айланмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 15 мартда “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилингани эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг “ақлли тартибга солиш” механизми ишлаб чиқилиши, тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг комплекс тизими жорий этилишига имкон яратди.

Турли шаклларда ўтказилган партиявий тадбирларда электоратимиз вакиллари қонунчилик базасини тизимлаштириш ва қонуности ҳужжатлари сонини қисқартириш бўйича  таклиф ва тавсияларини билдирган эдилар. Давлатимиз раҳбарининг “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 27 сентябрдаги фармони билан 498 та ҳужжат ўз кучини йўқотган деб топилиб,  бекор қилингани манфаатдор шахслар учун айни муддао бўлди.

Кейинги йилларда парламент қуйи палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишлари ҳам бутунлай янги йўналишда ташкил этилди, шунингдек, қонун лойиҳаларини қабул қилиш ва кўриб чиқишнинг либерал-демократик тартиб-қоидалари жорий этилди.

Масалаларни эркин муҳокама қилиш ва жамоа бўлиб ҳал этиш тамойилларига асосан ҳар бир қонун лойиҳаси ёки масала сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида дастлабки тарзда кўриб чиқилмасдан илгари Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилмаслиги принципи ҳам амалда  мустаҳкамланди.

Қонун ижодкорлигида фракциялараро рақобат, муҳокама, баҳс-мунозара ва тортишувлар сезиларли даражада кучайганини  фракциямизнинг ҳам муайян позицияси инобатга олиниб, бир қанча қонун лойиҳалари рад этилганида, ташаббускор субъектга ҳамда қонун лойиҳасининг қайта ишланиши ва такомиллаштирилиши учун масъул қўмиталарга қайтарилганида ҳам кўриш мумкин.

Фракциянинг қатъий позицияси, қонун ижодкорлиги жараёнидаги талабчанлиги норма ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан ошириш билан бир қаторда, қонун лойиҳаларининг пишиқ-пухта бўлишига, ҳар томонлама ўрганилган ҳолда қабул қилинишига туртки бермоқда.

Шу ҳам диққатга сазоворки, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг  қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулияти янада оширилди. Эндиликда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда, қоида тариқасида, ташаббускор субъект ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши белгиланди. Натижада қонун лойиҳасининг биринчи ўқиш жараёнидаги муҳокамаси том маънода жонланди.

Бошқа партиялар вакиллари каби қуйи палатадаги депутатларимиз қонун лойиҳаларини қабул қилишнинг барча босқичларида партиямиз сайловолди дастурида белгиланган вазифалар мазмунига ва электорат манфаатларига мувофиқлиги, жамият ва давлат манфаатлари мутаносиблиги етарли даражада ифода этилганлиги нуқтаи назаридан кенг муҳокамалар асосида кўриб чиқмоқда.

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг халқчиллигини таъминлаш  мақсадида  фракцияларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида янги амалиёт – “электорат билан маслаҳатлашув” институти ҳам  изчил амалга татбиқ қилиняпти. Ўтган даврда палатага келиб тушган бир қанча қонун лойиҳалари фракциялар томонидан жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама этилди. Ушбу амалиёт дастуримиздан ўрин олган  вазифаларнинг рўёбга чиқаётганини билдиради. Шунинг дек, мазкур саъй-ҳаракатлар Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишларини бутунлай янги йўналишда ташкил этишда ҳамда  қонун лойиҳаларини қабул қилиш ва кўриб чиқишнинг демократик тартиб-қоидаларини жорий қилишда фракцияларнинг ўрни ва ролини сезиларли даражада оширди.

Шу ўринда аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, одамларни ташвишлантираётган нуқсон-камчиликларни аниқлаш ва бартараф этишда халқ вакиллари саъй-ҳаракатлари катта аҳамият касб этаётганига тўхталиб ўтиш жоиз. 7-8 йил бурун депутатлар ўз сайловчилари билан йилда бир-икки бора мулоқот қилган бўлса, ҳозирда қуйи палатадаги халқ ноиблари ҳар ойнинг охирги ҳафтасини ўз сайлов округида ўтказмоқда. Мисол учун, 2021 йилда фракциямиз аъзолари ҳудудларда 19 маротаба назорат-таҳлил тадбири ўтказдилар. Қонунларнинг ижро этилиши, жойлардаги муаммолар, шунингдек, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги атрофлича ўрганилди. Бу жараёнда фуқаролар билан 2 минг 243 маротаба бевосита учрашув ўтказилди, 3 минг 242 та хонадонга кирилди ҳамда 966 та тадбиркорлик субъекти соҳиблари, ходимлари билан мулоқот уюштирилди. Ўрганишлар натижасида тизимли муаммолар ечимига қаратилган 3 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ахборот майдонида ҳам фракциямиз аъзоларининг фаоллиги сезиларли даражада ошганини таъкидлаш керак. Депутатлар ижтимоий тармоқларда шахсий саҳифаларини очиб, ўз фаолияти ҳақида сайловчиларни хабардор этяптилар, айни вақтда долзарб масалалар бўйича жамоатчилик билан фаол мулоқот олиб боришмоқда.

 

Аралаш сайлов тизими  демократик ислоҳотларни   жадаллаштиради

 

Партия сайловолди дастуридан: “Биз...  сайловларнинг пропорционал тизимига ўтиш (...) каби ғоялар тарафдоримиз”.

Ҳозирги кунда юртимизда сайлов жараёнлари мажоритар тартибда ўтказилиб, Қонунчилик палатаси депутатлари ушбу сайлов тизими асосида, яъни ҳудудий бир мандатли округ бўйича сайланади. Юртимиздаги амалиёт ва хорижий  тажриба мажоритар сайлов тизимининг ижобий жиҳатлари билан бирга  камчиликларини ҳам кўрсатмоқда. 

Чунончи, ғолиб бўлган номзодни сайлаган фуқароларнинг хоҳиш-иродаси асосида вакиллик органлари шакллантирилиб, қолган сайловчиларнинг овозлари аҳамиятга эга бўлмайди. Пропорционал сайлов тизимида эса, сайловчилар аниқ бир шахсга эмас, балки сиёсий партияларга овоз берадилар ва депутатлик ўринлари партиялар олган овозларга мутаносиб равишда тақсимланади. Мажоритар ва пропорционал сайлов тизими – аралаш сайлов тизими, деб юритилади.  

Бунда сайловчилар парламент депутатларининг бир қисмини партияларнинг номзодлар рўйхатига овоз бериш орқали сайлайдилар ва қолган мандатлар мажоритар тартибда алоҳида номзодларга овоз бериш орқали сайланади. Эътиборли жиҳати, аралаш тизим  пропорционал  тизимнинг умумий афзалликларини сақлаб қолган ҳолда, сайланган депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги алоқани таъминлаш ҳамда мажоритар сайловда муваффақият қозона олмаган партияларга ҳам ўзлари олган овозларга мутаносиб депутатлик мандатларини қўлга киритиш имкониятини яратади.

Жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган аралаш сайлов тизими  фуқароларимизнинг сиёсий фаоллиги ва парламентимиз самарадорлигини ошириш, сиёсий партиялар ўртасида рақобат кучайишига  сезиларли туртки беради. Депутатларимиз  иштирокида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган ва 2023 йил 18 декабрдан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум  ўтказиш  тартибини  янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сайлов ва референдум тўғрисидаги қонунчиликни янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқлаштиришга қаратилгани билан эътиборга молик.

Ушбу қонун билан сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда. Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар беш нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши назарда тутиляпти. Бу шубҳасиз, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқаришга кенг йўл очади.

 

Депутат сайловчиларнинг чинакам хизматкори бўлиши лозим

 

Партия сайловолди дастуридан: “Мақсадимиз – халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ваколатларини кенгайтириш, энг муҳими, мазкур тузилмаларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш... бўйича масъулиятини кучайтириш. Биз халқ вакиллик органларининг фуқаролар учун очиқлигини таъминлаш, “Электрон парламент” ва “Электрон халқ депутатлари кенгаши” каби концепцияларни ҳаётга изчил татбиқ этиш тарафдоримиз”.

Бу борадаги муҳим қадам  O‘zLiDeP фракциясининг  иштирокида қабул қилинган, 2020 йил 14 сентябрдан амал қила бошлаган “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ўз ифодасини топди.  Ушбу ҳужжат кўплаб ижобий ўзгаришларга ҳуқуқий асос яратди. Чунончи, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари котибиятлари ташкил этилди.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармонининг 2-банди ҳамда давлат дастурининг 10-,11-бандларида партиянинг “Электрон парламент” тизимини жорий этиш ташаббуси ҳаётга кўчишига хизмат қилувчи чора-тадбирлар баён қилинган.

Қонунчилик палатасида депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш, шу жумладан, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, амалга оширилаётган ишлар, кўриб чиқилаётган ҳужжатлар ва сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш имкониятини берадиган “Қонун ижодкорлиги фаолияти тизими” www.qonun.gov.uz ҳамда “Депутатлар портали” www.deputat.gov.uz  ахборот тизими ишга туширилганини ҳам тилга олиш лозим.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, партиямиз сайловда эълон қилган тегишли ваъдаларини баҳоли қудрат уддалаб, давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини кучайтириш, мазкур институтни ҳақиқий демократия мактабига айлантиришга муносиб ҳисса қўша олди. Бундан буён ҳам мазкур йўналиш O‘zLiDeP учун устувор аҳамиятга эга бўлиб қолаверади.

Дилшод ШОУМАРОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг мафкуравий ва ташвиқот ишлари бўйича ўринбосари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    167
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+