O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши фаолияти танқидий муҳокама қилинди

26.02.2018, 21:00

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши фаолияти танқидий муҳокама қилинди

Мамлакатимиз раҳбари томонидан жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан илгари сурилаётган ғояларнинг нафақат марказда, балки ҳудудларда тўлақонли амалга оширишга бевосита боғлиқ. Шу маънода жойларда, аҳоли орасига тушиб, ишларни янада жонлантириш, ҳар бир ҳудудда тадбиркор ва фермерларни ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиш, уларга ечим топиш масалалари O‘zLiDeP фаолиятида устувор йўналиш сифатида белгилаб олинган. Бунинг асосий сабаби 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида, қолаверса “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида илгари сурилган вазифаларни самарали амалга оширилиши кўп жиҳатдан бевосита ҳудудларда бу борада ишларнинг қандай бориши билан боғлиқлигидадир.

Шу туфайли O‘zLiDeP ўзининг ҳудудий Кенгашлари фаолиятини ушбу устувор вазифалардан келиб чиқиб танқидий кўриб чиқишга ва тубдан қайта қуришга ҳаракат қилмоқда.

Жорий йилнинг 24 февраль куни O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгашининг кенгайтирилган мажлиси ҳам айнан шундай устуворликлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, партия вилоят ва туман Кенгашлари масъул ходимлари, қуйи бўғин етакчилари иштирок этган ушбу йиғилишда партия вилоят Кенгашининг ўтган даврдаги фаолияти танқидий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилинди.

Мажлисда сўзга чиққан партия фаоллари беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси, қолаверса “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида Сирдарё вилоятида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишларини амалга ошириш режалаштирилганини таъкидлаб ўтди. Муҳими, вилоятдаги ҳар бир шаҳар ва туманда ушбу дастурлардан келиб чиқиб, узоқ даврдан бери кутаётган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ўзгаришларни амалга ошириш режалаштирилаётганини таъкидлашди. Бу борада партия вилоят Кенгаши олдида бир томондан вилоятда ишбилармонлик муҳитига таъсир қилаётган омилларни чуқур таҳлил қилиб, ушбу бунёдкорлик ишларида тадбиркорлик фаоллигини янада оширилишга эришиш вазифаси турган бўлса, иккинчи  томондан юқорида айтиб ўтилган стратегик дастурларда, қолаверса мамлакатимиз Президентининг тегишли фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Сўзга чиққанлар бу ишларни амалга ошириш учун вилоят партия ташкилотида етарли салоҳият мавжудлигини, хусусан, 50 та халқ ноибларидан иборат халқ депутатлари вилоят кенгашида O‘zLiDeP партия гуруҳи аъзолари 19 тани ташкил этиши, шаҳар ва туман кенгашларида партиядан сайланган депутаталар 320 та ўриндан 102 тасини эгаллагани, вилоятдаги 11 та туман ва шаҳар ҳокимларидан 8 таси O‘zLiDeP аъзолари эканлиги, қолаверса бугун Сирдарё вилоятида партия бошланғич ташкилотлари сони 550 тага яқинлашгани ва уларда 15 300 дан ортиқ партия фаоллари бирлашганлигини таъкидлаб ўтишди.

Лекин, ушбу салоҳиятни ишга солишда вилоят партия ташкилотининг етарли даражада жонбозлик кўрсата олмаётганлиги айтиб ўтилди. Тўғри, ўтган давр давомида вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” томонидан барча туманларда уюшмаган ёшларни аниқлаш, улар орасидан тадбиркорликка қизиқаётганларига имтиёзли кредитлар олиб бериш, ўз уйида тадбиркорлик, чорвачилик, деҳқончиликни йўлга қўйиш борасидаги интилишларига кўмак бериш, шу орқали ва тадбиркорлик субъектларига ишга жойлашишга ёрдам бериш орқали 168 нафар ёшлар бугун уюшмаган ёшлар сафидан чиқарилиб, ижтимоий фойдали меҳнат билан банд қилинганлиги, “Аёллар қаноти” томонидан ҳам аёлларни ишга жойлаштиришда, ўз тадбиркорлигини очишда кўмак бериш борасида, қолаверса қишлоқ аёллари учун бепул тиббий кўриклар ташкил қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

Ўтган йилда аҳолидан тушган мурожаатлар асосида O‘zLiDePдан маҳаллий вакиллик органларига сайланган депутатлар томонидан 823 та депутатлик сўрови юборилган, йиғилишларда 153 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланган. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларига киритилган 38 таклифдан 27 таси бўйича Кенгаш қарорлари қабул қилинган.

Вилоят кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан Янгиер кичик саноат зонасининг ишлаб кетишига тўсиқ бўлаётган муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, ўрганиш натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Иқтисодиёт вазирлигига, Божхона қўмитасига тегишли хатлар билан мурожаат қилинганлиги, натижада айнан депутатлар аралашуви билан Янгиер кичик саноат зонасида бир қатор йўналишларда силжишларга эришилганлиги, бу эса тадбиркорлар томонидан ҳам эътироф этилаётганлиги айтиб ўтилди. Лекин, шунга қарамасдан ушбу саноат зонасидаги вазият ҳали у ерда ўз ишини бошламоқчи бўлган тадбиркорларни, қолаверса бу ерга сармоя киритмоқчи бўлаётган инвесторларнинг ўйлаганидан анча узоқ эканлиги, бу вазиятга барҳам берилмаса, вилоят иқтисодиёти учун муҳим ўринга эга бўлган ушбу саноат зонасининг келажаги шубҳа остида қолдирилиши мумкинлиги, тадбиркорлар номидан иш юритаётган сиёсий куч сифатида O‘zLiDeP бунга йўл қўя олмаслиги таъкидланди. Бундан кейин ҳам партия ташкилоти фаолиятида қуруқ тадбирбозликдан қочиб, мавжуд кучларни айни мана шундай аниқ мақсадларга йўналтириш муҳимлиги эътироф этилди.

Амалга оширилаётган ишларга қарамасдан, улар тизимли характер касб этмаётганлиги, аксарият туман кенгашлари фаолияти бугунги талабларга жавоб бермаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Хусусан, халқ депутатлари Оқолтин, Сайхунобод, Сирдарё туманкенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари фаолияти,Янгиер шаҳар, Ховос, Сардоба туман кенгашларида бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш йўналишида, Гулистон, Боёвут туман кенгашларида ёшлар ва аёллар билан ишлаш йўналишида йўл қўйилаётган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди, бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар кўлами белгилаб олинди.

Айниқса вилоятда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик ҳаракатини янги даражага олиб чиқиш борасида партия мавжуд барча имкониятларни ишга солиш лозимлигига алоҳида урғу берилди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Шу пайтгача партия вилоят Кенгаши раиси вазифасида ишлаб келаётган Собиржон Назаров ўз аризасига биноан эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди.

Вилоятда тадбиркорлик фаолияти билан кенг жамоатчиликка яхши таниш бўлган Улуғбек Сотиболдиев O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раислигига сайланди.

Йиғилишда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Якубов иштирок этди.

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1245
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+