Таълим сифатига эътибор – доимий диққатимиз марказида

27.05.2022, 17:22

Таълим сифатига эътибор – доимий диққатимиз марказида

Яқиндагина, мамлакатимиз раҳбарининг 11 майдаги фармони билан 2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур тасдиқланган эди. Унга кўра, илғор хорижий тажриба асосида таълим сифатини ошириш, ўқитувчилик касбининг нуфузини юксалтириш, инклюзив таълимни ривожлантириш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, инфратузилмани яхшилаш, соҳани рақамлаштириш бўйича долзарб йўналишлар бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилдики, бу  таълимни ислоҳ қилишда янги босқични бошлаши муқаррар.

Куни кеча мазкур янги миллий дастур ижроси кўриб чиқилган йиғилишда давлатимиз раҳбари ушбу концептуал ҳужжатни таълим жараёнига жорий этиш масалаларида ғоят муҳим бўлган қатор амалий кўрсатма ва топшириқлар бергани соҳага юқори даражада эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Хусусан, дарсликлар, машқ дафтарлари ҳамда ўқув қўлланмалари яратилишида хорижий экспертлар ва тадқиқотчилардан иборат ишчи гуруҳини шакллантириб, дарсликларни сифатли тайёрлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Зотан, ўқитувчилар нуфузи ва мавқеини юксалтириш Янги Ўзбекистонда инсон ресурсининг шаклланишида муҳим ҳал қилуви аҳамиятга эгалиги айни ҳақиқат. Дунёнинг тараққиётда илғор мамлакатлари асосий эътибор ва сармояни инсон ресурсини шакллантиришга йўналтиришган. Миллат сифатида қад ростлаш ва дунёнинг ривожланган давлатига айланишда фақатгина таълим соҳасини ислоҳ этиш, бунинг учун ўқитувчиларни жамиятда энг обрўли қатламга айлантириш орқалигина эришиш мумкин деб ҳисоблашган.

Айни шу туфайли ҳам уларда халқнинг билими ва заковати билан тараққиётга эришиш имкониятини берадиган ихтиролар ва кашфиётлар қилинишига эришилди. Мамлакат иқтисодиёти ривожланди. Қудратли давлат барпо этилди.

O’zLiDeP ҳам мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига юқори фуқаролик масъулияти ва замонавий дунёқарашга эга ёшлар кириб келаётганини алоҳида эътироф этаркан, юксак билим ва маҳоратли, замонавий кадрлар тайёрлаш ишига масъулият билан қарайди.

 Халқнинг фаровонлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр,  янги, рақобатбардош ва халқаро ҳамжамият учун очиқ мамлакатни барпо этиш, унинг барқарор ривожланишини таъминлаш вазифаларини ҳал қилишга қодир, келажаги порлоқ, аҳил жамоага таянади.

Йиғилишда педагогик таълимни трансформация қилиш, университетга қабулни такомиллаштириш, илмий салоҳиятни ошириш ва ўқишни амалиёт билан боғлаш борасида ҳам ғоят ўринли кўрсатмалар бериб ўтилди. Буни жаҳон тажрибасидаги илғор ечимлардан фойдаланиб, кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш ҳамда илмий салоҳиятни ривожлантириш, етакчи хорижий олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантириш, кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратиш, ўқув жараёнида назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган қадам деб ҳисоблаш мумкин.

Президентимиз мактаб директорларини тўғри танлаш, уларнинг касбий ва бошқарув маҳоратини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида тўхталди.

Йиғилишда сиртдан осон ва аҳамиятсиздай кўриган мазкур масала ҳам бежизга кўтарилмади. Агар умумтаълим муассаси раҳбарида бошқарув йўналишлари бўйича зарур билим, тажриба, педагогик маҳорат, кўникма ва малака етарли бўлмаса, таълим жараёнини бошқаришда юзага келадиган турли муаммоларнинг ўз вақтида, оқилона ечимини топишда унинг нўноқлиги сезилиб қолади. Шунингдек, у мактаб бошқарувини замонавий усулларда ташкил этиши зарур бўлади. Бу эса ундан илғор тажрибаларни ва фан-техника ютуқларини мунтазам ўрганиб, буни амалиётга татбиқ этишни талаб қилади. Ўқув жараёнини ривожлантиришнинг энг асосий шартларидан бири раҳбар ўз бошқарув фаолиятини илмий асосда ташкил этишидир.

Бир сўз билан айтганда, халқ таълимини ривожлантиришнинг янги миллий дастури кўриб чиқилган йиғилиш нафақат таълим тизими, балки миллат ва халқ эртанги келажаги ва тақдирини ҳал қилувчи масалаларга ижобий ечим топгани билан аҳамиятли бўлди.

Тўлқинжон Файзиев,

O’zLiDeP Тошкент вилоят

Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    547
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+