Ангрендаги Лашкарак қишлоғи аёлларининг 40 нафари касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланди

04.03.2022, 11:52

Ангрендаги Лашкарак қишлоғи аёлларининг 40 нафари касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланди

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” томонидан Тошкент вилоят Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими ҳамкорлигида “2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастури”нинг ижросини таъминлаш мақсадида давра суҳбати ўтказилди.

Унда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Тошкент вилоят Кенгаши вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ангрен шаҳар Кенгаши ва партия фаоллари, тадбиркор  аёллар иштирок этишди.

Тадбирни O'zLiDeP Ангрен шаҳар Кенгаши раисининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосари, маҳаллий Кенгашдаги партия депутати, “Шахлия” хусусий корхонаси раҳбари Шохиста Мадиярова олиб борди.

Давра суҳбатида сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Ибрагимова Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш долзарб устувор вазифалардан бири этиб белгиланганини қайд этди. Аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг билим ва малакасини ошириш орқалигина тараққиётга эришиш мумкинлигини таъкидлади.  

Ушбу йўналишда Ангрен шаҳрида олиб борилаётган ибратли ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Жумладан, шаҳардаги “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази”да “Лашкарак” қишлоғида истиқомат қилувчи “Аёллар дафтари”га киритилган 40 нафар аёл касб-ҳунарга йўналтирилиб, уларга малакали мутахассис-мураббийлар томонидан “Тикувчилик” ҳамда “Уй ҳамширалиги” йўналишлари бўйича ўқув машғулотлари олиб борилган.

“Тикувчилик” йўналиши битирувчиларининг ҳар бирига имтиёзли равишда тикув машиналари олиб берилган, улар ҳудуддаги ибратли тадбиркорлардан бўлган “Наргис” МЧЖ раҳбари Наргиза Назимовага бириктирилиб, унинг буюртмаларини бажаришда шериклик асосида ўз иш фаолиятларини йўлга қўйиш имконияти яратиб берилгани алоҳида қайд этилди.

 Марказнинг “Уй ҳамшираси” йўналишини тамомлаган хотин-қизларга эса массаж, энагалик соҳаларида ўзини ўзи банд қилишларида амалий ёрдам берилмоқда.

Анора Каримқулова сингари аёллар эса эчки жунидан ип йигириб, рўмол тўқиб, нафақат, ўз оиласи балки, маҳалладаги хотин-қизларни ҳам ўз-ўзини банд қилиш ишларига жалб этаётгани таҳсинга сазовор экани ҳақида сўзлади.

Буларнинг натижасида, ҳудуднинг банд бўлмаган, уюшмаган аёлларининг ҳаётга бўлган ишончи ортиб, оила ва жамиятда ўз ўринларига эга бўлишларида кўмаклашилганини алоҳида қайд этди.

Тадбир сўнггида марказ битирувчилари бўлган лашкараклик бир гуруҳ хотин-қизларга сертификат ҳамда партиянинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O'zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    493
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+