Чирчиқлик ёшлар ўртасида спортнинг турли йўналишларида мусобақа ташкил қилинди

29.04.2022, 15:45

Чирчиқлик ёшлар ўртасида спортнинг турли йўналишларида мусобақа ташкил қилинди

Маълумки, O‘zLiDeP мамлакат ёшлари ўртасида соғлом турмуш  тарзини шаклантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш бўйича изчил  ишларни амалга ошириш тарафдори.

Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими, партия Тошкент вилоят, Чирчиқ шаҳар Кенгашлари ҳамда олийгоҳ ҳамкорлигида талабалар ўртасида ўтказилган юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва воркоут спорт турлари бўйича биринчилик мусобақалари ҳам айни вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкиллаштирилди.

Мусобақанинг тантанали очилиш қисмида сўз олган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Элёр Жўраев жисмоний тарбия ва спортнинг ёшлар ҳаётида тутган ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлади. Бу борада партия жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш ишларига муносиб ҳисса қўшишни ўз олдидаги устувор вазифалар қаторида кўришини қайд этди. Партия спортга иштиёқманд бўлган, соҳада фаолият олиб боришни ўзига мақсад қилиб олган ҳар бир ёшни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Тадбирда сўз олган олийгоҳ ректори Махмуджон Болтабоев эса мазкур спорт мусобақалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, “Стритбол” ва “Воркоут” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари ижросини тизимли амалга ошириш ниятида ташкил этилгани ҳақида тўхталди. Қолаверса, талабалар ўртасида юқорида номлари тилга олинган спорт турларининг оммавийлигини ошириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан кенг қамраб олиш орқали ёшларнинг оммавий спортдаги улушини ошириш, ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш биринчиликни ўтказишдан кутилаётган натижа эканини сўзлади. Эндиликда таълим даргоҳидаги ҳар бир факультет мажбурий формалардан воз кечган ҳолда ўз йўналишига мос спорт кийимларида машғулотларга қатнашиш имкониятига эга бўлиши ҳақида маълумот берди.

Спорт мусобақаси олийгоҳнинг ўзига хос янги имиджи ва талабаларнинг кийиниш маданиятини акс эттирган парадга ҳам айланиб кетди.

Унда олийгоҳнинг ҳар бир факультети ўз йўналишига мос спорт кийимларини намойиш этишди.

Спорт мусобақаси якунида ғолиб ва иштирокчиларга партиянинг эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлари тантанали равишда топширилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    764
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+